“Пора катталашган сари суверенитет билан савдолашиш бошланади” – фаоллар билан суҳбат
Ўзбекистонда млн долларлаб пора олиш одат тусига кириб қолди. Kun.uz навбатдаги суҳбатда фаоллар билан тобора йириклашиб бораётган коррупция ва унинг оқибатларини таҳлил қилди. Суҳбатдошлар фикрича, муаммонинг кўлами катталашиб бориши давлатчиликка рахна солади, унга қарши курашишнинг ягона ва ишончли йўли – сиёсий ирода.
Ўзбекистонда мансабдорларнинг пора олиши кескин камайиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятлари кўпайган. Бу ҳақда октябр ўрталарида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов маълумот берганди.
Аммо яқинда Чирчиқ, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида бўлган кейслар бунинг аксини кўрсатаётгандек. Хўш, аслида иқтисодий жиноятлар нима сабаб содир бўлади, уни тийиб туриш механизмлари қандай ва бу борада биз қандай хатолар қиляпмиз? Айни мавзуни муҳокама қилиш учун Kun.uz сиёсий таҳлилчи Ҳамид Содиқ ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли, “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан суҳбатлашди.
– Дастлаб суҳбатни Чирчиқ кейси билан бошламоқчиман. Хабарингиз бор, яқинда Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн долларни олаётган вақтда ушланиб, қамоққа олинди. Ва бу ҳолат кўпчиликда савол туғдирган бўлса керак. Яъни бошқарув вертикалида қуйироқ мансаб эгаларининг катта суммада пора талаб қилгани қанчалик ҳайратланарли? Бошқарув вертикалида шу схемани қандай кўрасизлар?
– Абдураҳмон Ташанов: Мана кўрсатувни гапнинг индаллосидан бошладингиз, яъни журналист сифатида сизни поранинг миқдорлари қизиқтираётгани кўриниб турибди. Ҳозир сиз 1 млн доллар ҳақида гапирдингиз. Ҳақиқатан 1 млн доллар – жаҳон миқёсида олинганда ҳам каттагина маблағ. Бу нимага сарфланишидан қатъи назар, пора сифатида олинадими ёки инвестициями, бошқами – нима бўлган тақдирда ҳам 1 млн доллар каттагина сумма ҳисобланади.
Ва пора миқдорларига шунчалик ажабланаётган экансиз, мен бир-иккита мисолларни келтирмоқчиман, аслида бизда бундан бир неча баробар [юқори] амалдорлар оладиган пораларнинг миқдори бор. Масалан, Kun.uz нашрининг маълумотига кўра, 2023 йил декабрида Марказий банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи, ҳозир ҳатто бу ерда исмлари ҳам ёзилган, айбсизлик презумпциясидан келиб чиқиб, ҳозир буни гапирмоқчи эмасман, 20 млн доллар миқдоридаги пора билан ифодаланган жиноятни содир этганликда айбланган. Энди ҳозир у киши ишлаб юрганмиш, балки тасдиқланмагандир. Бундан ташқари, ўтган йилнинг июл ойларида ДХХ барча ОАВга Тошкент вилоятида 10 гектар ерни олиб бериш эвазига 24 млн доллар талаб қилган давлат хизматлари ходими қўлга олингани хабарини берди.
Демак, яқин ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, Самарқанд вилояти ҳокими Туроб Жўрaев деган одамнинг хизмат хонасида бир неча млн АҚШ долларига тенг пора билан ушланган ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Мен бу ерда эътиборни пора миқдорларининг каттариб бораётганига қаратмоқчиман.
1999 йил декабр ойида Шамсиев деган Жиззах шаҳар прокурори 250 минг АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушган пайтда мамлакатда жудаям катта резонансларга сабаб бўлганди, ҳатто президент даражасига чиққан эди. Чунки у пайтда одамлар 250 минг доллар деган нарсани тасаввур қилиш имкониятлари қийин эди. Мана бугун оддий блогер ёки оддий ўқувчи ҳам млн-млн поралар ҳақида гапиряпти. ДХМнинг ходими кейинчалик оқланди, бунинг орқа томонларига кейин ўтамиз, 24 млн долларнинг бир хабарда чиқаётгани нормаллашиб боряпти. Бу – жуда ёмон тенденция.
Биз яқинда бир қитмирлик қилдик, сунъий интеллектга пора миқдорларининг ўсиб боришини солиб кўрдик, масалан 2030 йилгача шу кетишда кетадиган бўлса, ўртача пора миқдори қанча бўлади? 1999 йилдаги 250 минг доллардан бошладик, ҳозирги 2 млн, 3 млн долларларни киритдик, 2030 йилга бориб ўртача пора миқдори мансабдорлар орасида 6 млн долларга чиқди. Яъни биз бу ерда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “замҳоким”лар мавзуси эмас, балки умумий пора миқдорлари ҳақида гаплашадиган бўлсак, бу жуда ҳам аянчли рақамларни келтириб чиқаради.
Энди мен яқин ўтмишдан жуда яхши хабарим бор, биринчи маъмурият деб гапирилади, ўша пайтда биз доимий равишда коррупция бўйича халқаро рейтингларда жуда ёмон ўринларни олардик, яъни охирги 3 та ўриндан биттаси доим Ўзбекистонники бўлар эди. Нигерия ёки Озарбойжон ёки Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатларнинг Transperency International деган халқаро коррупция муаммоларини ўрганадиган ташкилот бор, улар рейтинглар тузишади. Мирзиёев бошқарувга келганидан кейин коррупция масаласига эътибор берилди, миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди. Комплекс назорат тизими жорий қилинди ва пора миқдорлари бироз камайгандек бўлди. Ҳатто, сиз юқорида ҳам айтиб ўтдингиз, яъни пора олиш эпизодлари камайган. Мен Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг статистикасини шубҳа остига қўймоқчи эмасман, лекин биз кўряпмизки, коррупцион жиноятлар камаяётгани йўқ.
Ҳатто, 500 нафардан зиёд одамлар коррупцион жиноятлари сабаб бўшатилиб, чиқарилиб, кейин яна коррупцион жиноятларга қўл ураётган ҳолатлари бўлса. Ёки неча йиллардан бери коррупциявий очиқ реестлар ҳақида гапириб келинади, бу масалага қандайдир панжара ортидан қараляптими ёки бу енгил масала сифатида кўриляптими? Аслида бу давлатни ичидан емирадиган бир муаммо деб ўйлайман.
– Ҳамид Содиқ: Коррупциянинг назарий жиҳатларига эътибор берадиган бўлсак, бутун дунёда коррупциялашган давлатлар ва коррупцияга қарши курашадиган давлатлар бор. Шу нуқтайи назардан сиёсий режим доирасида коррупцияга ҳам турлича ёндашилади. Демак, айрим давлатлар учун коррупция бу – жиноят. Айрим давлатлар учун тафаккур тарзи ва тизим ҳисобланади. Яъни биз маълум бир давлатдаги коррупция ҳақида гаплашаётганда мана шу нуқтани аниқламагунимизча, тўғри хулоса қилолмаймиз.
Демократик, қонун устувор, суд яхши ишлайдиган давлатлар учун бу – жиноят, унга жиноят сифатида қаралади. Лекин шундай давлатлар борки, бу – тизим. Яъни коррупция нафақат жиноят, тафаккур тарзи, тизим ва ёмон кўриладиган ижтимоий ҳодиса, балки керакли бўлган тизим ҳисобланади. Коррупция орқали ресурслар айланади ва ўша давлатда ислоҳотлар амалга оширилади. Яъни сиз коррупцияни тўхтатиб қўядиган бўлсангиз, бутун давлат фалажланиб қолиши мумкин. Шунинг учун мен таклиф қилардимки, пост-совет давлатларида бунга жиноят эмас, балки давлатнинг маълум бир қадамларини ташлаш учун ёрдам бераётган, қонундан ташқаридаги битта тизим сифатида шу нуқтадан ҳаракат қилиш жараённи тушунишга ёрдам беради.
Шунинг учун ҳам бундай давлатлар [коррупцияни] тўхтата олмайди, унинг сабаби бор. Политологияда патримониал режимлар деган тушунча бор ёки буни гибрид режимлар деб ҳам аташади. Бундай режимларнинг ўзига хос хусусияти – улар ўзининг ресурсларини, яъни маълум бир сиёсий доираларнинг бюрократия учун ресурсларини қонундан ташқарида олиши керак бўлади. Шунинг учун ҳам бундай давлатларда мансабдорларнинг мулкларини регистрациядан ўтказиш масаласи, коррупцияга ҳақиқий масаласи, манфаатлар тўқнашуви масалалари ҳамиша юриб кетмайди, бундай қонунларни қабул қилиш қийин бўлади. Чунки коррупция – ресурсларни тақсимлаш воситаси ҳисобланади.
Тасаввур қилинг, ўша 1 млн долларни пластикка ташлаб бўлмайди, банк орқали олиб бўлмайди. Бу ўша қонуннинг доирасига тушиб қолади. Шунинг учун давлатда маълум бир лояллик нуқтайи назаридан ишончга кирган инсонлар қаторида вертикал шакллантирилади ва бу вертикаллар ойлик учун ишламайди. Улар ўша фидойилиги, кеча-ю кундуз ишлагани, ҳар қандай топшириқни бажаргани учун табиий равишда қулай яшашни истайди. “Фарзандларим ҳам комфортда яшасин” деб шу нарсага ҳаётини бағишлайди. Шунинг учун бунинг атрофида жудаям катта пул айланади ва бу пуллар бюджет доирасида айланмаслиги керак.
Назарий жиҳатини айтсам, шу сабабли бундай давлатларда бу – керакли тизим, буни тўхтатадиган бўлсангиз, давлат фалажланиб қолади ва ресурсларнинг айланмасини таъминлайди. Кейин яна бир жиҳати, патримониал режимларда cард-бланш шакллантирилади. “carte blanche”ни оддий тилга кўчирадиган бўлсак, бу конституция статусидаги ёзилмаган бўш конституция ҳисобланади. Яъни сизнинг қўлингизда муҳр босилган, қўл қўйилган қоғоз бор, сиз ўзингизнинг ҳудудингизда хоҳлаган нормангизни ҳосил қилишингиз мумкин, лояллик доирасида. Ўзингиз бошқарасиз, бундай шароитда унинг иқтисодий томонини таъминлайдиган тизим коррупция бўлади. Бу ерда ҳаттоки катта-катта ишлар мана шу тизимнинг платформасида қилиниши мумкин бўлади.
Шунинг учун биз пост-совет давлатларида коррупцияга қарши курашишда коррупцион тизим ҳақида гаплашишимиз керак. Коррупцион тизимни ўзгартириш учун яна битта тизим керак. Яъни жиноятга жазо керак, бизда коррупция жиноят эмас-ку... Масалан, қайси “замҳоким” бизда тоза ишлайман деб боради? Ҳеч ким буни хаёлига келтирмайди. Яъни мана шу рискни билиб боради, демак, билади тизим қандай ишлашини. Фикримни тугатадиган бўлсам, жиноятга қарши курашасиз, тизимга эса алтернатив тизим берасиз, бунинг учун Американи қайта очиш шарт эмас. Бундай тизимлар дунёда тиқилиб ётибди, бунга фақат сиёсий ирода керак.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов, Асрор Алмуродов.
Тавсия этамиз
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
Жамият | 09:52 / 10.04.2025
Хитой ўз фуқароларини АҚШга бормасликка чақирди
Жаҳон | 22:59 / 09.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бир йилга узайтирди
Жаҳон | 22:54
-
Дунёдаги энг тез фуқаролик самолёти учишга тайёр
Жаҳон | 21:42
-
Пискентдаги автомобил синовининг видеоси тарқалди. Масъуллар “нотўғри талқин” бўлаётганини айтмоқда
Ўзбекистон | 21:25
-
Эрон ва АҚШ Уммонда ядровий келишув бўйича илк музокараларни ўтказди
Жаҳон | 21:19
Мавзуга оид

22:02 / 11.04.2025
Юридик университетнинг икки ўқитувчиси инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни судга берди

16:53 / 08.03.2025
“Коррупция барибир йўқолмайди деган кўникиш пайдо бўлиб қолди” - экспертлар билан суҳбат

13:47 / 27.01.2025
Абдураҳмон Ташанов ўзига босимлар бошланганини маълум қилди

17:47 / 09.01.2025