Ўзбекистон | 15:17 / 24.07.2025
2483
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон сайғоқларни сақлаб қолиш бўйича меморандум имзолайди

Ўзбекистон ва Қозоғистон сайғоқлар популяциясини қайта тиклаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиради.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остида турган сайғоқларни сақлаб қолишга қаратилган давлатлараро ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги икки томонлама мулоқот доирасида сайғоқларни сақлаб қолиш борасида англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилмоқда. Ушбу ҳужжат сайғоқлар сонини тиклаш бўйича комплекс дастурлар учун асос бўлади.

Меморандум доирасида қуйидаги қўшма тадбирлар кўзда тутилган:

— сайғоқларнинг анъанавий кўчиш йўналишларида эркин ҳаракатланиши ва хавфсизлигини таъминлайдиган чегара бўйлаб муҳофаза этилувчи ҳудудлар ва миграцион коридорлар яратиш;
– унинг озиқланиши ва кўпайиши учун муҳим бўлган табиий яйловлар, сув ҳавзалари ва экотизимларни тиклаш;
– сайғоқларни табиатга қайта кўчириш (реинтродукция) дастурини ишлаб чиқиш;
– илмий тадқиқотлар, мониторинг ва тажриба алмашинувини ташкил этиш, жумладан, қўшма экспедициялар, рейдлар, мутахассисларни ўқитиш ва популяция бўйича маълумотлар алмашиш.

Ҳамкорлик сайғоқни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини, жумладан, трансчегаравий экотизимларда сони, соғлиғи ва миграциясини мониторинг қилиш, яшаш муҳитини тиклаш ва ареалнинг парчаланишини олдини олиш бўйича режалар ишлаб чиқиш, илмий, техник ва генетик маълумотлар алмашиш, сунъий йўлдош кузатувлари ва ветеринария назоратини жорий этиш, браконьерликка қарши курашиш учун табиатни муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот кампанияларини ўтказиш, ҳисоб усулларини мувофиқлаштириш ва ягона маълумотлар базасини яратиш ҳамда табиатни муҳофаза қилиш дастурларини амалга ошириш учун халқаро ҳамкорларни жалб этиш кабиларни қамраб олади.

Мавзуга оид