Ўзбекистон | 16:37
1105
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда «Термиз мулоқоти»нинг биринчи йиғилиши бошланди

Форум Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Америка, Яқин Шарқдан 200 га яқин иштирокчиларни жамлади.

19 май куни Термиз шаҳрида “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бошланди.

Тадбир Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Форум Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Америка, Яқин Шарқдан 200 га яқин иштирокчиларни жамлади. Улар орасида сиёсий-иқтисодий, бизнес доиралар, молия институтлари, халқаро ва минтақвий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларининг таниқли экспертлари бор.

Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ўз нутқида анжуманнинг Термиз шаҳрида ўтказилиши рамзий маънога эгалигини қайд этди.

— Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ушбу қадимий шаҳар азалдан минтақаларни боғловчи муҳим марказ бўлиб хизмат қилган. Термизнинг бой тарихий мероси умумий тараққиёт учун янги стратегик имкониятларни очадиган ҳамкорликнинг ягона маконини барпо этиш учун мустаҳкам замин яратмоқда, — деди эксперт.

Элдор Арипов Термиз мулоқотининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, глобал беқарорлик шароитида барча ўзаро ҳурмат ва тенг ҳуқуқли иштирокка асосланган эркин ва конструктив мулоқот ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда 2021 йилнинг июль ойида президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилди, 2022 йилда эса БМТнинг тегишли резолюцияси қабул қилинди. Бу қадамлар ҳамкорлик ва тарихий алоқаларни тиклашга асосланган янги минтақавий кун тартибига асос солди.

— Бугун бунинг учун барча зарур шароитлар мавжуд,— деди E.Aripov. — Марказий Осиёда Жанубий Осиё билан ҳамкорликни биргаликда чуқурлаштириш учун мустаҳкам ҳамжиҳатлик шаклланган. «САСА-1000», ТАПИ ва Трансафғон йўлаги лойиҳаларининг қўллаб-қувватланиши ҳам бунга исбот бўла олади. Бундан ташқари, СМТИ директори Афғонистон босқичма-босқич трансформация бўлаётгани ва қўшнилар билан тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашга интилаётганини таъкидлади. Мамлакатнинг минтақавий алоқаларга, жумладан, Марказий Осиё билан тўлақонли интеграция бўлишга қизиқиши икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун тарихий имконият очмоқда.

Элдор Арипов Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳақида гапирар экан, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар барқарор ривожланиб бораётгани, иқтисодий кун тартиби ушбу жараёнда муҳим роль ўйнаётганини қайд этди. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми беш миллиард доллардан ошди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткич минтақалар эга бўлган катта салоҳиятга нисбатан паст.

Эксперт иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун савдо амалиётларини янада соддалаштириш, транспорт йўлакларининг кўп вариантли тизимини яратиш ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришни муҳим деб ҳисоблайди.

Шу маънода, Трансафғон йўлагини қуриш лойиҳасини тезроқ амалга ошириш стратегик жиҳатдан муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, унинг ҳаётга татбиқ этилиши минтақа мамлакатлар учун Ҳинд океани портларига энг қисқа йўл очиб, Жанубий Осиёни Марказий Осиё, Россия, Хитой ва Европа бозорлари билан боғлайди.

Эксперт Термиз мулоқоти минтақаларнинг фаровонлиги йўлидаги ҳамкорлик тамойилларига асосланган, зиддиятлар ва қарама-қаршиликлардан холи муносабатларнинг янги моделини таклиф этишига умид билдирди.

Мавзуга оид