Жаҳон | 23:10 / 19.07.2025
1323
2 дақиқада ўқилади

Украина Россияга келаси ҳафта янги музокаралар ўтказишни таклиф қилди – Зеленский

Музокаралар динамикасини ошириш керак. Ўт очишни тўхтатиш учун ҳамма нарсани қилиш керак, деди Украина раҳбари.

Фото: Guglielmo Mangiapane / Reuters

Украина президенти ўзининг кечки мурожаатида Рустем Умеров Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг янги котиби сифатида Россия томонига кейинги ҳафтада навбатдаги учрашувни таклиф қилганини айтди.

«Музокаралар динамикасини ошириш керак. Ўт очишни тўхтатиш учун ҳамма нарсани қилиш керак», деб қўшимча қилди Володимир Зеленский.

Россия ва Украина 16 май ва 2 июн кунлари Истанбулда иккита учрашув ўтказди. Улар томонларнинг позициялари ўртасидаги зиддиятларнинг чуқурлигини кўрсатди, аммо музокаралардан кейин асирларнинг катта гуруҳлари ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари билан бир нечта алмашинувлар бўлиб ўтди. Умеров ўша пайтда мудофаа вазири сифатида музокараларда Украина делегациясига раҳбарлик қилди.

Зеленский, шунингдек, Россия ва Украина етакчиларининг учрашувини зарур деб ҳисоблашда давом этишини таъкидлади ва бундай учрашувга тайёрлигини қўшимча қилди.

Зеленский музокараларнинг аниқ санасини ҳали айтмади, шунингдек, Россиянинг Украина таклифига муносабати ҳам ҳозирча маълум эмас.

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокаралар улардан қочаётган ёки мулоқотга тайёрлигини аниқлай олмаётган Киев туфайли тўхтаб қолганини айтган эди.

«Россия 24» канали эфирга узатган брифингда у Москва музокараларга тайёрлигини бир неча бор эълон қилганини, 2022 йилда ҳам шундай бўлганини, ҳозир ҳам шундай эканини эслатди.

Мавзуга оид