Жаҳон | 13:37 / 07.05.2025
1876
2 дақиқада ўқилади

Европа комиссияси Россия газидан воз кечиш режасини тақдим этди

Европа комиссияси бир ой ичида Россия билан янги газ шартномалари тузилишига тўсқинлик қилувчи қонунни тақдим этади. Қисқа муддатли харидлар 2025 йил охиригача, узоқ муддатли шартномалар эса 2027 йилгача тугатилиши керак.

Фото: Виктор Лисицын / Global Look Press

Еврокомиссия 6 май, сешанба куни Страсбургда 2027 йилгача Россиянинг қазиб олинадиган ёнилғисидан бутунлай воз кечиш режасини эълон қилди. Ушбу режа доирасида босқичма-босқич «йўл харитаси»ни эълон қилиш икки марта қолдирилди. Бу сафар у умумий маънода тақдим этилди ва расмий қонунчилик таклифлари бир ойдан кейин эълон қилинади, деди Европа Иттифоқининг энергия бўйича комиссари Дан Йоргенсен.

REPowerEU деб номланган Россия Федерацияси энергия манбаларидан босқичма-босқич воз кечиш дастури Европа Иттифоқи даражасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар ва 2025 йил охиригача бўлган мажбурий миллий режаларни ўз ичига олади, дея тушунтирди Европа комиссари.

Янги қоидалар, масалан, Россия газ етказиб берувчилари билан янги шартномаларнинг олдини олиш ва мавжуд спот шартномалар 2025 йил охиригача бекор қилинишини англатади. Европа Комиссиясига кўра, бу чора Европа Иттифоқи Россия газининг қолган таъминотини жорий йил охиригача учдан бир қисмга қисқартиришига олиб келади. Ҳозирда Россия газининг улуши Европа Иттифоқи бутун газ бозорининг 13 фоизини ташкил қилади. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан олдин бу улуш Европа Иттифоқида ўртача 45 фоизга етганди.

Мавзуга оид