Ўзбекистон | 23:39 / 05.08.2025
1076
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳокимлар алмашинуви, Тошкентда 560 минг долларлик ўғирлик ва андижонча мажбурий меҳнат – маҳаллий дайжест

Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги халқаро конференцияда иштирок этди ва «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени билан тақдирланди. Андижонда ўқитувчиларни мактабни таъмирлашга мажбурлаган директор ишдан олинди ва жаримага тортилди. Самарқандда “база ишламаяпти” деган баҳона билан ҳайдовчилар жарима тўлай олмаяпти. Тошкентдаги офисдан 560 минг долларни ўмариб кетган шахслар ушланди. Kun.uz ёритган ушбу муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев Туркманистондаги халқаро конференцияда иштирок этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» миллий туризм ҳудудида ўтаётган Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТ учинчи конференциясида иштирок этди. Давлат раҳбари денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг умумий таҳдид ва муаммоларини бартараф этиш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган махсус тадбирда иштирок этди.

Конференция доирасида Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени топширилди.

Самарқанд вилоятининг бир неча туманларига янги ҳокимлар тайинланди

Тойлоқ туманида Баҳодир Бобоназаров ўрнига Беҳзод Раҳматуллаев, Пайариқ туманида Исроил Жабборов ўрнига Шунқор Худойбердиев янги ҳоким сифатида иш бошлади.

2023 йил август ойидан Пайариқ туманига раҳбарлик қилиб келган Исроил Жабборов тадбиркор мулкини суднинг ҳал қилув қарори кучга кирмасдан ичидаги техникалари билан бирга буздириб ташлагани билан ОАВ эътиборига тушганди.

Ургут туманини 2020 йилдан буён бошқариб келган Ботир Жабборов бошқа ишга ўтди. Унинг ўрнига Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари Дилмурод Сайидқулов янги ҳоким этиб тайинланди.

Ихтиёрийми ё мажбурий?

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб директори З.Мамажонова ишдан бўшатилди. Гап шундаки, аввалроқ ўқитувчилар мактабни таъмирлаётгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси «ҳашар ихтиёрий равишда амалга оширилганини» маълум қилди.

Бироқ Меҳнат инспекцияси ўқитувчилар таъмирлаш ишларига мажбурлангани, акс ҳолда дарс соатлари камайиши ҳақидаги таҳдидга учраганини маълум қилди. Шунингдек, З.Мамажонова 41 млн 200 минг сўм жаримага тортилди.

Самарқандда “ГАИ”нинг базаси ишламаяпти

Жорий йилнинг 1 август куни Самарқанд шаҳрида ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган рейд чоғида 50 дан ортиқ автомобил жарима майдончасига олиб кетилган. Kun.uz’га мурожаат қилган ҳайдовчиларга кўра, улар жарималарни тўлашга тайёр, бироқ беш кундан бери машиналарини “стоянка”дан олиб чиқишолмаяпти.

Самарқанд шаҳар ЙҲХБга мурожаат қилиб келаётган ҳайдовчиларга “акт ҳали келмаган” ёки “база ишламаяпти” деган важлар билан машиналарини қайтариб олишга рухсат берилмаяпти.

5 август куни ҳолатига кўра, жарималар электрон базада кўриниб турган бўлса ҳам, акт расмийлаштирилмагани боис автомобиллар ҳали ҳам жарима майдончасида турибди. Бу вақт ичида машиналар учун ҳар кунлик тўлов (стоянка учун) юзага келмоқда.

“Биз қоидабузарлик қилган бўлсак, жавобгарликни тан оламиз. Жарималарни ҳам тўлашга тайёрмиз. Лекин фақат бир қоғоз – акт йўқлиги учун 5 кундан бери кутиб турибмиз. Ҳар бир куни пулга айланяпти”, – деган ҳайдовчилардан бири.

Мурожаатчиларга кўра, шу рейдда “стоянка” қилинган баъзи ҳайдовчилар таниш-билиш орқали машиналарини олиб кетишган.

Тошкентдаги офисдан 560 минг долларни ўмариб кетган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўғрилик жинояти содир этилди. Гумонланувчилар офисдан 560 минг АҚШ доллари бор сейфни ўғирлаб кетди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятга икки нафар шахс қўл ургани аниқланган. Улар сейфни уй ертўласида кесиб очган, пулларни ўзлаштирган, сўнг сейфни каналга ташлаб юборган.

Мавзуга оид