Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркиянинг амбицияларидан қўрқаётган Исроил, Украинага берилаётган Patriot ва Россияни қўллашга тайёр КХДР – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил яна Ғазони нишонга олди: қурбонлар сони 58 мингдан ошди
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳужумларини давом эттирмоқда. Якшанба куни Ғазо шаҳридаги гавжум бозорда ва сув тарқатиш нуқтасида амалга оширилган ҳужумларда камида 95 фаластинлик ҳалок бўлди. Al-Jazeera нашрининг Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар беришича, Ғазодаги бозорга уюштирилган зарба оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган.
Марказий ҳудуддаги Нусайрат қочқинлар лагерида эса, Исроил ракетаси сув йиғиш пунктини нишонга олиб, камида 10 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Тиббий манбаларга кўра, ҳалок бўлганлардан етти нафари ичимлик сув олиш учун навбатда турган болалар бўлган. Яна камида 17 киши яраланган.
Исроил армияси Ғазо бозоридаги ҳужум бўйича ҳозирча изоҳ бермаган. Бироқ у Нусайратдаги зарба «бир фаластинлик жангарини нишонга олган» бўлиб, техник носозлик сабабли «белгиланган йўналишдан четга чиққанини» билдирган. Бу даъво мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
13 июль куни Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармаси уруш бошланганидан бери тасдиқланган қурбонлар сони 58 минг кишидан ошганини билдирди. Улардан ярми аёллар ва болалар. Яна камида 138 500 киши яраланган.
Уруш ва Исроил қамалининг оқибатида 2,1 миллион ғазоликка очарчилик хавфи таҳдид солмоқда. UNICEF маълумотига кўра, июнь ойида Ғазода 5 800 дан ортиқ бола тўйиб овқатланмаслик ташхиси билан қайд этилган. Шундан 1 000 дан ортиғи оғир ҳолатда бўлган. Агентлик кетма-кет тўртинчи ойда ўсиш кузатилганини таъкидлади.
«Очлик болалар танасини сўриб битиряпти. Бу оддий озиқланиш инқирози эмас – бу болалар омон қолишининг фавқулодда ҳолатидир», — дейилади UNICEF баёнотида.
Урушни тугатиш бўйича музокаралар Қатар пойтахти Дохада давом этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп журналистларга «умид қиламизки, бу ҳафта Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ бўйича музокаралар ҳал бўлади,» деганди. Бироқ АҚШ қўллаб-қувватлаётган 60 кунлик сулҳ режаси ҳануз ечимсиз қолмоқда – томонлар айбни бир-бирига юкламоқда.
Европа АҚШга қарши жавоб божларини тайёрламоқда
Агар савдо келишувлари бўйича ечим топилмаса, Европа Иттифоқи август ойи бошидан АҚШга қарши чоралар кўришга тайёр. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Брюсселдаги матбуот-анжуманида маълум қилди.
«АҚШ бизга, агар келишилган ечим топилмаса, кучга кирадиган чоралари баён қилинган мактубни юборди. Шунинг учун биз қарши чораларимизни тўхтатишни август бошигача узайтирамиз. Шу билан бирга, биз тўлиқ тайёр бўлиш учун жавоб чораларига тайёргарликни давом эттирамиз», — деди Урсула фон дер Ляйен.
Еврокомиссия раҳбарининг қайд этишича, ЕИ АҚШга қарши аллақачон иккита жавоб чорасини тайёрлаб қўйган бўлса-да, 1 августгача томонлар ўртасида савдо келишувига эришилишига умид билдирмоқда.
ЕИ апрелдан бери АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар олиб боради. Битим имзолашнинг охирги муддати сифатида 1 август санаси белгиланган. 12 июлдан бошлаб Доналд Трамп Еврокомиссия раҳбари номига мактуб йўллаб, август ойидан ЕИ товарлари учун 30 фоизли божлар қўлланишидан хабардор қилган.
Франция президенти Эммануэл Макрон Трампнинг ҳаракатларидан кескин норози эканини маълум қилди. У «европаликлар манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш учун» Евроиттифоқ ўз қатъиятини намоён этадиган вақт келганини таъкидлади.
АҚШ Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини беради
АҚШ президенти Доналд Трамп якшанба куни Мериленд штатидаги Эндрюс қўшма ҳарбий базасида қилган чиқишида Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари топширилишини эълон қилди.
Оқ уй раҳбари бу тизимлардан нечта берилиши ҳақида аниқ рақам келтирмади. Трампнинг сўзларига кўра, «муайян миқдорда» етказилади. Шу билан бирга, у АҚШ бу тизимларни Европа Иттифоқи давлатларига сотишни, кейин эса улар орқали Украинага юборишни режалаштираётганини айтди.
«Бу биз учун бизнес бўлади. Биз уларга — украиналикларга — зарур бўлган Patriot'ларни юборамиз», — деди Трамп.
Қайси Европа мамлакатларига бу тизимлар сотилиши ҳақида эса у аниқлик киритмади.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио таъкидлашича, Украинага зарур бўлган баъзи қуроллар аллақачон Европадаги НАТО иттифоқчилари ихтиёрида мавжуд. Унинг айтишича, бу қуроллар Украинага юборилиши мумкин, шунда Европа давлатлари АҚШдан уларнинг ўрнини босувчи янги қуролларни сотиб олади:
«Масалан, бирор жиҳозни Германиядан Украинага юбориш — уни АҚШдаги заводдан буюртма қилиш ва етказиб беришдан кўра анча тезроқ», — деди у.
Шимолий Корея Россияга «шартсиз қўллаб-қувватлов» ваъда қилди
Корея халқ демократик Республикаси раҳбари Ким Чен Ин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини тўлиқ ва шартсиз қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
«Биз Россия раҳбариятининг украин инқирозининг илдиз сабаблари билан боғлиқ ҳаракатларини шартсиз қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга тайёрмиз», — дея Кимнинг сўзларини келтирмоқда давлат телеканали.
Лавров бир кун олдин — 12 июлда — Шимолий Кореянинг Вонсан шаҳрида мамлакат етакчиси Ким Чен Ин ва Ташқи ишлар вазири Чхоэ Сон Хи билан музокаралар ўтказди.
«Биз украин можароси юзасидан фикр алмашдик. Кореялик дўстлар Россия армияси ва раҳбариятининг ҳаракатларини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлашларини билдиришди», — деганди Лавров. У, шунингдек, Корея халқ армияси ҳарбийлари Курск вилоятидаги жангларда иштирок этгани учун миннатдорлик билдирди.
Ташрифдан кейинги матбуот анжуманида Лавровдан Шимолий Корея ҳарбийларининг бошқа йўналишларда Россия томонида жангга қўшилиши мумкинлиги ҳақида сўралди. Лавров Шимолий Корея Ким Чен Ин Россияга қандай шаклда ёрдам беришни мустақил ҳал қилишини айтди.
2024 йилда имзоланган ўзаро мудофаа бўйича ҳамкорлик шартномаси доирасида томонлар ҳарбий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишганди. Жанубий Корея ва Украина разведка хизматлари маълумотига кўра, Пхенян келгуси ойлар ичида яна 25-30 минг аскарни урушга юбориши мумкин.
«Freedom Flotilla» коалицияси яна Ғазога йўл олди
Якшанба куни «Freedom Flotilla Coalition» Италиянинг Сиракуза шаҳридан Ғазо йўналишида янги кемаси — «Ҳандала» билан яна сафарга отланди.
«Исроил кучлари халқаро сув ҳудудида бизнинг Мадлен кемамизни ноқонуний равишда босиб олиб, 12 қуролсиз фаолларимизни ўғирлаб кетганига бир неча ҳафта бўлди. Бироқ биз — халқаро бирдамлик билан — Исроилнинг ноқонуний ва ҳалокатли қамалига қарши курашишда давом этамиз», — дейилади коалициянинг ижтимоий тармоқдаги баёнотида.
Коалиция бу сафар «Ғазо болалари учун» амалга оширилаётганини таъкидлаб, ёрдам кемаси «инсонпарварлик ёрдами ва бирдамлик хабарини» олиб бораётганини билдирди.
Фаоллар сони аниқ эмас, аммо тахминан 18 нафаргача бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунингдек, Франциядаги чап қанотдаги «Бўйсунмас Франция» партиясининг икки аъзоси ҳам кемада бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Британия байроғи остида ҳаракатланган «Мадлен» кемаси 6 июнь куни Италиянинг Сицилия оролидан Ғазога томон йўл олган эди. У Исроил томонидан Ғазога нисбатан қўлланаётган денгиз блокадасини бузишга уринган. Бироқ 9 июнь куни Исроил кучлари «Мадлен» кемасини тўхтатиб, ундан 12 кишилик экипажни қўлга олди ва кейинчалик уларни қайтариб юборди.
Исроил АҚШга: Туркияга F-35 қирувчиларини сотманг
Исроилнинг юқори мартабали расмийларидан бири АҚШни Туркияга F-35 қирувчи самолётларини сотишни блоклашга чақирди. Бу ҳақда турк ОАВлари ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Исми тилга олинмаган Исроил расмийсига кўра, Анқаранинг бу самолётларни сотиб олиши Исроилнинг ҳаводаги ҳарбий устунлигини хавф остига қўяди ва Яқин Шарқни беқарорлаштиради. Исроиллик мансабдорнинг таъкидлашича, асосий хавфлар қуйидагилардан иборат:
Туркиянинг «нео-усмоний амбициялари», Суриядаги ҳарбий амалиётлари ва ҲАМАСга кўрсатаётган қўллаб-қувватлови.
Манбага кўра, ҳозирги пайтда Туркия ва Исроил ўртасида ҳарбий тўқнашув эҳтимоли ортиб бормоқда. Уларнинг фикрича, Анқара Усмоний империясини қайта тиклашга интилмоқда ва Қуддус устидан назоратни қўлга киритмоқчи.
«Исроил ҳар доим тўқнашувлардан қочиш тарафдори бўлиб келган, аммо зарурат туғилса — ҳаракат қилишга тайёр», деган расмий.
Жорий йил 25 июнь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған журналистларнинг «Туркия ва Исроил ўртасида уруш эҳтимоли борми?» деган саволига «фақат бизга ҳужум қилинмас экан, бундай ҳолат бўлмайди», дея жавоб берганди.
Мавзуга оид

13:30 / 12.07.2025
Қуролларини топширган курдлар, Boeing ҳалокати юзасидан дастлабки ҳисобот ва ягона авиаташувчисидан айрилаётган Россия – кун дайжести

14:23 / 11.07.2025
Қизил денгизда фаоллашган ҳусийлар, қўшнисига бож жорий қилган Трамп ва шимол билан муносабатларни тикламоқчи бўлган Корея – кун дайжести

14:25 / 10.07.2025
Доҳада давом этаётган оғир музокаралар, Украинада ушланган хитойлик жосуслар ва Трампдан янги «мактублар» – кун дайжести

13:30 / 09.07.2025