Жаҳон | 15:00 / 15.07.2025
2586
10 дақиқада ўқилади

Путиндан жаҳли чиққан Трамп, иккиюзламачилик даври тугаши кераклигини айтган БМТ вакили ва яна Сурияга зарба берган Исроил – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трампнинг Путиндан жаҳли чиқди

АҚШ Президенти Доналд Трамп Оқ уйда НАТО бош котиби Марк Рюттени қабул қилди. У суҳбатда Владимир Путиндан ҳафсаласи пир бўлганини ва Украина бўйича можарони тартибга солишдаги позициясидан норозилигини билдирди.

«Менимча, биз бу борада аллақачон келишувга эришган бўлишимиз керак эди, лекин у ҳануз давом этмоқда», — деди Трамп. Унинг сўзларига кўра, у Россия билан уруш бўйича «тахминан тўрт марта» келишувга яқин келганини ҳис қилган.

«Агар 50 кун ичида келишувга эришилмаса, биз жуда қатъий бож ставкаларини жорий қиламиз — тахминан 100 фоиз миқдорида», — деди Трамп. У бу «иккиламчи божлар» бўлишини, яъни Россиянинг савдо ҳамкорларига қаратилганини таъкидлади.

Трамп, шунингдек, Украинага миллиардлаб долларлик ҳарбий техника етказилиши ҳақида эълон қилди: Вашингтон «энг замонавий қуролларни ишлаб чиқариб», уларни НАТОга юборади, альянс эса уларни «зарур бўлган жойга» етказади.

Reuters агентлиги берган иқтибосга кўра, бошқа давлатлар томонидан буюртма қилинган 17 та Патриот батареясининг бир қисми ёки барчаси «жуда тез» Украинага юборилиши мумкин. НАТО бош котиби Марк Рюттега кўра, бу Украина учун ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, ракеталар ва ўқ-дорилардан иборат «улкан ҳарбий техника»ни олиш имконини беради.

Аммо айрим таҳлилчиларнинг фикрича, Трамп томонидан берилган 50 кунлик муддат Кремль учун ҳаракат майдонини жуда кенг очади. Бундан ташқари, илгари ҳам Путинга қўйилган ультиматумлар ҳеч қандай натижа бермаган.

Лекин, бу сафар вазият бошқача бўлиши мумкин, чунки энди Трамп фақат қурол ваъда қилмаяпти, балки Россия ва у билан бизнес қилаётган давлатларга бож ставкалари билан таҳдид қилмоқда. Бу ташаббус АҚШдаги сиёсий кучлар томонидан ҳам ижобий қабул қилинмоқда.

НАТО бош котиби Марк Рюттенинг айтишича, Трампнинг бу қарори Украина мудофаа қобилиятини сақлаб қолишга хизмат қилади ва бу харажатларни асосан Европа давлатлари қоплайди. АҚШ президенти бунга жавобан: «Бу тўлиқ мантиқли», — деди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас эса Трампнинг Россияга нисбатан қатъийроқ позициясини олқишлади, бироқ 50 кунлик ультиматумни «жуда узоқ муддат» деб атади.

Колумбияда Фаластин бўйича конференция

БМТ махсус маърузачиси Франческа Албанезе Колумбия пойтахти Боготада 15 июнь куни бошланадиган ва Хитой, Испания ҳамда Қатар иштирок этадиган Ҳаага гуруҳининг икки кунлик йиғилишини «Исроил ва Фаластин халқи учун муҳим дақиқа» деб атади.

Конференциянинг асосий мақсади — БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияни амалга ошириш учун қатнашчи давлатлар қандай амалий чораларни кўришини белгилаб олишдир. Бу резолюция 2024 йил июль ойида Халқаро суд томонидан берилган маслаҳат хулосасини 2025 йил сентябрга қадар ҳаётга татбиқ этишни талаб қилади.

Суд ўз хулосасида «Исроилнинг хавфсизликка оид хавотирлари ҳудудни куч билан эгаллашни тақиқловчи халқаро ҳуқуқ тамойилларидан устун бўлмайди», — деб қайд этган ва Исроилдан «босқинини имкон қадар тез тугатишни» талаб қилган.

Конференцияга мезбонлик қилаётган Колумбия президенти Густаво Петро бу учрашув дунё жамоатчилигининг Исроилнинг ҳарбий ҳаракатларини фақат қоралаб қолмай, уни тўхтатишга қаратилган жамоавий ҳаракатга ўтганини кўрсатади, деди.

Конференцияда сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий чораларни аниқ белгилаш режалаштирилган. Бироқ Исроилни халқаро миқёсда қанчалик даражада яккалаш мумкинлиги бўйича давлатлар ўртасида қарашлар турлича. Исроил ўзини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган экан, хавфсиз ҳис қилади.

Шунингдек, БМТнинг махсус маърузачиси бу иккиюзламачилик даври тугаши кераклигини айтди.

«Халқаро ҳуқуқ жуда узоқ вақт мобайнида ихтиёрий, кучсиз ва кучлилар томонидан исталганча таҳрирланадиган норма сифатида қаралди. Бу иккиюзламачилик халқаро ҳуқуқий тизимнинг пойдеворини емирди. Энди бу давр тугаши керак. Дунё бугун биз — давлатлар ва инсонлар — нима қилганимизни эслаб қолади: биз қўрқиб чекинамизми ёки инсонийликни ҳимоя қилиш учун ҳаракатга ўтамизми? Боготада тобора кўпайиб бораётган давлатлар сукутни буза олиш ва ҳуқуқийлик йўлига қайтиш имкониятига эга. Энди ҳаракат қилиш вақти — барча учун тенг ҳуқуқлар ва эркинликлар асосида, баъзилар фойдасига бошқаларнинг йўқ қилиниши ҳисобига эмас», деди у.

Айни вақтда Албанезега нисбатан АҚШ Давлат департаменти томонидан «Исроил ва АҚШга қарши халқаро жиноий суд ҳаракатларини тарғиб қилгани учун» шахсий санкциялар жорий этилган.

Исроил армияси Суриянинг ҳарбий танкларига зарба берди

Суриянинг Сувайда вилоятида маҳаллий милициялар ва қабила вакиллари ўртасидаги жангларда ўнлаб одам ҳалок бўлди. Душанба куни тартибни тиклаш учун юборилган ҳукумат хавфсизлик кучлари ҳам маҳаллий қуролланган гуруҳлар билан тўқнашди. Сурия ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирга қадар 30 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 100 га яқин одам яраланган. Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари кузатув маркази эса камида 99 кишининг ўлимини қайд этди, уларнинг орасида икки бола, икки аёл ва 14 нафар хавфсизлик ходими ҳам бор.

Зўравонлик кучайган бир вақтда Исроил – аввалроқ друзларни ҳимоя қилиш баҳонасида Сурияни нишонга олган – Сувайда ҳудудида «бир нечта танклар»га зарба берганини ва бу Дамашққа «огоҳлантириш» бўлганини билдирди.

The Guardian нашрининг ёзишича, бу — фуқаролик уруши бошланганидан 13 йил ўтиб ҳам барқарорликка эриша олмаётган мамлакатдаги навбатдаги кескинликдир.

Кузатув маркази маълумотига кўра, тўқнашувлар дастлаб друзлар ва сунний бадавий қабилалари ўртасида бошланган, ҳукумат хавфсизлик кучларининг баъзи аъзолари эса бадавийларни қўллаб-қувватлаб, жангда фаол иштирок этган.

Ички ишлар вазирлиги вакили Нуреддин ал-Баба душанба куни тонгда ҳукумат кучлари Сувайда вилоятига кирганини ва тартибни тиклаш ҳаракатлари бошланганини билдирди. Друз диний етакчилари душанба оқшомида ҳудудда ўт очишни тўхтатишга чақирди ва улар Сурия марказий ҳукуматига қарши эмасликларини маълум қилди.

Исроил кучлари ўтган декабрь ойида Жўлон тепаликлари билан чегарадош ҳудуддаги БМТ томонидан назорат қилинадиган нейтрал зонани эгаллаб олган ва Сурияда юзлаб ҳаво ҳужумларини амалга оширган эди.

Австралияда йирик ҳарбий машғулотлар бошланди

Австралияда "Talisman Sabre" номи остида мисли кўрилмаган ҳарбий машғулотлар бошланди ва унда Ғарбий Европа ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақасининг кўплаб давлатлари иштирок этмоқда. Сидней кўрфазидаги очилиш маросимида АҚШ ва Австралия ҳарбий кучлари бош қўмондонлари иштирок этди. Шу куннинг ўзида Австралия илк бор Американинг PC30 HIMARS тизимларини синовдан ўтказиб кўрди.

Жорий йилда ўқув машғулотлари уч ҳафта давом этиб, 4 августда якунланади. Унда 19 та давлат, жумладан, Франция, Германия, Жанубий Корея ва Япониядан 35 минг ҳарбий хизматчи иштирок этади. Малайзия ва Ветнам кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Ўқув машғулотлари давомида иштирокчи давлатлар кўплаб манёврларни машқ қилади. «Жанговар ўт очиш ва дала машқларидан бошлаб десант тушириш, қуруқликдаги қўшинлар ва жанговар авиация манёврларигача. "Talisman Sabre" бутун дунё ҳарбий хизматчиларини бирлаштириб, уларга денгизда, қуруқликда, ҳавода, космик ва кибер ареналарда машқ қилиш учун ажойиб имконият тақдим этади», — деб ёзади Австралия мудофаа саноати вазири Пет Конрой.

Уруш қурбонлари ортмоқда

2025 йил бошидан бери Россия—Украина урушида россиялик 100 минг ҳарбий ҳалок бўлди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Марк Рютте АҚШ президенти Доналд Трамп билан 14 июль куни Оқ уйда ўтказилган учрашувда маълум қилди.

«2025 йил 1 январдан бошлаб россиялик 100 минг аскар ҳалок бўлди», — деди Рютте. Бундан ташқари НАТО бош котиби — Россия Истанбулдаги тинчлик музокараларига «жиддий одамларни» юбормаган деб ҳисоблайди.

«Ўзим ҳам май ойида НАТО ишлари бўйича Туркияда бўлдим ва биз Истанбулга жиддий делегация юборишлари учун украиналикларга ростдан ҳам босим ўтказдик. Ва улар буни амалга оширди. Аммо кейин руслар Россиянинг 1250 йилдан бошлаб тарихини тушунтиришга киришган қандайдир тарихчи билан келди», — деди Рютте.

Афтидан, у Россия делегацияси бошлиғи, Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединскийни назарда тутган — у тарих фанлари бўйича докторлик даражасига эга. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Рюттенинг баёнотини «абракадабра» деб атаб, «масаланинг тарихини билмасдан туриб, бирор муаммони ечиб бўлмаслиги, фақат чуқурлашиши мумкинлиги»ни маълум қилди.

Мавзуга оид