Жаҳон | 00:40
5121
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Иорданияга F-22 қирувчи самолётларини юборди

Исроил-Эрон можаросининг кескинлашуви ортидан АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбийлари сонини оширмоқда. 

Фото: Getty Images

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Буюк Британияга аввалроқ етиб келган бешинчи авлод F-22 Raptor қирувчи самолётлари эскадронини Иорданиядаги Маваффика Салти авиабазасига кўчиришни бошлади. Бу ҳақда Itamilradar нашрига таяниб «Интерфакс» хабар берди.

Аввалроқ, АҚШ 12 та F-22 Raptor қирувчи самолётини Англиядаги Лейкенхит авиабазасига жўнатган эди. Улардан 8 таси 20 июн куни Иорданияга юборилди.

Самолётларнинг Иорданияга етиб боришини таъминлаш учун Американинг КС-135 ва КС-46 танкер-самолётларидан фойдаланилди. 

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Қўшма Штатлар аллақачон Яқин Шарққа бир неча қирувчи самолётлар эскадрилясини, жумладан бешинчи авлод F-35 қирувчиларининг катта гуруҳини жойлаштирган.

Самолётлар Саудия Арабистони ва Иорданиядаги базаларга жойлаштирилмоқда. Айни пайтда Саудия Арабистонининг Arab News газетаси Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг барча самолётлари Қатардаги Ал-Удейд ҳаво базасини тарк этгани ҳақида хабар берди. Эрон жанубидаги Форс кўрфазида жойлашган Қатардаги Ал-Удейд ҳаво базаси Қўшма Штатларнинг минтақадаги энг йирик авиабазаси ҳисобланади.

У ерда камида 30 та ҳарбий самолёт, жумладан қирувчи самолётлар, разведка самолётлари ва дронлар, шунингдек, транспорт ва танкер самолётлари жойлаштирилган.

Мавзуга оид