Жаҳон | 23:08 / 06.05.2025
1868
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Ғарбий Европа аҳолисининг қарийб ярми Россия туфайли учинчи жаҳон уруши бошланишини кутмоқда

Ушбу мамлакатлар аҳолисининг катта қисми яқин 5–10 йил ичида учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкин деб ҳисоблайди. Европаликлар, шунингдек, АҚШ сиёсатининг ўзгаришларидан хавотирда.

Фото: AP

Ғарбий Европа ва АҚШ аҳолисининг катта қисми яқин 5–10 йил ичида учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Британиянинг YouGov тадқиқот компанияси ўтказган сўров натижаларига таяниб, The Guardian хабар берди.

Европадаги респондентларнинг 41 фоиздан 55 фоизгача бўлган қисми ҳамда АҚШдагиларнинг 45 фоизи янги уруш эҳтимолини «юқори» ёки «анчайин юқори» деб баҳолаган. 68 фоиздан 76 фоизгача одамлар бу урушда ядровий қурол қўлланилишига ишонмоқда. Сўровномада иштирок этганларнинг 57 фоиздан 73 фоизгача қисми бу урушда талафотлар Иккинчи жаҳон урушидан ҳам кўпроқ бўлишига ишонади, 25 фоиздан 44 фоизгача респондент эса бутун инсониятнинг катта қисми ҳалок бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.

Шунга қарамай, фақат камчилик — Италияда 16 фоиздан Францияда 44 фоизгача — ўз мамлакатларининг қуролли кучлари уруш пайтида ҳимояни таъминлай олишига ишонади. Таққослаш учун, америкаликларнинг 71 фоизи ўз армиясининг кучига ишонч билдирган.

Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Испаниядаги респондентларнинг 72-82 фоизи Россияни асосий таҳдид деб атаган. Худди шундай фикрни америкаликлар фоизи ҳам билдирган. Европаликлар, шунингдек, АҚШ сиёсатининг ўзгаришларидан хавотирда: Испания (58 фоиз), Германия (55 фоиз) ва Франциядаги (53 фоиз) респондентлар Вашингтон билан кескинликни Европа тинчлигига жиддий таҳдид деб ҳисоблаган.

Сўровда Иккинчи жаҳон уруши мавзуси ҳам кўтарилган. Нацистлар устидан ғалабада ким ҳал қилувчи роль ўйнаган, деган саволга респондентларнинг 40 фоиздан 52 фоизгача қисми АҚШни, 17-28 фоизи эса Совет Иттифоқини танлаган. Буюк Британияда фуқароларининг 41 фоизи ўз мамлакатини асосий ғолиб деб ҳисоблайди, аммо америкаликлар ва бошқа европаликлар орасида буни фақат 5-11 фоиз респондент қўллаб-қувватлаган.

Мавзуга оид