Жаҳон | 12:50 / 31.05.2025
4150
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Эронга ҳужум қилиш таҳдиди туфайли Исроил билан ҳарбий ҳамкорликни музлатди

Трамп Нетаняҳу билан телефон суҳбатида Эрон ядровий иншоотларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ядровий иншоотларига ҳужум қилиш таҳдиди муносабати билан Исроил билан ҳарбий ҳамкорликни музлатишга буйруқ берди. Бу ҳақда Исроилнинг Channel 12 телеканали хабар берди.

Телеканал маълумотларига кўра, Трамп бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан телефон суҳбатида «аниқ тилда» Ислом Республикасининг ядровий иншоотларига ҳужумлардан огоҳлантирган.

Президент Эроннинг ядровий иншоотларига ҳозирда ҳужум қилиш «номақбул» бўлиши ва Исроилнинг хавфсизлик манфаатларини ҳам ҳисобга оладиган узоқ муддатли келишувга эришиш имкониятларига зарар етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Айниқса, Исроил АҚШ билан ҳамкорликка, жумладан, ракетага қарши мудофаа соҳасидаги ёрдамга жуда боғлиқ экани алоҳида таъкидланган.

Телеканалнинг қайд этишича, Трамп ва Нетаняҳу ўртасидаги сўнгги суҳбат Эрон масаласи бўйича жиддий келишмовчиликларни кўрсатди.

Америка президенти дипломатик йўлга содиқлигини билдирди ва барча томонлар манфаатларига жавоб берадиган «яхши келишув» бўлиши мумкинлигини айтди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар Уммон воситачилигида давом этмоқда. Бешинчи тур 23 май куни Римда бўлиб ўтди. 26 майдаги сўнгги баёнотида Трамп «сезиларли ўзгариш» ҳақида маълум қилди ва яқин келажакда ижобий натижаларга умид билдирди.

Оқ уй раҳбари, шунингдек, Нетаняҳуни музокаралар жараёнини бузиши мумкин бўлган «қадамлар» ҳақида огоҳлантирганини таъкидлади.

Мавзуга оид