Жаҳон | 16:00
3612
2 дақиқада ўқилади

Ғарбий Қозоғистонда сайғоқларни овлаш бошланди

Сайғоқларни овлаш 2025 йил 30 ноябрига қадар давом этади. Асосий мақсад табиий мувозанатни сақлаш, яйловлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини асраш экани таъкидланмоқда.

Фото: gov.kz

Ғарбий Қозоғистон вилоятида сайғоқлар сонини тартибга солиш бўйича ишлар бошланди, дея хабар берди Tengrinews вилоят маъмуриятига таяниб.

Сайғоқларни овлаш 2025 йил 30 ноябрига қадар давом этади. Асосий мақсад табиий мувозанатни сақлаш, яйловлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини асрашдир.

Операцияга 40 нафарга яқин мутахассис жалб этилган. Тўртта жамоа тузилди, уларнинг ҳар бири учта техника бирлиги билан таъминланган - жами 12 та техникадан фойдаланилади.

Жорий йилги мониторингга кўра, Ғарбий Қозоғистон вилоятида 2,3 миллионга яқин сайғоқ бор. Ҳисоб-китобларга қараганда, 20 фоиздан кўп бўлмаган ёки 460 мингга яқин сайғоқни безарар овлаш мумкин.

Овланган ҳайвонларнинг гўшти қайта ишлаш учун махсус корхоналарга етказиб берилади.

Ғарбий Қозоғистон вилояти маъмуриятининг тушунтиришича, сайғоқ популяциясининг назоратсиз ўсиши қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етказади ва экологик мувозанатни бузади. Бу борадаги ишлар ҳукумат қарори асосида барча ҳуқуқий ва экологик меъёрларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.

Қозоғистонда сайғоқларни отиш 2024 йил февралида тўхтатилган, шунда амалдорлар сайғоқлар сони яна 40 фоизга кўпайишини башорат қилган эди.

Аввалроқ Қозоғистонда сайғоқлар популяцияси ҳаддан зиёд кўпайгани, маҳаллий фермерлар бундан азият чекаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Сайғоқлар ҳатто Россия ҳудудларига кўчиб ўтиб, экинлар, яйловлар, пичанзорларни пайҳон қилаётгани туфайли, россиялик фермерлар президент Владимир Путиндан ёрдам сўраган эди.

Кейинроқ, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қўшни давлатдаги популяцияни тиклаш мақсадида Хитойнинг ғарбий қисмига қўйиб юбориш учун Хитой ҳукуматига 1,5 минг бош сайғоқни совға қилди.

Мавзуга оид