Электр ва газ нархларининг ўзгариши. Бу истеъмол ҳажми ва таъминот даражасига қандай таъсир қилди?
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, Ўзбекистонда 10 минг kWh'дан ортиқ электр энергияси истеъмол қилган уй хўжаликлари сони 5,3 баробарга камайган. Марказ сўровномасида қатнашган респондентларнинг деярли ярми электр энергияси ҳамда табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ижобий ўзгариш бўлганини қайд этган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2024 йил май ойида жорий этилган ижтимоий истеъмол нормасига асосланган янги тариф сиёсати доирасида уй хўжаликларининг энергия истеъмолига таъсирини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказди.
Тадқиқотда республика бўйича 3516 та уй хўжаликлари иштирок этган. Шунингдек, 3,5 млн табиий газ ва 8 млн электр энергияси абонентларининг истеъмол маълумотлари таҳлил қилинган.
Таҳлил натижаларига кўра, 2024 йилнинг май-декабр ойларида электр энергияси истеъмоли 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 10,6 фоизга (1,3 млрд kWh) камайган.
Айниқса ойига 10 минг kWh'дан ортиқ электр энергияси истеъмол қилган уй хўжаликлари сони сезиларли даражада қисқарган. 2023 йилда бундай оилаларнинг сони 80 мингга яқин бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 15 мингтагача камайган.
Ўз навбатида, ойига 200 kWh'гача электр энергияси истемол қилган абонентлар улуши 2023 йилда 71 фоизни ва 2024 йилда 72 фоизни ташкил этган.
Табиий газ истеъмолида ҳам юқоридаги каби тенденция кузатилган: 2024 йилда абонентларнинг 58 фоизи 500 куб метргача табиий газ ишлатган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 54 фоизни ташкил этган. Яъни тарифлар ошиши асосий истеъмол ҳажмининг кескин ўзгаришига олиб келмаган.
Энг сезиларли пасайиш дастлабки истеъмоли нисбатан юқори бўлган ҳудудларда, масалан, Самарқанд, Тошкент, Андижон ва Наманган вилоятларида кузатилган. Юқори истеъмол даражаси (ойига 10 000 kWh'дан ортиқ) бўлган уй хўжаликлари сони сезиларли даражада камайган, бу эса энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланишга ўтиш бошланганидан далолат беради.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг деярли ярми электр энергияси ҳамда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни қайд этган.
Уй хўжаликларининг 47 фоизи, хусусан, Сурхондарё (78 фоиз), Сирдарё (70 фоиз) ва Наманган (67 фоиз) вилоятларида электр энергияси таъминоти яхшиланганини билдирган.
Респондентларнинг 39 фоизида табиий газ таъминоти яхшиланган. Энг юқори кўрсаткичлар Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида (ҳар бирида 68 фоиз) ҳамда Жиззах вилоятида (60 фоиз) кузатилган.
Ижобий ўзгаришлардан яна бири – уй хўжаликларида маиший даражада энергия тежаш чораларини кенг миқёсида жорий этиш бошланган. Респондентларнинг 90 фоиздан ортиғи энергия харажатларини камайтириш учун камида битта чора-тадбир амалга оширилганини маълум қилган.
Энг кенг тарқалган амалиёт LED-ёритиш мосламаларини ўрнатиш бўлиб, уй хўжаликларининг 87 фоизи светодиодли ёритишга ўтган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятлари каби ҳудудларда бундай оилалар сони 90 фоиздан ошган.
Уй хўжаликларининг 44 фоизи, айниқса, Қашқадарё (84 фоиз), Бухоро (69 фоиз) ва Хоразм (54 фоиз) вилоятларида пластик дераза ва эшиклар ўрнатиш орқали энергия самарадорлигини яхшилаган.
31 фоиз уй хўжаликлари энергия тежамкор маиший техника сотиб олган, бундай қарорларнинг энг катта улуши Жиззах (60 фоиз), Навоий (59 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон (54 фоиз) Республикасида кузатилган.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш ортиб бормоқда.
Республикадаги 64 минг уй хўжаликларида умумий қуввати 223,4 MWh бўлган қуёш панеллари ўрнатилган. Йиллик ишлаб чиқариш қарийб 313 млн kWh'ни ташкил этади, бу орқали 104 млн куб метр табиий газ тежалди.
Қуёш панеллари ўрнатган уй-хўжаликларининг ярмидан кўпи эришилган натижалардан мамнун эканликларини таъкидлаб, келгусида мазкур қурилмалар сонини кўпайтиришга қизиқиш билдиришган. Таҳлил шуни кўрсатадики, республикада 1,9 млн уй хўжаликларида қуёш панелларини ўрнатишга талаб мавжуд, бу эса 2,3 млрд доллардан ортиқ ички бозорни шакллантириш истиқболларини очади.
Шу билан бирга, хонадонларда самарадорлиги паст бўлган газ котёллари ва қўлбола печка орқали юқори энергия истеъмоли сақланиб қолмоқда, бу эса уй-жой инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий технологияларга ўтишни рағбатлантириш зарурати мавжудлигини кўрсатади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Мавзуга оид

09:54
Bloomberg: "Газпром" Туркиядаги газ ҳаби бўйича режаларни кейинга қолдирди

09:02
Жамшид Қўчқоров – энерготарифлар ошиши, иқтисодий ўсиш ва ташқи қарзлар ҳақида

15:33 / 03.06.2025
TAQA ва Mubadala Талимаржон энергетика мажмуасидаги ИЭСни сотиб олди

12:10 / 03.06.2025