Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дарахтлар кесилиши сизга қандай таъсир қиляпти? Ижтимоий сўров
Ўзбекистонда 2025 йилнинг 6 ойида мораторий туфайли 450 мингдан ортиқ дарахтни кесиш ҳақидаги аризаларга рад жавоби берилган. Шундай бўлса-да, минглаб қимматбаҳо дарахтларни кесиб ташлаш давом этмоқда. Хўш, юртдошларимиз дарахтлар йўқотилаётганининг таъсирини нималарда сезяпти? Kun.uz мухбири бу борада кичик сўровнома ўтказди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган сўровнома иштирокчилари дарахтлар кесилиши сабаб ҳавода чанг миқдори ошгани, салқин жойлар камайганини айтди.
“Чанг бор. Нима учун дарахтлар кўчаларнинг юзига экилади? Шовқиндан сақлаш ва чангни ушлаш учун. Биз ўсимликларни, дарахтларни қанча кўп суғорсак, чанг ўз-ўзидан камаяди”.
“Мана, нафасимиз қисяпти, ҳаво етишмайди. Дарахт кўп бўлса, кислород бўлади. Ҳаво яхши эмас. Юрагимиз оғрийди, кўчага чиқа олмаймиз”.
“Ўзим навоийликман, республика бўйича ҳамма жой чўллашяпти, сув камайган. Ўша Бухоро, Навоийга борсангиз, дарахт йўқ, қуриб, чўл бўлиб кетган ҳамма жой”, – дейди суҳбатдошлар.
Респондентларнинг айримлари аллергияга чалинганини экологиянинг умумий ёмонлашуви, хусусан дарахтлар кесилишига боғлади. Шунингдек, баъзилар болалар орасида аллергия кўпайганига урғу берди.
“Бурундан сезса бўлади ўзи. Ҳар куни автобусда ишга бориб келаман, бекатгача 15 дақиқа пиёда юраман. Шу кунларда, айниқса ёз, баҳор пайтларида бурун чангга тўлиб қолади, ачишиб кетади. Албатта, ишга боргандан кейин бир марта юзимни ювмасам бўлмайди”, – дейди бир респондент.
Биз одамлардан дарахт кесганларга қандай жазо бериш кераклиги ҳақида ҳам сўрадик. Улар жазони масъул ташкилотлар белгилашини, муҳими қонун амалда ишлаши кераклигини айтишди.
“Жазо унча-мунча қўлланмаяпти-ку. Мана, қанча дарахтлар кесилиб кетди. Самарқанд вилояти Нарпай тумани Гулистон маҳалласида тураман. Қанча дарахтлар бор эди, янги ниҳоллар экдик, эккандан кейин ўша ер кимошди савдосига қўйилиб, сотилди. Мен “янги ниҳоллар экканмиз, дарахтларимиз мева-ҳосил бера бошлаган эди” деб қанча жойларга ёздим. Фойдаси бўлмади”, – дейди самарқандлик аёл.
Сўровномада дарахтларни сақлаб қолиш учун таклифлар ҳақида ҳам сўрадик.
“Ҳамма дарахт эксин. Баҳор келганда ҳамма оиладан ҳар бир одам биттадан дарахт экса, ҳамма жойимиз обод бўларди. Шундай қонун чиқарсин. Ҳар биримиз ҳар йили биттадан дарахт эксак, озмунча бўлмайди”.
“Бундан 2-3 йил олдин кўчат ўтқазиш оммавий бўлганди. Кейинги йилларда шу тадбир сал сустлашди шекилли. Менимча, тиклаш керак”.
“Томчилатиб суғориш деган нарса бор. Бизда кўрган бўлсангиз, ҳамма жойга гул экишади, лекин суғоришни ўйлашмайди. Бир ҳафтадан кейин қуриб кетади. Биринчи ўринда шу тизимни йўлга қўйиш керак. Шундан кейин дарахт экса бўлади. Айнан салқин берадиган дарахтларни экишимиз керак. Масалан, бизда арчалардан кўра акациялар кўпроқ эффект беради. Ҳамма ёққа арча экиб ташлаймиз, лекин арчанинг на сояси бор, на бошқаси бор. Баланд бўлиб ўсадиган манзарали дарахтлар кўпроқ кислород чиқариб беради”.
“Экологияда ишлайдиганларга ҳам яхшироқ ойлик бериб, шароит қилиб беришни сўрардим. Ўзимнинг акам экологияда ишларди, ойлиги камлигидан бўшаб кетди”.
Аввалроқ тадбиркор Мурод Назаров дарахтларга нисбатан мораторийни олиб ташлаш ва “дарахтлар банки”ни ташкил этиш таклифини берганди. Унинг таклифи кўплаб танқидларга, хусусан, Экология қўмитасининг ҳам кескин танқидига сабаб бўлди.
Мавзуга оид

11:23
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди

21:40 / 24.07.2025
Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади — экология вазири

15:26 / 24.07.2025
БМТ Халқаро суди: Давлатлар иқлимни ҳимоя қилиш мажбуриятига эга

15:17 / 24.07.2025