Япония қишлоқ хўжалиги вазири гуруч ҳақидаги гапларидан кейин истеъфо берди
Вазир Таку Это «ҳеч қачон гуруч сотиб олмагани, балки унга доим совға қилишгани»ни айтганди. Унинг бу сўзлари жамоатчиликнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.

Фото: Kyodo/Reuters
Япония қишлоқ хўжалиги вазири Таку Это гуруч ҳақида айтган гапларидан кейин келиб чиққан можаролар фонида истеъфога чиқишга қарор қилди. The Guardian’нинг ёзишича, олдинроқ у «ҳеч қачон гуруч сотиб олмагани, балки унга доим совға қилишгани» ҳақида гапирган.
Вазирнинг сўзлари японлар орасида танқидларга сабаб бўлди, чунки мамлакатда йил давомида гуруч нархи икки бараварга қимматлашди. 2025 йилда Япония бозорида инқироз қайд этилди. Тарихда биринчи марта тинчлик ва табиий офатлар кузатилмаган вақтда ҳукумат нархлар ўсишини тутиб туриш мақсадида давлат захираларини сотувга чиқара бошлади.
Таку Это мамлакат аҳолисидан узр сўраб, бундай «инқирозли вазиятда» ўзининг вазирликни бошқариши ноўрин деган хулосага келди. Шунингдек, Это айтган гаплар учун ҳукумат раҳбари Сигэру Исиба ҳам кечирим сўради.
Японияда гуруч тақчиллиги 2023 йилги ҳосил яхши бўлмагани ва 2024 йили тарқалган «мегазилзила» тўғрисидаги хабарлар сабаб юзага келган ваҳимадаги харидлар билан боғланмоқда.
Феврал ойида Японияда 5 килоли қадоқдаги гуруч нархи 3688 иенага (24 доллар) етганди — бу 2024 йил февралдаги кўрсаткичдан 1,5 баробарга қиммат. Март ойида эса мамлакат ҳукумати стратегик захиралар ҳисобидан 210 минг тонна гуручни сотишни режалаштираётгани маълум бўлган эди.
Ўтган йилнинг июлида Японияда гуруч захираси туристлар оқими ва ҳосилдорликнинг камайиши сабаб сўнгги ўн йилликдаги энг паст даражага тушиб кетгани тўғрисида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, мамлакатда гуручга бўлган талаб кутилмаганда 7 миллион тоннагача ошган ва маҳаллий ҳукумат буни туристларнинг келиши билан боғламоқда.
Мавзуга оид

09:05 / 21.05.2025
“Табиий, инновацион, трансформатив” – японлар ўзбек павилионига қандай таъриф бермоқда?

17:12 / 20.05.2025
“Токиодаги ўзбекларнинг ўғрилиги Ўзбекистон имижига минус” – Япониядаги элчи билан суҳбат

11:21 / 16.05.2025
Токиода Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси қўлга олинди

18:09 / 04.05.2025