Ўзбекистон | 16:57
5041
3 дақиқада ўқилади

Денов туман суди собиқ раиси 5 йилга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди собиқ раиси Камолиддин Муродов жиноий жазога тортилди: маст ҳолатда машина бошқариб, ЙТҲ содир қилган собиқ судя 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Ушбу ЙТҲда машинада бўлган адвокат воқеа жойида вафот этганди.

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди собиқ раиси Камолиддин Муродовга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Камолиддин Муродовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ў. Мамадалиевнинг раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига мувофиқ Камолиддин Муродов Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.

Камолиддин Муродов жорий йил 9 март куни адвокат таниши билан ЙТҲга учраган. Бунинг оқибатида адвокат оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Камолиддин Муродов айбига умуман иқрорлик билдирмаган ҳамда машина бошқарувида ўзи бўлганини рад этган. Аммо суд-биологик экспертизаси рулда у бўлганини тасдиқлаган.

Камолиддин Муродов ва укам бир-бирлари билан яхши таниш эди. Воқеа содир бўлган куни суд раиси ўз хизмат машинасида укамнинг уйига келган. Кейин улар укамга тегишли Lacetti машинасида қаергадир чиқиб кетишган.

Ортга қайтишда машина йўлдан чиқиб кетиб, дарахтга урилган. Бунинг оқибатида укам ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, ЙТҲ пайтида машина рулида судя бўлган, адвокат укам эса олд йўловчи ўриндиғи томондан ташқарига отилиб чиқиб кетган. Албатта, рулда ким бўлгани тергов жараёнида аниқланади. Биз ҳақиқат қарор топиши тарафдоримиз. Сабаби укамнинг тўрт фарзанди етим қолди”, деганди олдинроқ марҳум адвокатнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган опаси.

2024 йил декабр ойи охирида Камолиддин Муродов ўзига қарши суддан яширинган эди. Шу сабабли жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди жиноят унга қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ва қидирув эълон қилиш ҳақида ажрим чиқарган, суд ҳужжатида собиқ судя ушлангач Қарши шаҳар 5-тергов ҳибсхонасига этап қилиниши белгиланганди.  

Мавзуга оид