Ўзбекистон | 11:40
6807
3 дақиқада ўқилади

Сенат чиқиндидан қарз сабаб электрга тўлов қилолмаслик механизмини танқид остига олди

“Ҳудудий электр тармоқлари” HET иловасида аҳоли томонидан чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаяпти, “Тоза макон” электрон биллинг тизими билан “Ҳудудий электр тармоқлари” тизими ўртасида тўлиқ интеграция таъминланмаган, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмас.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва Экология қўмитаси томонидан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари соҳасида тўлов интизомини, қонун ижросини таъминлаш механизмлари ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга аниқ манзилли саволлар йўлланди.

Маълумки, “Айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ маиший чиқиндилар хизмати учун мажбурий тўлов бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, истеъмолчи мазкур қарздорлик ҳақида СМС орқали огоҳлантирилганидан сўнг 5 кун ичида қарздорликни бартараф этмаса, электр энергияси бўйича тўловларни қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилиши назарда тутилган.

Бироқ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг HET иловасида аҳоли томонидан маиший чиқинди хизмати бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотлар акс этмаётгани, “Тоза макон” электрон биллинг тизими билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизими ўртасида тўлиқ интеграция таъминланмагани, шунингдек, айрим истеъмолчиларда чиқинди хизмати бўйича шартнома мавжуд эмаслиги ҳамда абонент ҳисобрақамларидаги ноаниқликлар жамоатчиликда ташвиш туғдирмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Сенат қўмитаси томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳамда Энергетика вазирлигига маълумотлар алмашинуви жараёнида юзага келаётган муаммолар юзасидан аниқ маълумот ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар тақдим этиш сўралди.

Эслатиб ўтамиз, 1 августдан бошлаб чиқиндидан қарзи борлар электр токи учун тўлов қилолмайдиган амалиёт ишлай бошлайди. Янги тартибга кўра, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача СМС юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.

Kun.uz студиясида суҳбатда бўлган Чиқиндиларни бошқариш агентлиги раҳбариятига кўра, августдан бошланадиган тартиб ички идентификациядан ўтган абонентларга татбиқ этилади ва фақат июл ойидан бошлаб шаклланган қарзларга тааллуқли бўлади. Иқтисодчи Отабек Бакиров янгиликни амалга киритишдан олдин қилиниши керак бўлган ишлар бор эди деб ҳисоблаганди.

Мавзуга оид