Россия Харкив, Купянск ва Запорижжяга ҳужум қилди
Россияликлар Харкивга учувчисиз учоқлар ва Купянскка авиабомбалар билан зарба берди, жароҳатланганлар бор. Запорижжяда ракета зарбалари натижасида турар жой бинолари вайрон бўлди, одамлар жароҳатланди.

Фото: Telegram / synegubov
Россия қуролли кучлари Украинага қарши кенг кўламли урушни давом эттириб, Харкивга учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди. «Душман шаҳарга камида етти марта зарба берди. Қурбонлар ва зарбалар оқибатлари ҳақида маълумотлар аниқлаштирилмоқда», — деди вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов 25 июн, чоршанба куни эрталаб.
Унинг сўзларига кўра, Харкивнинг Киев туманидаги фуқаролик корхонасига "Герань-2" дронларининг тўртта зарбаси, яна бири шаҳарнинг Шевченко туманида қайд этилган, натижада уч қаватли бино ёниб кетган. 64 ёшли эркак тан жароҳати олди, унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, деб ёзди Синегубов Telegramʼда.
Ўз навбатида, Харкив мэри Игор Терехов Киев туманидаги ҳеч ким яшамайдиган турар жой биносига зарар етганини, ўққа тутиш натижасида ёнғин чиққанини маълум қилди. Бир киши жароҳатланган, у касалхонага ётқизилган. Вазият марказига таяниб, Терехов шунингдек, кеча тунда Харкивга еттита Shahed дронлари томонидан ҳужум қилингани, барча зарбалар шаҳарнинг Киев туманига — фуқаролик корхонаси ва турар жой биноси ёнида бўлганини ёзган.
Харкив ВҲМ раҳбари, шунингдек, Купянскка бошқариладиган авиабомбалар (КАБ) билан зарба берилгани ҳақида хабар қилди. «КАБнинг ерга урилгани натижасида тўққиз қаватли турар жой биносига зарар етган. Беш нафар тинч аҳоли жароҳатланган. Уларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», — деди у.
Бундан ташқари, россияликлар Запорижжяга ракеталар билан ҳужум қилди, бунинг натижасида тўққизта турар жой биноси, хўжалик бинолари ва автомобиллар зарар кўрди, деди Запорижжя ВҲМ раҳбари Иван Федоров. Унинг сўзларига кўра, шаҳарга тўрт марта зарба берилган, икки киши жароҳатланган — 31 ва 35 ёшли эркаклар, улардан бири ўртача оғирликда касалхонага ётқизилган.