Ўзбекистон | 22:02 / 11.04.2025
7379
3 дақиқада ўқилади

Юридик университетнинг икки ўқитувчиси инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни судга берди

Университет ўқитувчилари Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев Facebookʼда эълон қилинган пост сабабли ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановни судга берди. Улар қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйига путур етганини даво қилган. Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида бошланган процессга ОАВ вакиллари киритилмади, суд ёпиқ тарзда ўтиши маълум қилинди.

Чапдан: Раззоқ Алтиев, Абдураҳмон Ташанов ва Отабек Нарзиев / Фотоко

Тошкент давлат юридик университетининг икки нафар профессор-ўқитувчиси, Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев 2025 йил 28 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов томонидан Facebookʼда эълон қилинган «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли пост сабаб ҳуқуқ ҳимоячиси устидан судга даъво аризаси киритди.

Gazeta.uz нашрининг хабар беришича, 11 апрель куни мазкур ишни фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида судья Бехзод Сагатов раислигида кўриб чиқиш бошланган.

Даъво аризасида ёзилишича, Абдураҳмон Ташанов томонидан ёзилган пост ва унга ёзилган изоҳларда Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев ҳамда университетнинг бошқа профессор-ўқитувчиларининг қадр-қиммати камситилган, ишчанлик обрўйига путур етган ва ҳақоратли сўзлар ёзилгани қайд этилган.

11 апрель куни бўлиб ўтган биринчи инстанция судига жараённи ёритишга борган қатор ОАВ вакиллари ҳамда жамоатчилик фаоллари, шунингдек, АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихоналари ҳамда Европа иттифоқининг мамлакатдаги делегацияси вакиллари ҳам суд залига киритилмади. Суд ёпиқ тарзда кўриб чиқилиши маълум қилинди.

«Улар доимий равишда Facebookʼдаги чиқишларим ҳақида постлар ёзиб, мени «нопрофессионал», «хайпчи», «популист»ликда айблаб келишди. Кейинчалик ҳамкасбларим ва дўстларимнинг маслаҳати билан уларнинг мен ҳақимдаги турли фикрларига нисбатан пост ёзишга қарор қилдим. Ёзганларимда уларга нисбатан ҳеч қандай ҳақоратли сўзлар йўқ эди. Кейин бу икки ўқитувчи постим бўйича судга даъво аризаси киритди. Уларнинг ишчанлик обрўйи, шаъни ва қадр-қиммати тўкилган эмиш, 200 миллион сўм маънавий зарар кўрган экан», — деган Ташанов ОАВга берган интервьюсида.

Даъво аризасига кўра, профессор-ўқитувчилар — Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев жавобгар Абдураҳмон Ташановдан «Сизга ачинаман, жаноблар!» сарлавҳали пости бўйича раддия эълон қилиш, узр сўраш ва уни ўчириб ташлаш ҳамда маънавий зарар учун 200 миллион сўм ундиришни талаб қилмоқда.

Суд 14 апрель, душанба кунигача танаффус эълон қилди. 

Мавзуга оид