Жамият | 10:08 / 16.07.2025
7013
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда бўғма ва кобра илонлар табиатга қўйиб юборилди

Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари ҳамда Фанлар академияси Зоология институти мутахассислари ҳамкорлигида 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош шарқ бўғма илони — жами 23 бош илон табиатга қайтарилди.

Фото: Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси

Ўрта Осиё кобраси ва Шарқ бўғма илони заифга яқин, мозаик тарқалган тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES'нинг II иловасига киритилган. Қизил китобдаги маълумотларга кўра, Ўрта Осиё кобраси ҳозирда айрим яшаш жойларида бутунлай йўқ бўлиб кетган, қолганларида сони кам учрайди. Шарқ бўғма илонининг сони ҳақида эса аниқ маълумотлар йўқ.

Мазкур илонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги инспекторлари томонидан ўтказилган рейдлар давомида фуқаролар томонидан ноқонуний сақлаб келинаётганлиги аниқланган ва олиб қўйилиб, Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилганди. Энди эса Фанлар академияси Зоология институтининг илмий хулосаси асосида «Сурхон» давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон ҳудудларига қўйиб юборилди.

Аввалроқ Тошкент вилояти Экология бошқармаси, Бош прокуратура, вилоят ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд давомида фуқаро хонадонида ноқонуний равишда илонлар сақланаётгани аниқланган эди.

Мавзуга оид