Ўзбекистон | 22:42 / 31.07.2025
5270
4 дақиқада ўқилади

Парламентдаги мухолифат, пулли йўлларнинг кечиктирилиши, ўзбек спортидаги хуш ва нохуш хабар – маҳаллий дайжест

Парламентда мухолифат деб эълон қилинган сиёсий партия фракциясига бир қанча қўшимча ҳуқуқлар бериладиган бўлди. «Тошкент–Самарқанд» ва «Тошкент–Андижон» пулли автомобил йўллари қурилиши кечиктирилди. Хориж давлатларида оғир шароитда қолган Ўзбекистон фуқароларини «Ватанга қайтариш» акцияси бошланди. Футболчи Аббосбек Файзуллаев Туркия чемпионатига йўл олди. Олимпиада чемпиони, боксчи Лазизбек Муллажонов намунасида допинг аниқланди. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар оммавий муштлашди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқлари кенгайтирилади

Парламентда мухолифат деб эълон қилинган сиёсий партия фракциясига бир қанча қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи қонун қабул қилинди.

Жумладан, мухолифат вакиллари Қонунчилик палатасининг 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимини кафолатли эгаллайди. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳаси ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш, шунингдек, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга пулли йўллар қурилиши кечиктирилди

«Тошкент–Самарқанд» ва «Тошкент–Андижон» пулли автомобил йўллари қурилиши аввал режа қилинганидек 2025 йилда эмас, 2026 йилда бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026−2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида қайд этилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги халқаро автомагистрал йўлларни таъмирлаш ва қуришни, шунингдек, мавжуд йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва хавфсизлигини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга оширишни ҳам режалаштирмоқда. Бу халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан ва илғор тажрибани инобатга олган ҳолда бажарилади.

Ўзбекистонда «Ватанга қайтариш» хайрия акцияси бошланди

30 июл – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан жорий йил 30 июлдан 30 августгача «Ватанга қайтариш» номли хайрия акцияси ўтказилади.

Акция Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Акция доирасида хориж давлатларида оғир шароитда қолган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш ва уларни самарали реинтеграция қилиш режалаштирилган.

Ўзбек спортидаги хуш ва нохуш хабар

Олдин хушхабар: Ўзбекистон футбол миллий жамоаси яримҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев фаолиятини Туркияда давом эттиради. Мамлакат Суперлигаси вакили «Истанбул Бошоқшеҳир» клуби 21 ёшли футболчи билан 5 йиллик шартнома имзолади. Аббосбек Туркия клуби таркибида яна бир ўзбекистонлик футболчи – Элдор Шомуродов билан бирга тўп тепади.

Энди нохуш хабар: Олимпиада чемпиони, боксчи Лазизбек Муллажонов намунасида допинг аниқланди. Бутунжаҳон антидопинг кодекси қоидаларига кўра, 26 ёшли спортчи вақтинчалик барча мусобақалардан четлатилди. Унга узоқ муддатли дисквалификация хавф солмоқда.

Лазизбек Муллажонов 2024 йилги ёзги Олимпиадада 92 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган эди. Шунингдек, 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади.

Яккабоғдаги оммавий муштлашув видеоси ижтимоий тармоқда тарқалди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар оммавий муштлашди. Бунга янги йўналишни эгаллаш учун рақобат сабаб бўлгани айтилмоқда.

Қашқадарё вилояти ИИБ терговга қадар суриштирув ҳаракатларини олиб бормоқда. Жабрланувчилар ёки қўлга олинганлар ҳақида расмий маълумот берилмади.

Мавзуга оид