Жамият | 19:21 / 01.05.2025
1036
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда паспорти олиб қўйилиб, ишлашга мажбурлаб келинган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Олмаотага ишлашга борган Ўзбекистон фуқароси юрак хуружи сабаб ўз вазифасини бажара олмай қолган. Аммо иш берувчи унинг паспорти ва телефонини тортиб олиб, ишлашга мажбурлаб келган.

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари кўмагида Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида мушкул аҳволда қолган ўзбекистонлик оиласи бағрига қайтарилди.

Бош консулхонадан олинган маълумотларга кўра, фуқаро Р.М. ўз паспортини иш берувчидан қайтариш ва соғлигида кузатилган муаммолар туфайли Ўзбекистонга етиб олиши учун ёрдам сўраб мурожаат қилган.

У жорий йил март ойида Олмаота вилоятининг Қорасой туманидаги фермер хўжалигига тракторчи бўлиб ишлаш учун борган. Орадан бир неча кун ўтиб, унда юрак хуружи кузатилган ва ўз вазифасини бажара олмаган.

Фермер хўжалиги раҳбарияти эса унинг оғир аҳволига қарамай ишлашга мажбур қилган ва иш жойини ташлаб кетмаслиги учун фуқаролик паспортини ва уяли алоқа воситасини тортиб олган.

Маҳаллий полиция вакиллари билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар натижасида Ўзбекистон фуқаросининг паспорти иш берувчидан олиб берилган ва у Бош консулхона ходимлари томонидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилган.

Аввалроқ Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган аёл ва унинг фарзанди Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Тошкентга олиб келингани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид