Жаҳон | 22:48 / 12.05.2025
3631
5 дақиқада ўқилади

Зеленский Путинни юзма-юз гаплашишга чақирди. Россия нега оташкесимни чўзяпти?

Россия–Украина урушида айниқса Россиянинг сиёсий оҳанги ўзгариб бормоқда. Путин 15 май куни Истанбулда икки томонлама музокараларни бошлашни таклиф қилди, Украина ва Ғарб эса 30 кунлик оташкесимни талаб қилмоқда. Kun.uz сўнгги воқеаларни шарҳлаш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Шуҳрат Расулга мурожаат қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Путин нега дастлабки шартларсиз музокара ўтказишга чақиряпти? Москвада реал хоҳиш бўлса, дастлабки 30 кунлик сулҳга рози бўлмасмиди?

Шуҳрат Расул: Путин “шартларсиз музокараларга тайёрмиз” дегунча, Россия томони доимий шартларини айтиб келаётганди, Энг охирги шарти – айнан 30 кунлик оташкесимга рози бўлсак, Украинага Ғарбдан қурол-яроғ етказиш ҳам шу вақт ичида тўхтатиб турилиши керак, деган эди. Лекин Путиннинг ярим тунда берган баёнотларига нималар таъсир қилди?

Менимча, биринчи фактор бу – Евроиттифоқ 17-санкциялар пакетини тайёрлагани бўлиши мумкин. Иккинчи асосий фактор – Америка Қўшма Штатлари конгрессменлари Россияга эмас, бу сафар Россиядан нефт ва нефт маҳсулотлари, энергетика маҳсулотларини сотиб оладиган давлатларга 500 фоизлик бож солиш билан таҳдид қилди.

Лекин энг асосий ва ҳал қилувчи фактор бу ерда Россиянинг бугунги кундаги иқтисодий ҳолати деб ҳисоблайман. Бир неча кун олдин Россия Марказий банки раиси Элвира Набиуллина Россия миллий валютасининг девалвацияга учраб қолиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Буни биз аввалги суҳбатларимизда айтган эдик, менимча, шу ҳам катта таъсир кўрсатяпти. Рубл курсини сунъий ушлаб туришди, чунки 9 май байрамини ўтказиб олишлари керак эди.

Камолиддин Раббимов: Путин агар 30 кунлик сулҳга рози бўлиб, Украинага имконият берадиган бўлса, Россия ютқаза бошлайди. Чунки Россия уруш орқали Украинага муттасил босим қилиб турибди. Яъни Украинанинг жуда ҳам кўплаб шаҳарлари дронлар ва самолёт, артиллерия, бомбалар остида турибди ва Украинанинг дам олишига, куч тўплаб олишига Россия имконият бера олмайди.

Қиш ўтди, баҳор ўтди, мана ёз келиб, ерлар қаттиқлашиб бошлади. Бу Россиянинг қўшимча ҳудудларни эгаллаб олиш имкониятларини оширади. Ўтган йилларда ёз келиши билан уруш қизғин паллага ўтган ва кеч кузда яна интенсивлик бироз пасайган. Сабаби у ердаги ер юмшоқ, ёғингарчилик кўп бўлгани учун ҳарбий техниканинг ҳаракатланиши масаласи бор.

Ундан ташқари, ҳозирги Украина атрофидаги геосиёсий фонда учлик бор: АҚШ, Россия ва Украина. Бу учликда Киевнинг мақсади нима? Бир томондан, Доналд Трампнинг қаҳрига учрамаслик. Яъни биз ҳақиқатда тинчлик истаймиз, биз ҳақиқатда урушни тўхтатишни хоҳлаймиз дейиш ва айни пайтда ўзининг стратегик имкониятларини Россияга бериб қўймаслик. Шунинг учун Доналд Трамп нигоҳида асосий айбдор Путин бўлиши керак ва шунинг учун ҳам биз келишишга тайёрмиз деган баёнотлар бериляпти. Путин бир ойлик сулҳни қабул қила олмаслигини Зеленский жуда ҳам яхши билади.

Ғарбда ҳозир иккита пакет бор, булар: Американинг пакети ва Европа Иттифоқининг. Мана, кеча Европа Иттифоқидаги энг кучли тўртта давлат (Буюк Британия, Франция, Германия ва Полша) раҳбарлари Киевга келишди. Булар айнан Украина тарафдори ва Путинга жуда ҳам қарши бўлган давлатлар. Уларнинг пакети Доналд Трамп таклиф қилаётган пакетдан анча яхшироқ, яъни қанча керак бўлса шунча ёки Украина ғалаба қозонгунига қадар Украинани қўллаб-қувватлаш. Зеленскийнинг конфигурацияси – Путинни айбдор қилиш.

***

Таҳлилчилар суҳбат давомида Украинанинг 30 кунлик сўзсиз ўт очишни тўхтатиш таклифи ва Путиннинг параллел музокара чақируви ўртасидаги фарқлар, Россия учун Зеленскийнинг легитимлиги масаласи, музокара давомида фронтдаги ҳарбий ҳаракатлар истиқболи каби мавзунинг муҳим нуқталарини муҳокама қилди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид