Ўзбекистон | 22:02 / 04.08.2025
936
5 дақиқада ўқилади

Чорвоқдаги курорт талаблари, Сурхондарёдаги ёнғин ва QR кодли қурилиш объектлари – маҳаллий дайжест

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Сурхондарёдаги уч қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлди. 2024-2025 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талабалар учун таълим грантларини қайта тақсимлаш бўйича талабгорларни рўйхатдан ўтказиш муддати 2025 йил 10 августга қадар узайтирилди. Қурилиш объектларида QR кодли паспорт ўрнатилади. Мирзо Улуғбекнинг «Улуғбек Зижи» асари илк бор тўрт тилда нашр этилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев Туркманистонга боради

Шавкат Мирзиёев 4–5 август кунлари Туркманистонда ўтадиган Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича БМТ конференциясида иштирок этади. Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш бўйича тадбирда ҳам қатнашади.

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Озарбойжоннинг «Agalarov Development» МЧЖ ҳамда унинг қўшма корхонаси «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан Чорвоқ сув омбори атрофида 577 гектар майдонда қуриш режалаштирилган лойиҳа қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Қарорга кўра, курорт ҳудудида атроф-муҳит ҳолати, жумладан, сув сифати устидан давлат органлари томонидан доимий назорат ўрнатилади. Яшил майдонлар экологик ва эстетик қиймати даражасига кўра таснифланади ва энг муҳим намуналарга нисбатан кесиш эмас, балки кўчириб ўтказиш чоралари кўрилади. Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади.

Экологик талабларга риоя этилмаслиги лойиҳанинг тўхтатилишига ва ерга бўлган ижара ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.

Грант тақсимоти учун ариза бериш муддати 10 августгагача узайтирилди

Давлат қабул комиссиясининг баёнига асосан, 2024-2025 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талабалар учун таълим грантларини қайта тақсимлаш бўйича талабгорларни рўйхатдан ўтказиш муддати 2025 йил 10 августга қадар узайтирилди.

Грант тақсимлаш учун ариза беришга улгурмай қолганлар 10 августгача ҳужжатларини тақдим этиши мумкин. Аризалар олийгоҳларнинг веб-сайтлари орқали ёки kontrakt.edu.uz сайтида қабул қилинмоқда.

Қурилиш объектларида QR кодли паспорт ўрнатилади

QR кодли паспорт ҳудудий назорат инспекциялардан рўйхатдан ўтган кунда буюртмачи томонидан объектнинг кириш қисмига ёки барча учун кўринадиган жойда ўрнатилиши назарда тутилган Низом тайёрланмоқда.

Унга кўра, QR кодли паспорт буюртмачи томонидан тайёрланади. Бунда, QR кодли паспортда қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлиши лозим: объект номи ва манзили; буюртмачи ташкилоти номи; лойиҳа ташкилоти номи; пудратчи ташкилоти номи; буюртмачининг техник назоратчиси фамилияси, исми-шарифи ва хизмат телефон рақамлари; лойиҳачининг муаллифлик назоратчиси фамилияси, исми-шарифи ва хизмат телефон рақамлари; пудратчининг ички назоратчиси фамилияси, исми-шарифи ва хизмат телефон рақамлари; қурилиш муддати (бошланган сана ва якунлаш санаси); объектнинг умумий кўринишлари; объектнинг қирқими; объектнинг бош тархи; объектнинг бош тархи қайдномаси; QR код («Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформасида акс этувчи ҳавола); ҳудудий назорат инспекциядан рўйхатдан ўтган санаси ва рақами.

Мирзо Улуғбекнинг «Улуғбек Зижи» асари илк бор тўрт тилда нашр этилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти олимлари томонидан «Улуғбек Зижи» («Зижи жадиди Кўрагоний») асари илк бор ўзбек, рус, инглиз ва хитой тилларида нашр этилди.

Ушбу тарихий китоб XV асрнинг буюк астроном олимнинг асари бўлиб, Амир Темурнинг набираси, Мовароуннаҳр султони Мирзо Улуғбек (1394-1449) бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар томонидан яратилган.

Асар тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчисида хронология ва тақвимлар, турли халқларнинг йил ҳисоби, иккинчи қисмда сферик астрономия ва математик география масалалари ҳамда математик ва географик жадваллар берилган.

Андижонда ўқитувчилар мактабни таъмирлашга чиқарилди

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ аёллар мактабда таъмирлаш ишлари билан банд экани акс этган видеолар тарқалди. Улар мактаб хоналари ва залларидаги девор ҳамда шифтларни тозалаш ва оқлаш билан шуғулланган.

Бу аёллар Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчилари экани маълум бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур видео юзасидан муносабат билдириб, ҳолат қатъий назоратга олингани ҳамда атрофлича ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди.

Сурхондарёдаги уч қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлди

Шўрчи тумани Боботоғ маҳалласида рўй берган ёнғинни ўчириш учун 10 та ёнғин-қутқарув экипажи қарийб 2,5 соат вақт сарфлади.

Мавзуга оид