Истанбул яқинидаги зилзила. 150 дан ортиқ киши жароҳатланган
23 апрел куни Туркиянинг Истанбул шаҳри атрофидаги ҳудудларда давомли ер силкинишлари кузатилди, улардан иккинчисининг магнитудаси 6,2 баллни ташкил этган. Ҳукумат кун давомидаги ўнлаб афтершоклар ҳамда 151 киши жабрланганини хабар қилган.

Фото: Getty Images
Туркия табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 12:49 да Мармар денгизи ҳудудида, Истанбулнинг ғарбий чеккаларидан узоқ бўлмаган ҳудуддақайд этилган.
Зилзила эпимаркази Истанбулдан 80 км ғарбда бўлган, ўчоғи 7 км чуқурликда жойлашган.
Соат 12:13 даги биринчи ер силкиниши кучи эса 3,9 магнитудага тенг бўлганди. Соат 12:49 даги энг кучли ер силкиниши ортидан 4,4 дан 4,9 магнитудагача бўлган кўплаб зилзилалар кузатилган.
Расмийлар кейинги соатлар мобайнида 50 дан ортиқ афтершок қайд этилганини маълум қилган.
«Соат 15:12 ҳолатига кўра 51 та афтершок қайд этилган, улардан энг кучлиси 5,9 магнитудали бўлди», — дея ёзди Мамлакат ички ишлар вазири Али Ерлиқоя X ижтимоий тармоғида.
Унинг сўзларига кўра, 6,2 магнитудали зилзилада «ер жами 13 сония давомида қимирлаб турган».
Халқ таълими вазири Истанбулда мактаблар пайшанба ва жума кунлари таътилга чиқишини маълум қилди.
Reuters агентлиги қайд этишича, бу 16 миллион аҳоли яшовчи шаҳарда сўнгги йилларда кузатилган энг кучли ер силкинишларидан бири бўлди.
Расмийларга кўра, ер қимирлашини Истанбулга қўшни бўлган вилоятлар, шунингдек, тахминан 300 км шарқдаги пойтахт Анқарада ҳам сезишган.
AFP агентлиги зилзилани ҳатто Болгария пойтахти Софияда ҳам сезишганини хабар қилган.
Жиддий вайронгарчиликлар ҳақида хабарлар келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқларда одамлар биноларни шошилинч тарзда тарк этаётгани ва кўчаларда ҳамда майдонларда тўплангани акс этган видеолар кенг тарқалди.

Истанбул губернатори офисига кўра, камида 151 киши жароҳатланган, улар ер қимирлаши вақтида ваҳимага тушиб, ўзларини баланд жойлардан ташлашган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Бундан ташқари, Истанбулнинг Фатиҳ туманидаги ташландиқ бинолардан бири жиддий даражада шикастлангани маълум.
Ҳукумат одамларни ер силкиниши оқибатида шикастланган бўлиши мумкин бўлган бинолардан узоқроқда туришга чақирган.
Туркия прездиенти Ражаб Тоййиб Эрдўған расмийлар воқеалар ривожини кузатиб бораётганини билдирган.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда юз берган зилзилалар оқибатида Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилган. Бош консулхона маҳаллий фавқулодда хизматлар билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатишда давом этмоқда.
Туркия тектоник плиталар туташган жойда бўлгани учун тез-тез зилзилалардан жабрланади. Туркиялик геолог ва зилзилалар бўйича эксперт Начи Гёрюр бугунги ерости силкинишлари Кумбургаз ёриғи ўрнида содир бўлганини айтди.
Гёрюр Туркия ва Сурияда 2023 йил февралида содир бўлган ҳамда 50 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетган зилзилани олдиндан тахмин қилгани билан танилганди.
2024 йилда у Истанбулда 7,2 дан 7,6 магнитудагача кучдаги зилзила бўлиши ҳақида прогноз берганди.
Мавзуга оид

21:05
Эрдўған: AFAD ва ССВ бўлинмалари жанговар шай ҳолатга келтирилди

16:20 / 17.04.2025
Истанбулда Туркия фуқаросини рухсатсиз расмга олган ўзбекистонлик депорт қилинади

07:02 / 16.04.2025
Афғонистондаги зилзила кучи Ўзбекистон ҳудудларида сезилди

08:57 / 14.04.2025