Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Цунами хавфи: Японияда 2 млн киши эвакуация қилинмоқда, Ҳавайида сув сатҳи кўтарилмоқда
Камчатка қирғоқлари яқинида содир бўлган кучли зилзиладан сўнг бир қанча мамлакатларда цунами хавфи эълон қилинди. Японияда 2 миллионга яқин одам эвакуация қилиш учун тавсиянома олди. Ҳавайида ҳам аҳолини эвакуация қилишга чақириқ бўлганди, аммо бир неча соатдан кейин уларга уйларига қайтишга рухсат берилди. Ҳозирча вайронагарчиликлар ҳақида хабарлар йўқ, аммо цунами бир кундан кўпроқ давом этиши мумкин.

Фото: Social media / Reuters / Scanpix / LETA
30 июл, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг Узоқ Шарқ соҳиллари яқинида Рихтер шкаласи бўйича 8 балли зилзила содир бўлди. Россия Фанлар академияси Геофизика хизматининг Камчатка бўлими маълумотларига кўра, бу 1952 йилдан бери энг кучлиси бўлган. АҚШ Геология хизмати уни 8,8 баллга баҳоламоқда. Унга кўра, зилзила Камчатканинг шарқий қирғоғидан тахминан 136 километр узоқликда, 19,3 километр чуқурликда содир бўлган.
Зилзиладан кейин кўтарилган тўлқинлар натижасида Россиянинг Северо-Курилск шаҳридаги порт қисман сув остида қолди, деб хабар берган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Камчаткада зилзила оқибатида ўлка марказидаги болалар боғчаси фасадининг бир қисми қулаб тушди – жабрланганлар йўқ. Камчатка ўлкаси фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Лебедев Петропавловск-Камчатскийга цунами таҳдиди йўқлигини маълум қилган.
Япония

Фото: YUICHI YAMAZAKI/AFP via Getty Images
Камчатка қирғоқлари яқинида рўй берган зилзиладан сўнг дарҳол Японияда цунами хавфи эълон қилинди. Расмийлар Тинч океани соҳилидаги 220 дан ортиқ муниципалитетда 2 миллионга яқин одам эвакуация қилинишини эълон қилди.
Фукусимадаги атом электр станцияси ходимлари эвакуация қилинди. Оператор-компания вакилларининг сўзларига кўра, станция фаолиятида ҳеч қандай бузилиш қайд этилмаган. 2011 йилда АЭСда йирик авария содир бўлганди, бунинг сабаби айнан кучли зилзила ва ундан кейинги цунами эди.
Тахминан 30 см баландликдаги биринчи тўлқинлар Ҳоккайдо ороли шимоли-шарқидаги порт шаҳри Немурога ёпирилди.
Токионинг Ҳаруми қирғоқ ҳудудида баландлиги 20 см бўлган тўлқинлар қайд этилди.
Метеорологлар огоҳлантиришича, тўлқинлар 3-4 метргача етиши мумкин, аммо ҳозирча энг баланд тўлқинлар 1,3 метрдан ошмайди.
«Биз цунами тўлқинлари камида бир сутка давомида баланд бўлиб қолишини кутяпмиз», – деди Япония метеорология агентлиги вакили.
Мамлакат расмийлари эвакуация қилинган аҳоли кун охиригача ўз уйларига қайта олмаслиги мумкинлигини билдирган.
Соҳилбўйи ҳудудларида поездлар ҳаракати тўхтатилган, Мияги префектурасидаги Сендай аэропорти ёпилган.

Nissan компанияси Канагава ва Ибараки префектураларидаги заводлар фаолиятини тўхтатди, дўконлар, жумладан Seven-Eleven тармоғи соҳилдаги дўконларни вақтинча ёпди, деб ёзади Mainichi.
Ҳоккайдода бир аёл енгил жароҳат олган: у эвакуация вақтида шошилиб йиқилган. Уни касалхонага жойлаштиришган. Бошқа жабрланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида ҳозирча хабар йўқ.
Asahi TV телеканали хабар беришича, Миэ префектурасида 58 ёшли аёл ҳалок бўлган: унинг машинаси эвакуация вақтида жарликдан қулаб тушган. Расмийлар қурбонлар ҳақида ҳозирча хабар бермаган.
1952 йилда Камчатка қирғоқларида 8,2 магнитудали зилзила содир бўлганида, Тинч океани қирғоқларида цунами тўлқинлари 3 метрга етганди. Ўшанда 1200 га яқин уйни сув босган.

Фото: YUICHI YAMAZAKI/AFP via Getty Images
Ҳавайи ва АҚШнинг материк қисми
Ҳавайида ҳам цунами хавфи эълон қилинди. Соҳилбўйи ҳудудлари аҳолисига ҳеч бўлмаганда биноларнинг тўртинчи қаватига кўтарилиш ёки тепаликларга чиқиб кетиш тавсия этилган.
Архипелагнинг иккинчи йирик ороли – Мауи оролида тижорат портлари ёпилди ва авиарейслар бекор қилинди.
Мидуэй оролларида (Япония ва Ҳавайи ороллари орасидаги атолл) тўлқинлар 1,8 метрга етди.
«Одамга уриладиган ҳар қандай конструкция уни қулатиши мумкин. Бундай кучли тўлқинда одам осонгина чўкиб кетиши мумкин», – дея маҳаллий аҳолини огоҳлантирди Ҳавайи штати губернатори Жош Грин.
Эвакуация эълон қилиниши туфайли Ҳавайининг энг йирик ороли – Катта оролда тирбандликлар юзага келди, Ҳонолулудаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида эса узун навбатлар пайдо бўлди.

Мауидаги тўлқинлар баландлиги 1,7 метрга етди.
«Сув кўтариляпти. Бу даҳшатли», – дейди BBC мухбирига Мауи шаҳрида яшовчи Фелиша Жонсон. У турмуш ўртоғи ва иккита ити билан тоққа йўл олган.
Жонсон икки йил аввал Лахайна шаҳри ўрмон ёнғинларидан зарар кўрганини эслайди.
«Биз буни аллақачон ёнғинлар билан бошдан кечирганмиз, ўшанда огоҳлантириш бўлмаган ва бу ҳалокатли тажриба эди. Энди бизни олдиндан огоҳлантиришяпти, агар хавфсиз жойга кетмасак, бу ўз айбимиз бўлади», – дейди у.
Бир неча соат ўтгач, расмийлар цунами хавфини камайтирди ва эвакуация қилинган аҳолига уйларига қайтишга рухсат берди.
Цунами ҳақидаги огоҳлантириш АҚШнинг материк қисмида ҳам янгради. Масалан, Калифорния шимолидаги Крешент-Сити шаҳрида (аҳолиси тахминан 6 минг киши) аҳоли пляжлар ва сув йўлларидан нари кетишга чақирилди.
Тўлқинлар аллақачон штат қирғоқларига етиб келган.
Бошқа мамлакатлар
Колумбиянинг Тинч океани соҳилларида расмийлар пляжлар ва соҳилбўйи ҳудудлари аҳолиси эвакуация қилинишини эълон қилди.
Тинч океанидаги орол давлатлар – Фижи, Самоа, Тонга, Микронезия, Соломон ороллари ҳукумати маҳаллий аҳолини қирғоқ чизиғидан узоқроқ туриш ва эвакуация йўллари билан танишиш ҳақида огоҳлантирди, аммо ҳозирча уларни ўз уйларини тарк этишга чақирмади.
АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси Папуа-Янги Гвинея, Соломон ороллари ва Вануатуда цунами хавфини эълон қилди.
Канаданинг энг ғарбий провинцияси – Британия Колумбиясида аҳолини сувдан узоқроқ туришга чақиришди.
Индонезия ҳукумати Папуа оролида эвакуация эълон қилди.
Хитойнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Шанхайда ҳам цунами хавфи эълон қилинди, бироқ у аллақачон бекор қилинган.
Американинг цунамидан огоҳлантириш маркази баландлиги 3 метр ва ундан ортиқ бўлган тўлқинлар Эквадор, Ҳавайи архипелагининг шимоли-ғарбий ороллари ҳамда Россияга етиб бориши мумкинлигини таъкидлаган.
Чили, Коста-Рика, Ҳавайи, Япония ва Тинч океани ороллари қирғоқларида 1-3 метр баландликдаги тўлқинлар кузатилиши мумкин.
Соҳиллари Тинч океани сувлари билан ювилиб турадиган бошқа ҳудудларда ҳам тўлқинлар бир метргача етиши мумкин. Улар қаторида Австралия, Мексика, Колумбия, Янги Зеландия, Тонга ва Тайван кабилар бор.
Мавзуга оид

14:11
Ашхободнинг вайронага айланишидан Андижондаги фожиагача – яқин тарихдаги энг даҳшатли зилзилалар

10:30
Камчатка яқинида 6,3 магнитудали такрорий зилзила юз берди

15:26 / 30.07.2025
Камчаткадаги онкология диспансерида зилзила вақтида жарроҳлар ишини давом эттирди (видео)

10:03 / 30.07.2025