Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Свет ўчмаган кун йўқ: Тошкент электрсиз қийналмоқда
Пойтахт яна электр энергияси узилишлари гирдобида қолди. Ёз чилласида минглаб истеъмолчилар соатлаб токсиз қоляпти. Бутун шаҳар бўйлаб «шахмат тартибида ўчириш» бошланган. Шифохоналар, боғчалар ва давлат ташкилотлари ҳам вақти-вақти билан таъминотдан узиляпти.

Охирги кунларда Тошкент шаҳрида электр энергияси таъминотида узилишлар муттасил равишда кузатиляпти. Маҳаллалар навбати билан электрдан узиб қўйиляпти. Бунинг оқибатида аҳоли ва тадбиркорлар турли муаммолар билан юзлашмоқда
Ижтимоий тармоқларда одамлар соатлаб электрсиз қолаётгани, сув таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида ёзишяпти. Шифохоналар, боғчалар ва давлат ташкилотлари ҳам вақти-вақти билан токсиз ишлаётгани ҳақида хабарлар бор. Светофорлар ишламаслиги оқибатида шаҳарда ҳаракатланиш қийинлашган.
Таниқли актёр Меҳриддин Раҳматов ўз хонадонида свет кўп ўчаётгани сабаб маиший техникалари куйиб қолаётганини айтиб, масъуллардан тушунтириш беришни талаб қилди.
Шундан кейин “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” ҳаво иссиқлиги сабаб босим ортаётгани, ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш учун свет тез-тез ўчирилаётганини маълум қилди. Шунингдек, пойтахтнинг барча ҳудудларида кенг кўламли тармоқларни янгилаш, подстанция қувватларини ошириш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари кетаётгани қўшимча қилинган.
Кунига бир неча марта, огоҳлантиришсиз электр таъминоти узилишларининг юз бераётгани нафақат аҳолига, балки бизнес муҳитига ҳам жиддий таъсир қиляпти. Масалан, Ипак йўли банки иш фаолиятидаги техник носозликларга айнан электр таъминотидаги узилишлар сабаб бўлаётганини маълум қилди.
1055 коммунал диспетчерлар телеграм-каналида ҳам пойтахтнинг деярли барча туманларида кунига бир неча марта свет ўчаётганидан норози истеъмолчилар минглаб шикоят қолдирганини кўриш мумкин. Канал админлари мурожаатчиларнинг аксариятига узилишлар режали таъмирлаш ишлари бошлангани ёки техник носозлик ортидан рўй бераётганини билдирмоқда.
Эскича ишлаш тизими
Июл ойининг бошларида Тошкент шаҳри ва вилоятларда кузатилган свет ўчишларини “Ҳудудий электр тармоқлари” режали таъмирлаш ишлари ва тармоқларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш билан изоҳлаганди. Компания узилишлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш ишларини яхшилашга ваъда ҳам берганди.
Статистик рақамларга эътибор берилса, Ўзбекистонда электр энергиясининг энг кам истеъмоли баҳорги вақтга тўғри келади. Қолаверса, бу даврда ёз фаслидагидек иссиқ кузатилмайди. Мана шу даврда олдинда турган жазирама кунларда электр истеъмоли кескин ортишига тайёргарлик кўриш талаб этилади. Амалда эса режали ўчиришлар, таъмирлашлар ёз чилласида амалга ошириляпти.
Нархлар каррасига ошди, муаммолар тугагани йўқ
2024 йил 1 майдан бошлаб энергия истеъмолида ижтимоий норма жорий этилганди. Ўшанда аҳоли учун 1 kWh электр энергиясининг базавий нархи 295 сўмдан 450 сўмгача кўтарилди. Истеъмол ҳажми ошиб бориши билан, тариф бир неча баробар қимматлашиши амалиётга киритилди.
2025 йил 1 майдан бошлаб тарифларда янги ўсиш кузатилди. Электр энергиясининг базавий қиймати яна 33,3 фоизга ошиб, 1 kWh учун 600 сўмга етди. 2026 йилдан электр ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олиб, аммо 10 фоиздан ошмаган миқдорда кўтарилади.
Шундай бўлса-да, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялаш давом этяпти. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун субсидиялар кўринишида 12,3 трлн сўм ажратиш режа қилинган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиёт 2028 йилга борибгина тўхташи мумкин.
Расмийлар тарифларнинг ошишини эскирган инфратузилмани модернизация қилиш, энергия компанияларининг зарарларини камайтириш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш зарурати билан изоҳлашганди. Амалда вазият кўп ҳам ижобийлашмади, таъминотда мавжуд муаммолар ҳали сақланиб қоляпти.
Мавзуга оид

11:29
Бош режа ўзгартирилиши мумкин, фақат тадбиркорнинг ғояси билан эмас – Қурилиш вазирлиги

18:40 / 25.07.2025
Вазир ўринбосари Тошкентнинг бош режаси ўзгаришини рад этди. Лекин акс баёнотлар ва лойиҳалар кўп

17:48 / 25.07.2025
Тошкентда 670 мингдан ортиқ хонадонга ақлли сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатилади

22:49 / 24.07.2025