Жаҳон | 13:22 / 12.06.2025
3941
9 дақиқада ўқилади

Ироқдаги фуқароларини эвакуация қилаётган АҚШ, ФСБ ва Telegram можароси ҳамда инқирозга юзланаётган Исроил армияси – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил армияси инқирозга юз тутяпти

2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армиясининг 10 мингдан ортиқ ҳарбий ходимлари ҳалок бўлди ёки яраланди, дея хабар бермоқда "Анадолу" агентлиги. Ишғол остидаги Ғарбий соҳилда операциялар кучайиши ва Ғазо ишғолини доимий қилиш ҳаракатлари фонида, армия чуқурлашиб бораётган инсон кучи инқирозига дуч келмоқда.

Ғазодан Ливан ва Сурияга ҳужумларни кенгайтириб, Ғарбий соҳилни ишғол қилишни давом эттиргач, Исроил армияси жиддий кадрлар танқислигига дуч келмоқда. Ўтган ой қўмондонлик 12 000 аскар камлигини айтди, улардан 7 000 нафари жанговар аскарлар бўлиши керак. Инқироздан чиқиш учун Исроил ўта ортодоксал яҳудийларни ёллашни бошлади ва захирадагиларнинг хизмат қилиш муддатини узайтирди.

Бироқ, бу чоралар кутилган натижани бермади. Ортодоксал яҳудийларнинг (ҳаредим) ҳарбий хизматга чақирилиши ва захирадаги хизматчилар муддатининг узайтирилиши ички норозиликни келтириб чиқарди. Ҳаредим ҳукуматни ағдариш билан таҳдид қилмоқда. 2024 йил 25 июнда Олий суд ҳаредимларни мажбурий хизматдан озод қилиш қонуний асосга эга эмаслиги ва хизматга яроқли бўлганлар чақирилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарганди. Мудофаа вазири Исраэл Кац 2024 йил 15 ноябрда 7000 ҳаредимни армияга чақириш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу қарор ултра ортодоксаллар ва коалициядаги ҳаредим партияларининг кескин муносабатига сабаб бўлди.

2025 йил январ ойидан бошлаб жиноий жавобгарликка тортилиш таҳдидига қарамай, аксарият ҳаредимлар хизмат қилишдан бош тортишда давом этмоқда. Ҳаредим лойиҳаси учун масъул Авигдор Дикштейннинг сўзларига кўра, 2024 йил июлидан буён чақирув қоғозини олган 24 000 ултра ортодоксал эркаклардан фақат 1 212 (5 фоиз) нафари чақирув жараёнини бошлаган.

Айни вақтда Исроилнинг халқаро майдондаги обрўйи ҳам тушиб бормоқда. Қарийб ёлғизланиб қолган давлат амалдорларига санкциялар киритиш ҳам бошланди.

Хусусан, куни-кеча Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия Исроил молия вазири Бетсалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан санкциялар жорий қилди. Улар «Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида фаластинликларга қарши зўравонликка ундагани» айтилмоқда.

Telegram ФСБ билан алоқа ҳақидаги айбловларга жавоб қайтарди

Telegram мессенжери вакиллари унинг «хизмат кўрсатувчиси» «Telegram маълумотлари ёки махфий инфратузилмасига кириш» имконига эга эмаслигини даъво қилди. Бу ҳақда компания баёнотига таяниб, BBC хабар берди.

Изоҳ «Важные истории» нашри томонидан ўтказилган суриштирув эълон қилингандан сўнг пайдо бўлди. Унда мессенжер трафиги бизнесмен Владимир Веденеевнинг Global Network Management компаниясининг IP-манзиллари орқали ўтиши, у гўёки Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ), Федерал қўриқлаш хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги фойдасига ишлайдиган ёпиқ таҳлилий марказга хизмат кўрсатиши айтилади.

«Барча Telegram серверлари Telegramʼга тегишли бўлиб, уларга Telegram ходимлари хизмат кўрсатади», — дея маълум қилди материалдан сўнг Павел Дуров компанияси ва улар «дунё бўйлаб ўнлаб турли хизмат кўрсатувчилар билан шартномалар тузганини» қўшимча қилди. Корпорация вакиллари, шунингдек, улар ҳеч қачон «учинчи шахсларга шахсий хабарларни» ошкор қилмаганини ва унинг «шифрланиши ҳеч қачон ҳакерлик ҳужумига учрамагани»ни таъкидлаган.

АҚШ Ироқдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилмоқда

АҚШ Бағдоддаги элчихонасининг зарур бўлмаган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини хавфсизлик таҳликалари кучайгани сабабли Ироқдан эвакуация қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳукумати манбаларига таяниб СБС нашри хабар берди.

Расмийлар эвакуацияга айнан нима сабаб бўлганини очиқламаган. Бироқ BBC хабарига кўра, чоршанба куни АҚШ расмийларига Исроил Эрон ҳудудида ҳарбий операция бошлашга тайёр экани ҳақида маълумот берилган. Бу маълумот АҚШнинг айрим фуқароларини минтақани тарк этишга чақиришига сабаб бўлган. АҚШ, шунингдек, Эрон томонидан Ироқда жойлашган айрим АҚШ объектларига жавоб ҳужуми уюштириши мумкинлигидан хавотирда.

Бу орада, АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий дастур бўйича музокаралар сўнгги кунларда тўхтаб қолгандек кўринмоқда. CБС маълумотига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф якшанба куни музокараларнинг олтинчи босқичи учун эронлик расмийлар билан учрашишни режалаштирмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийси BBC'га берган изоҳида «ҳар доим элчихоналардаги ходимлар сонининг тўғрилиги баҳолаб борилиши ҳамда Ироқда элчихона фаолияти кўламини қисқартиришга қарор қилингани»ни айтган.

Аввалроқ Кеннеди марказида чиқиш қилган Доналд Трамп ҳам хавфли ҳудуд бўлиши мумкинлигидан, америкаликларга минтақани тарк этишни тавсия қилганди. Шунингдек, Трамп Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқишига йўл қўйилмаслигини яна бир бор таъкидлаган.

Туркия Индонезияга қирувчи самолётлар етказиб беради

Туркия ва Индонезия ўртасида 48 дона KAAN қирувчи самолёти етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди.

«Дўст ва биродар Индонезия билан имзолаган шартномамиз доирасида Туркияда ишлаб чиқарилган 48 дона (маҳаллий ҳарбий) KAAN самолёти Индонезияга экспорт қилинади», — деди Туркия етакчиси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шунингдек, Эрдўған Туркия тарихидаги рекорд экспорт шартномасини имзолашда ҳисса қўшган ташкилотлар ва ишлаб чиқарувчилар — Мудофаа саноати бошқармаси, Туркия аэрокосмик корпорацияси ҳамда Индонезия президентига миннатдорлик билдирди.

KAAN — Туркия аэрокосмик корпорацияси (ТUSАŞ) томонидан ишлаб чиқилган бешинчи авлод қирувчи самолёти бўлиб, у 2024 йилда илк муваффақиятли парвозини амалга оширган.

KAAN'нинг нархи расмий эълон қилинмаган, аммо бир неча манбаларга кўра, Индонезия билан тузилган 48 дона самолёт учун келишув 10 миллиард доллардан ошади. Бу ҳар бир самолёт тахминан 208 миллион доллар туришини англатади. Одатда бу каби мудофаа келишувларида, нарх ичига қирувчи самолётни бошқаришни ўргатиш, хизмат кўрсатиш ва бир қанча эҳтиёт қисмлар ҳам киритилади.

Лос-Анжелеснинг бир қисмида комендантлик соати жорий этилди

Лос-Анжелесда (Калифорния) шаҳар марказида давом этаётган норозилик намойишлари туфайли комендантлик соати жорий қилинмоқда. Бу ҳақда шаҳар мэри Карен Басс маълум қилди.

«Мен фавқулодда ҳолат эълон қилдим ва Лос-Анжелес марказида вандализм ва талончиликни тўхтатиш учун комендантлик соати жорий қилдим», деди Басс. AFP хабарига кўра, комендантлик соати бир квадрат миля (2,5 квадрат километр) майдонга татбиқ этилади. Шаҳарнинг умумий майдони 500 квадрат милядан ошади. Кириш маҳаллий аҳоли, журналистлар ва фавқулодда хизматлардан ташқари ҳаммага ёпилади, дея қўшимча қилди у. Полиция бошлиғи Жим Макдоннелнинг сўзларига кўра, уйсизлар ҳам комендантлик соатидан озод қилинган.

«Агар сиз Лос-Анжелес марказида яшамасангиз ёки ишламасангиз, ҳудудга яқинлашманг. Ҳуқуқ-тартибот идоралари комендантлик соатини бузган ҳар қандай одамни ҳибсга олади ва сиз жавобгарликка тортиласиз», — дея қўшимча қилди мэр.

New York Times нашрининг ёзишича, АҚШнинг ўнлаб катта шаҳарларида Лос-Анжелесдаги намойишларига бирдамлик рамзи ўлароқ, кичик ва тинч намойишлар бошланган.

Мерц Россияни Украинадаги оғир уруш жиноятларида айблади

Россиянинг Киев ва Украина бошқа шаҳарларига яқинда уюштирган ҳужумлари муносабати билан Германия канцлери Фридрих Мерц Москвани оғир ҳарбий жиноятларда айблади. Мерц Берлинда Нидерландия бош вазири вазифасини бажарувчи Дик Схоф билан қўшма матбуот анжуманида сўнгги кунларда Россия Украинадаги тинч аҳолига «қасддан» учувчисиз учоқлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилганини айтди.

Россиянинг бу оммавий ҳужумлари «тинч аҳолига қарши террор» ва Украинанинг Россия ҳарбий аэродромларига «жуда аниқ» зарбаларига «мутаносиб жавоб эмас, балки бошқа нарса». «Россия ҳақиқатан ҳам қон тўкилишига эришмоқчи. У фақат Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими туфайли жуда чекланган миқёсда муваффақиятга эришди», — деди Мерц.

Украина расмийларига кўра, Киев 2022 йилнинг февралида Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери тунги энг йирик дрон ҳужумига учраган. Украина Ҳаво кучларининг хабар беришича, ўша кечада Россия 479 та ҳужумкор учувчисиз учоқ ва ҳар хил турдаги дрон-имитаторлар, 4 та «Кинжал» аэробаллистик ракета, 10 та қанотли ракета, 3 та қанотли ракета, 2 та радиолокацияга қарши ракета ва битта Х-35 қанотли ракетасидан фойдаланган.

Мавзуга оид