Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
4525
5 дақиқада ўқилади

Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди

Вазир Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ҳавога қўйиб юборилган заҳарли модда “Навоийазот”дан чиқмаган. Асосий манба “Электроаппарат” ҳудудидаги корхоналар экани айтилмоқда. Абдуҳакимов экоинспекторларнинг ўрганиши тугагач, ўша корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга ариза киритилишини маълум қилди. Қолаверса, расмий вакил заводларнинг ҳаво ифлосланишининг олдини олишдаги режаларини очиқлади.

19 июл куни Навоий шаҳрини қалин тутун қоплаб, шаҳарда ўткир ҳид пайдо бўлганди. Шаҳар аҳолиси бу йўтал қўзғаганидан шикоят қилишганди. Тармоқларда вазиятга оид сурат ва видеолар тарқалгач, Навоий вилояти Экология бошқармаси бунда “Навоийазот”ни айблади. Завод вакиллари эса тутун шаҳарга ғарбий ҳудуддан кириб келганини айтишганди.

23 июл санасида ўтган матбуот анжуманида Экология, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов бу борадаги ўрганишлар ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, ҳаво ифлосланишидаги асосий манба “Навоийазот” АЖ бўлмаган.

У ерда “Электроаппарат” деган корхона ҳудудида, эски ҳудудда бир нечта корхоналар мавжудлиги аниқланди. Ҳозир энди хулосалар чиқиб, мутахассислар уни тасдиқламагунча мен айтиб қўйсам, нотўғри бўлади. Лекин биз шу манбасини топиб, албатта, уни жазолаймиз.

Шу, кўпроқ кечаси ҳавога [заҳарли моддани] қўйиб юборган. Бизнинг инспекторларимиз тезкор равишда ҳам шу жойга чиққан ҳолда ўша вазиятни ўрганишди ва олдини олиш нуқтайи назаридан, ҳозир ўша аниқланган корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича мен топшириқ бердим. [Бу бўйича] судларга ўзимизнинг [аризамизни] киритамиз”, – деди у.

Шунингдек, вазир Kun.uz мухбирининг умуман республикада ҳаво сифатини бузишда асосий ҳиссадор бўлган заводлар сони қанчалиги ва буни камайтиришда қандай ишлар қилинаётганига оид саволига жавоб берди.

Таъкидланишича, бунинг учун корхоналарга автоматик ўлчаш мониторлари ўрнатиш талаби қўйилган. Эндиликда бу талабни бажармаганлар учун жарима ва компенсация тўловлари оширилиши кутиляпти. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва Олий Мажлисга тақдим қилингани айтилди.

Бошқа йўли йўқ. Шунинг учун биз Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу талабни корхоналарга қўямиз. Лекин бу мониторлар – ўзига яраша харажат. Шунинг учун кўп корхоналар бош тортяпти. Кўп ҳолатларда уларга қулай [заҳарли моддани ҳавога] қўйиб юбориш, яъни табиатга зарар етказиш.

Мониторлар ўрнатилгандан кейин улар жуда ҳам катта миқдорда компенсация тўловларини ёки жарималар тўлашга мажбур. Шунинг учун шу йўллардан қочишга ҳаракат қилади. Ҳозирги кунгача ўша жарималар билан компенсация тўловлари жуда ҳам паст эди. Биз таклиф киритиб, уни карра-карра кўтардик.

Ҳозир Олий Мажлисда қонунимиз турибди. Шу кўтарилгандан кейин монитор ўрнатиш ёки ўша ерда чанг ушлайдиган ускуналарни ўрнатиш афзалроқ бўлади. Ҳозирги кунда, минг афсус, шу жарималар билан компенсация тўловлари миқдори паст бўлгани учун кўпроқ тадбиркорлар ўрнатишдан бош тортяпти”, – деди Абдуҳакимов.

Атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи хўжалик субъектларига атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи ташланмалар таҳлилини қиладиган автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш талаби 2024 йил қабул қилинган ҳукумат қарори билан ҳам белгилаб берилган.

Бундан аввалроқ, 2023 йил майдаги президент фармони билан ҳам шу масала мустаҳкамлаб қўйилганди.

Бу ерда муаммо нимада? Ўйлашимча, бир вақтлар тадбиркорликка кўпроқ эркинлик берилиб, шу тўсиқларни олиш нуқтайи назаридан экологик экспертизаларни бекор қилиб юборишган эди. Ўшанда жуда ҳам кўп корхоналар фильтрсиз қурилган, яъни ўша талаблар қўйилмаганди. Ҳозирга келиб уларга талаб қўйилса, “бу талаб ўша даврда бўлмаган-ку. Биз инвестормиз”, – деб кўплаб тортишувлар бўлади. Шу ҳолатларда қонунчиликни ўзгартириб, ҳозир талабни кучайтиряпмиз”, – деди у.

Вазир берган маълумотларга кўра, ҳозирда биринчи тоифада тахминан 2 мингта, иккинчисида эса 8 мингта корхона мавжуд.

Мавзуга оид