Жаҳон | 13:30
5513
9 дақиқада ўқилади

Қуролларини топширган курдлар, Boeing ҳалокати юзасидан дастлабки ҳисобот ва ягона авиаташувчисидан айрилаётган Россия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳиндистонда Boeing ҳалокати юзасидан дастлабки ҳисобот эълон қилинди

Жорий йил 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳридан Лондонга учган Air India авиакомпаниясига қарашли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти парвоздан тахминан 30 сония ўтиб қулаб тушган эди. Авиаҳалокат оқибатида самолёт бортида бўлган 241 киши ҳалок бўлди, у қулаган жойда ҳам ўнлаб инсонлар вафот этди.

Reuters нашрининг ёзишича, дастлабки ҳисоботга кўра, самолёт ҳалокатидан аввал кабинада чалкашлик юз берган. Чунки бортда двигатель ёқилғисини узиш тугмалари деярли бир вақтнинг ўзида ишга тушиб, двигателларга ёқилғи етиб бориши тўхтаган. Бу ҳақда Ҳиндистоннинг ҳалокатларни тергов қилиш бўйича расмий идораси эълон қилган ҳисоботда сўз боради.

Самолёт ҳавога кўтарилиши биланоқ, кузатув камераси захира энергия манбаи – RAM ҳаво турбинасининг ишга тушганини қайд этган. Бу эса двигателлардан қувват узилгани белгиси эди.

Парвознинг сўнгги лаҳзаларида учувчилардан бири бошқа учувчидан: «Нега ёқилғини уздинг?» деб сўраган. Ҳисоботда айтилишича, «иккинчи учувчи эса бундай қилмаганини билдирган». Қайси гаплар капитан, қайсилари биринчи офицер томонидан айтилгани номаълум. Шунингдек, ҳалокатдан олдин «Mayday» (ўта юқори хавф) сигналини айнан ким узатгани ҳам очиқланмаган. Мутахассисларнинг айтишича, учувчи ушбу тугмаларни тасодифан босиб юбора олмайди.

АҚШ авиация эксперти Жон Ненснинг таъкидлашича, оддий шароитда учувчи парвоз пайтида ҳеч қачон бу тугмаларни ўчирмайди, айниқса самолёт кўтарила бошлаганида. Тугмаларни «cutoff» режимига ўтказиш двигателларни деярли дарҳол ўчиради. Одатда бу фақат самолёт аэропортда тўхтагандан сўнг ёки фавқулодда ҳолатларда – масалан, двигателда ёнғин чиқса – амалга оширилади. Ҳисоботда эса фавқулодда ҳолат бўлгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Boeing ҳисобот юзасидан Air India ва терговга ёрдам беришни давом эттиришини айтди.

Ушбу ҳалокатдан сўнг Air India ва бошқа ҳинд компаниялари танқид остида қолмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи авиация хавфсизлиги агентлиги ўзининг бюджет авиакомпанияси Air India Express бўйича тергов бошлашини билдирди. Air India Express - Airbus А320 двигатель қисмларини ўз вақтида алмаштириш бўйича кўрсатмаларга риоя қилмаган ва худди бажаргандек ёлғон ҳужжатлар тайёрлаган.

Россия Лвивга ҳужум қилди, Полша қирувчи самолётларини ҳавога кўтарди

Россия қўшинлари 12 июль, шанбага ўтар кечаси Украинанинг энг ғарбий ҳудуди — Лвивга учувчисиз учоқлар билан катта зарба берди. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий Лвив вилояти ва унинг марказига дрон ҳужуми уюштирилгани ҳақида маълум қилди. Расмийнинг ҳисоб-китобларига кўра, шаҳарга 10 дан ортиқ Shaheed типидаги дронлар зарба берган.

Лвив мэри Андрей Садовий шаҳар марказидаги турар жой биносига зарар етганини ёзди. Турар жой бўлмаган бинонинг томи ҳам ёниб кетган. Ғарбий Украинанинг бошқа ҳудудлари: Тернопил, Ивано-Франкивск ва Ровно вилоятларида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. У ерда ҳеч қандай зарар қайд этилмаган.

Полша армиясининг оператив қўмондонлиги Ғарбий Украинага зарба Россиянинг узоқ масофали авиацияси томонидан амалга оширилганини маълум қилди. Шу муносабат билан «Полша ва иттифоқчи ҳаво кучлари Полша ҳаво ҳудудида ҳаракат қила бошлади».

«Навбатчи қирувчи самолётлар жуфтлиги ҳавога кўтарилиб, ердаги ҳаво мудофааси ва радар разведка тизимлари юқори шай ҳолатга келтирилди», — дея қўшимча қилди Полша ҳарбийлари.

Суд Трампнинг фармонини блоклади

10 июль куни Ню-Ҳемпшир штати федерал юрисдикция суди Доналд Трампнинг туғилиш ҳолати бўйича АҚШ фуқаролигини олиш ҳуқуқини чекловчи фармони ижросини чеклади. Ушбу қарор — Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқи фармонни ноқонуний, дея ҳисоблаб киритган даъво доирасида қабул қилинган.

«Америка фуқаролигининг мазмуни ва қадриятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги президент фармони 2025 йил 20 январда қабул қилинганди. Ҳужжат билан АҚШда туғилган боланинг онаси мамлакатда ноқонуний асосда ёки қонуний, аммо вақтинчалик асосда бўлса ва отаси бола туғилган вақтда на Қўшма Штатлар фуқароси, на доимий резиденти бўлса, унга автоматик тарзда АҚШ фуқаролиги берилмаслиги белгиланган эди.

29 июнь куни АҚШ Олий суди федерал судлар президент Доналд Трампнинг фармони ижросини бутун мамлакат бўйлаб блоклаб қўя олмаслиги, аммо ишда иштирок этаётган маълум бир даъвогарларни ҳимоя қилишлари мумкинлиги ҳақида қарор чиқарганди. Шундай қилиб, президент фармонига қарши чиққан 22 штатда туғилиш ҳолати бўйича фуқаролик бериш ҳуқуқи сақланиб қолган.

Энди Трамп маъмуриятида Ню-Ҳемпшир суди қароридан шикоят қилиш учун етти кун бор.

Россия армияси ягона авиаташувчисидан айрилиши мумкин

Россия Мудофаа вазирлиги 2018 йилдан бери таъмирланаётган ягона авиаташувчи «Адмирал Кузнецов» крейсерини тиклашдан бош тортиши мумкин. «Известия» нашрига кўра, ҳозир кемани таъмирлаш ва модернизация қилиш тўхтатилган ва унинг келажаги ҳақидаги масала яқинда ҳал этилиши керак.

Крейсерни тиклаш билан шуғулланган Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонлиги ва Бирлашган кемасозлик корпорацияси вакиллари ҳозир авиаташувчини флотнинг жанговар таркибига қайтариш қанчалар мантиқий эканлигини муҳокама қилмоқда.

Тинч океани флотининг собиқ қўмондони, адмирал Сергей Авакянс таъмирлаш ишларини давом эттиришдан бош тортишни «мутлақо тўғри» деб атади. Унинг фикрича, Россия флотига «Адмирал Кузнецов» ҳатто модернизация қилинган ҳолда ҳам керак эмас.

«Авиаташувчи – эскилик сарқити. Бу жуда қиммат ва самарасиз денгиз қуроли. Келажак робот тизимлари ва дрон ташувчиларга тегишли. Ва агар таъмирлашни давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинса, «Адмирал Кузнецов»ни кесиб, темир-терсакка топшириш ва утилизация қилиш қолади», деди Авакянс.

2025 йил ҳолатига кўра, дунёда атиги 10 та давлат авиаташувчи кемага эга. Энг йирик флот АҚШ ҳиссасига тўғри келади – 11 та кема. Хитой армиясида 3 та бундай кема бор.

Европада жазирама туфайли 2,3 минг киши вафот этди

Сўнгги кунларда меъёридан юқори бўлган иссиқ ҳаво тўлқини давомида Европанинг 12 йирик шаҳрида 2,3 минг ўлим қайд этилди. Бу Лондон Империя коллежи ҳамда Лондон тиббиёт мактаби тадқиқотчилари томонидан аниқланди. Брюсселдаги Глобал стратегик алоқа кенгаши чоп этган тадқиқотга кўра эса, 23 июндан 2 июлгача бўлган вақт оралиғида 1500 та ўлим ҳароратнинг ошиши билан боғлиқ.

Биргина Миланда иссиқ кунларда одатдагидан 499 киши, Парижда 373 киши ва Барселонада 340 киши кўпроқ вафот этган.

Иқлимнинг антропоген ўзгариши бўлмаганида, ортиқча ўлим маълумотлари ўрганилган 12 та шаҳарнинг 11 тасида ҳаво ҳарорати ўтган ҳафтада 2-4 даражага паст бўлар эди, дейди тадқиқот муаллифлари. Иссиқ ҳарорат билан боғлиқ ўлимларнинг 88 фоизи — қариялар, 65 ёшдан ошганлар орасида юз берган.

Курдистон ишчи партияси қуролларини топширди

Халқаро майдонда террорчи, деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси 11 июль куни Ироқнинг Сулаймония вилоятида қуролларини рамзий топшириш маросимини ўтказди.

Anadolu нашрининг ёзишича, Сурдас кичик тумани ҳудудидаги бир ғорда тўпланган гуруҳ аъзолари: 30 киши, жумладан 15 нафар аёл, ўз қуролларини катта алангага ташлаб, йўқ қилди.

Воқеа жойида Курдларнинг юқори мартабали аъзоси турк ва курд тилида баёнот ўқиб эшиттирди. Жараёнга гувоҳ бўлиш учун Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти, ироқлик расмийлар ва хавфсизлик кучлари келган.

Жорий йил май ойида КИП ўзини тарқатиб юбориш ва қуролни ташлаш қарорини эълон қилган эди. Бу баёнотга — февраль ойида ташкилот етакчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг қамоқдан туриб КИП ва унга алоқадор гуруҳларни тарқатиб юбориш, 40 йилдан ортиқ давом этган қуролли курашга барҳам беришга чақирган мурожаати замин яратган.

Мақсадларини Туркиядаги курдларнинг миллий ҳуқуқлари учун кураш ва курд давлатини барпо этиш деб эълон қилган Курдистон ишчилар партияси 1974 йил ноябрда ташкил топган. 1984 йилдан бери Туркия ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бораётган эди.

Туркияга қарши 40 йиллик кураш давомида партия – Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган. ОАВга кўра, улар 40 мингдан ортиқ инсонларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Мавзуга оид