Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда дарахт кесиш масаласидаги тортишув, порахўр божхоначи, Мўғулистондан келтириладиган чорва – маҳаллий дайжест
Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти тасдиқланди. Тошкент ва Фарғонада ички ишлар соҳасидаги пенсионерлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига танлов асосида жалб қилинадиган бўлди. Қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров Тошкент шаҳрида дарахтларни кесишга чеклов бекор қилиниши кераклигини айтди, унга эътироз билдирганлар ҳам бўлди. Наманганда пластик карта орқали пора олган божхона инспектори ушланди. Ўзбекистонга Мўғулистондан 100 минг бош мол келтирилади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш бошланади
Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан кўчмас мулкни оммавий баҳолаш услубиёти тасдиқланди. Оммавий баҳолаш Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан ўтказилади.
Оммавий баҳолашни ўтказиш тартиби бошқа нарсалар қатори, объектлар қийматини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларни, шу жумладан, кўчмас мулк бозори тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, оммавий баҳоланиши лозим бўлган объектларни гуруҳлаш, объектлар қийматини аниқлашни ўз ичига олади.
Оммавий баҳолаш 2025-2026 йилларда – тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида, 2026-2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоят марказларида, 2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда ўтказиш режалаштирилган.
Тошкент ва Фарғонада ички ишлар соҳасидаги пенсионерлар ҳуқуқбузарликлар профилактикасига жалб қилинади
Пенсионерлар шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига ихтиёрий тартибда, ички ишлар органлари томонидан танлов асосида жалб қилинади. Танловда иштирок этадиган пенсионерларнинг сони чекланмайди.
Ички ишлар органлари шартнома асосида муносиб пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш учун танлов ташкил этади ва ўтказади. Танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ҳамда ўтказилишини таъминлаш учун Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ёки Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси ташкил этилади.
Қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаров Тошкент шаҳрида дарахтларни кесишга чеклов бекор қилиниши кераклигини айтди
Унинг сўзларига кўра, дарахт кесишга қўйилган чекловлар коррупцияни кучайтиради. У мазкур масалага ечим сифатида қурувчи компания зиммасига кесилган дарахтлар ўрнига янгиларини экишни юклаш кераклигини кўрсатди.
Унинг фикрига ҳамма ҳам қўшилмади – депутат Бобур Бекмуродов дарахтларни кесишни қонунийлаштиришга уринишларга қарши чиқди. Депутат Жавлон Абдуллаев эса Мурод Назаровнинг таклифини экологик жиноятга тенглаштирди.
Пластик карта орқали пора олган божхона инспектори ушланди
Наманган вилояти божхона бошқармаси «Учқўрғон» чегара божхона постининг божхона назорати ва расмийлаштирув гуруҳи инспектори ДХХ томонидан ушланди.
У хориждан келтирилган 57 дона Iphone 16 PRO MAX телефонини Тошкент халқаро аэропортида ишловчи божхона ходими орқали IMEI коди бўйича рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига ҳар бири учун 100 АҚШ долларидан, жами 5700 АҚШ доллари ҳамда муқаддам фуқаро томонидан чет элдан декларацияда кўрсатмаган ҳолда кийим-кечакларни олиб келгани юзасидан чора кўрмагани эвазига 400 АҚШ доллари талаб қилган.
Поранинг бир қисмини ўзи ва қариндошига тегишли банк пластик карталарига ўтказиб олганида ДХХ, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Божхона қўмитаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги фуқаролар барпо қилган яшил ҳудудни аукционда сотиб юборди
Учтепа туманидаги Кўксарой маҳалласи аҳолиси ташаббус кўрсатиб, маҳалла ҳудудидаги ташландиқ жойни обод қилган, текислаган, дарахт экиб, болалар учун аттракцион ўрнатган эди. Аммо маҳаллий ҳокимлик қарийб чиқиндихонага айланиб ётган жойда пайдо бўлган бу яшил ҳудудни аукционга чиқариб, сотиб юборди.
Энди ҳокимлик ва аҳоли ўртасида низо келиб чиққан: фуқаролар ҳокимликнинг қароридан норози, ҳокимлик эса «Ким сизларга обод қил деди?» қабилида иш тутмоқда.
Ўзбекистонга Мўғулистондан 100 минг бош мол келтирилади
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида 2025–2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари белгиланди:
Давлат раҳбари имзолаган ҳужжат:
- Мўғулистондан Ўзбекистонга 100 минг бош майда шохли молларни олиб келиш ва уларни маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишлари ёрдамида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 2029 йил якунига қадар 1 млн бошга етказиш;
- босқичма-босқич жун ва кашемирни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Мўғулистонга экспорт ҳажмини ҳар йили ошириб бориб, 10 баробарга кўпайтириш чораларини кўриш;
-Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тажриба алмашиш ва мутахассислар малакасини оширишни йўлга қўйишни назарда тутади.
Мавзуга оид

22:26 / 17.07.2025
Аҳоли ташаббуслари учун майдон, экологик инспекторларнинг калтакланиши, ЙПХ ходимининг қаҳрамонлиги, Тошкентдаги UzFace тизими – маҳаллий дайжест

23:06 / 16.07.2025
Кўкдаладаги портлаш, Қорақалпоғистонда аномал ҳарорат ва Мирободда ушланган подполковник – маҳаллий дайжест

00:06 / 16.07.2025
Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келади, Etihad Airways Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди — маҳаллий дайжест

23:28 / 14.07.2025