Ҳиндистонда ўн миллионлаб одам уран билан ифлосланган сувни ичмоқда — олимлар
Карнатака штатидаги ерости сувлари хавфли даражада уран билан ифлослангани аниқланди. Узоқ муддат давомида бундай сувни истеъмол қилиш буйрак, жигар ва суяк тизимига жиддий зарар етказиши мумкин.

Фото: AFP/Getty Images
АҚШнинг Колумбия университети олимлари Ҳиндистоннинг Карнатака штатидаги ерости сувларининг хавфли даражада уран билан ифлосланишига олиб келган асосий сабабларга аниқлик киритди. Тадқиқот натижалари Environmental Science & Technology илмий журналида чоп этилди.
Маълум қилинишича, тадқиқот давомида минтақадаги сув намуналарининг 78 фоизида уран миқдори хавфсиз меъёрдан юқори экани аниқланган, баъзи ҳудудларда эса бу кўрсаткич 75 баравар ошган.
Олимлар замонавий изотоп таҳлили усулларидан фойдаланиб, ураннинг ерости сув қатламларида қандай ҳаракатланишини кузатишга муваффақ бўлишди. Аниқланишича, кислород мавжуд бўлган оксидловчи шароитда уран осон эрийди ва сув билан бирга ҳаракатланади. Аксинча, кислородсиз тикловчи ҳудудларда у қаттиқ бирикмалар кўринишида чўкади.
«Тадқиқотимиз оддий ифлосланишни аниқлаш доирасидан чиқиб кетади. Биз ураннинг ерости муҳитидаги ҳаракатини белгиловчи механизмларни тушундик. Бу эса миллионлаб инсонлар саломатлигини ҳимоя қилиш учун жуда муҳим», — дейди тадқиқот муаллифи Арижит Митра.
Узоқ муддат давомида уран миқдори юқори бўлган сувни истеъмол қилиш буйрак, жигар ва суяк тизимига жиддий зарар етказиши мумкин. Карнатака штатида эса бундай таъсирга тахминан 25 миллион киши дучор бўлмоқда.
Тадқиқот натижалари муаммони ҳал этиш учун янги имкониятлар очяпти. Олимлар янги қудуқларни жойлаштиришда геологик шароитларни ҳисобга олиш, энг кўп ифлосланган ҳудудларда маҳаллий тозалаш тизимларини жорий этиш ва сув сифатини доимий кузатиб бориш учун комплекс мониторинг тизимини яратишни таклиф қилмоқда. Бу каби чоралар фақат Ҳиндистонда эмас, балки шунга ўхшаш муаммоларга дуч келаётган дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўлланиши мумкин.
Мавзуга оид

08:21 / 28.06.2025
Ҳиндистон ШҲТ қўшма декларациясини имзолашдан бош тортди

12:22 / 27.06.2025
Ҳиндистон ва Россия С-400 ЗРК ва бошқа қуролларни етказиб беришни муҳокама қилди

23:36 / 26.06.2025
Эрон 400 килодан ортиқ бойитилган уранни АҚШ зарбаларидан яширишга улгурган — Европа разведкаси

15:10 / 18.06.2025