Жаҳон | 15:53
4561
2 дақиқада ўқилади

Россия «душман» давлатлар таомларига солиқ солиши мумкин

Қадриятлари Россияникига тўғри келмайдиган мамлакатлар таомларини тақдим этувчи ресторанларни «обрўсизлантириш» керак, деди «Россия коммунистлари» партияси раиси.

Фото: heydar-aliyev-foundation.org

«Россия коммунистлари» партияси Россия бош вазири Михаил Мишустинга Россияга «душман» мамлакатлар таомларини таклиф қилувчи умумий овқатланиш корхоналарига солиқ жорий этишни таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда 16 июл, чоршанба куни чоп этилган «Абзац» нашрига берган интервюсида партия раиси Сергей Малинкович айтиб ўтди. «Россияга душман бўлган мамлакатлар ошхонасини тарғиб қилиш нотўғри. Ахир бу давлатлар рус ресторанларини ривожлантиришга ёрдам бермайди ва уларда бундай ресторанлар деярли йўқ», — деб ҳисоблайди Малинкович.

Унга кўра, биринчи бўлиб италян, француз, корейс, япон, испан ва немис таомлари сотиладиган ресторанлар «обрўсизлантирилиши» керак. «Масалан, Франция, Германия ва Италия бизга фаол қаршилик кўрсатмоқда. Япония узоқ вақтдан бери бизнинг ҳудудларимизни қўлга киритмоқчи эди. Шунинг учун бу мамлакатлар таомлари учун қўшимча 12 фоиз солиқ бўлиши керак. Қолганлари учун биз 10 фоиздан бошлашимиз мумкин», деб ҳисоблайди сиёсатчи. Оммавий ахборот воситалари, бу, масалан, суши ва пицца тамаддихоналарига таъсир қилади, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, Малинкович Россиянинг сўнгги ойларда муносабатлари ёмонлашган турк ва озар ошхоналарига эътибор қаратишга чақирди. Аммо у Россиянинг «дўсти» бўлган мамлакатлар ошхонасига «тегмаслик»ни тавсия қилди. «Россия коммунистлари» раҳбари Беларус, Лотин Америкаси давлатлари, Ветнам, Шимолий Корея ва араб давлатларини шундай мамлакатлар қаторига киритди.

Москва дўст бўлмаган деб ҳисоблаган давлатлар рўйхатига ҳозирда 49 та давлат киритилган. Улар орасида, хусусан, Словакия ва Венгриядан ташқари Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Австралия, Украина, Швейцария ва Черногория бор.

Мавзуга оид