Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
2101
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда энди автомобилни онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин

Янги сотиб олинган автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш имконияти ишга туширилди. Ушбу хизмат ҳозирда пойтахтдаги «Файзобод» рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида синовдан ўтказилмоқда.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

23 апрелдан бошлаб my.gov.uz орқали янги автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза йўллаш имконияти синов тартибида ишга туширилди.

Қайд этилишича, ҳозирча бу имконият Тошкент шаҳридаги «Файзобод» рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш (РЎ ва ИО) бўлимида синовдан ўтказилмоқда. Тест муваффақиятли якунланса, тизим аввал Тошкент шаҳри бўйлаб, кейинчалик қолган ҳудудларда жорий этилиши режалаштирилган.

Талабгор аризани шакллантиришда хизматни қайси кўринишда олишини белгилайди:

  • Аризачи РЎ ва ИО бўлимига борган ҳолда рўйхатдан ўтказиш;
  • Сайёр хизмат — ЙҲХХ ходимининг ўзи белгиланган манзилга келади (қўшимча тўлов асосида).
  • Хизмат кўрсатиш учун белгиланган тўловлар қуйидагича:
  • рўйхатдан ўтказиш — БҲМнинг 6,84 баробари (2,56 миллион сўм), электромобиль, мотолар, тиркамалар учун — 1,5 баробар (562,5 минг сўм);
  • давлат рақами — БҲМнинг 3,5 баробари (1,31 миллион сўм);
  • қайд этиш гувоҳномаси (техпаспорт) — БҲМнинг 0,7 баробари (262,5 минг сўм);
  • техник кўрик — БҲМнинг 0,1 баробари (37,5 минг сўм).

Сайёр хизмат учун (10 километрга):

  • 1 кунда келса — БҲМнинг 4 баробари (1,5 миллион сўм);
  • 3 кунда — БҲМнинг 3 баробари (1,125 миллион сўм);
  • 5 кунда — БҲМнинг 2 баробари (750 минг сўм).

10 километрдан ортиқ масофа учун ҳар километрга БҲМнинг 0,05 баробари (18 минг 750 сўм) қўшиб борилади.

Ариза my.gov.uz орқали юборилганида, талабгорга давлат рақам белгиси ва тўлов учун инвойс тақдим этилади. Тўлов амалга оширилгач, «Файзобод» РЎ ва ИОга бориб, аризадаги давлат рақам белгиси айтилади, ЙҲХХ инспектори транспорт воситасини кўрикдан ўтказади ва сизга давлат рақами ҳамда техпаспортни тақдим этади.

Мавзуга оид