Пискентдаги автомобил синовининг видеоси тарқалди. Масъуллар “нотўғри талқин” бўлаётганини айтмоқда
Autodeklarant канали Пискентга олиб борилган камида учта автомобил номига текширилгани ёки умуман текширилмасдан чиқариб юборилганини айтиб, видео эълон қилди. Техник тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги UzTest маркази видео ноябр ойида олингани, ҳозирги текширувларга алоқаси йўқлигини айтиб баёнот берди. Расмий изоҳда шаффофликни ошириш, масалан ичкаридаги жараённи мониторларда кузатиб туриш имконини яратиш ҳақида гап-сўз йўқ.

Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқлардаги Autodeklarant канали 11 апрел куни Пискент автополигонида автомобиллар “қандай текширилиши” ҳақида видео эълон қилди.
Канал муаллифи Азизбек Бердиевнинг сўзларига кўра, “ичкарида ҳеч нима текширилмайди ва [автомобиллар] вақт ўтказиб чиқариб юборилади”. UzTest маркази унинг бу иддаосини рад этиб, блогер устидан тегишли органларга шикоят қилишини билдирди.
Эълон қилинган видео полигонга синов учун олиб кирилган автомобиллардан бирининг камерасида олинган. Видеода учта автомобил марказга олиб кирилганидан кейин, бир ходим учала машинани бир-бир телефонда суратга олиб, уларнинг капот қисмига ниманидир қўйгани, кейин эшигини очган ҳолда автомобил салонига назар ташлагани, сўнг зал бурчагидаги хонага кириб кетиб, бир неча дақиқадан кейин қайтиб чиққани ва капотга қўйилган кичик элементни олиб, автомобилни ташқарига ҳайдаб чиққани кўринади.
UzTest марказига кўра, бу видеода 2024 йилнинг ноябр ойидаги ҳолат акс этган бўлиб, у ҳозирги текширувлар билан “мутлақо боғлиқ эмас”. Шу билан бирга, давлат ташкилоти видеодаги ҳолатнинг ҳозирги текширувларга алоқаси йўқлигини кўрсатувчи бирор далилни тақдим этмади.
Маълумот учун, полигонга машинасини олиб келган фуқаролар учун ичкаридаги жараённи камералар орқали кузатиб туриш имконияти яратилмаган. Қолаверса, бир нечта машина бир вақтда олиб кирилиб, саноқли дақиқаларда қайтариб чиқарилган ҳолатлар борлиги аввал ҳам шубҳа-гумонларга асос бўлганди.
Муассаса ўз баёнотида “жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган мазкур лавҳани нотўғри талқин қилган ҳолда кенг жамоатчиликка тарқатган блогер ишига тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши”ни маълум қилган.
UzTest'нинг қўшимча қилишича, тегишли регламентга асосан, Ўзбекистонга кириб келаётган транспорт воситалари электромагнит мослиги бўйича синовлардан ўтказилиши белгиланган.
Аввалроқ Пискентдаги марказ Leapmotor C16 русумли автомобилда ҳосил бўладиган электромагнит шовқин даражасини рухсат этилганидан 16 баробарга юқори деб баҳолаган, натижада Техник жиҳатдан тартибга солиш агетнлиги Leapmotor бренди остидаги барча автомобилларни сертификатлаш учун аризалар қабул қилишни тўхтатган эди.
Хитой компанияси бунга жавобан расмий тасдиқланган стандартлар асосида такрорий текширув ўтказилишини маълум қилди. Leapmotor ўз баёнотида бу текширувнинг шаффоф, адолатли ва холис ўтишига умид билдирган.
Айни мавзу куни кеча Kun.uz студиясида техрегуляция агентлиги вакили иштирокида кечган подкастда қизғин муҳокама қилинган эди.
Мавзуга оид

21:10 / 12.04.2025
Якуний энерготарифлар, Tahoe дефицити ва $50 миллиардга яқин захира — ҳафта дайжести

22:40 / 08.04.2025
Импортга чекловлар: масъул ва фаоллар ўртасида қизғин тортишув

09:00 / 07.04.2025
2025 йил учун энг ишончли автомобиллар эълон қилинди: улар орасида Tahoe ҳам бор

08:20 / 07.04.2025