«Барса»да йилнинг энг ёмон ўйини, «ПСЖ» ҳам зўрға яримфиналга чиқди
Дастлабки ўйинларда қулай ҳисобларда ғалаба қозонган «Барселона» ва «ПСЖ» камбэк қурбони бўлиши ҳам мумкин эди.

Фото: Boris Streubel/Getty Images
Гирассининг ҳет-триги яримфинал учун етарли бўлмади
ЕЧЛ, чоракфинал. Жавоб ўйинлари.
Боруссия Дортмунд – Барселона 3:1
Голлар: Гирасси 11 (пен.), 49, 76 – Бенсебаини 54 (авт.)
Боруссия Дортмунд: Кобель – Зюле, Антон, Бенсебаини – Коуту (Брандт 77), Гросс, Нмеча (Рейна 64), Свенссон – Адееми (Гиттенс 77), Гирасси, Байер (Дюранвиль 65)
Барселона: Шенсни – Кунде, Кубарси, Араухо, Мартин – Гави (Педри 59), де Йонг – Лопес (Э. Гарсия 70) – Ямаль (Ф. Торрес 70), Лавандовски (Олмо 86), Рафиня
Огоҳлантиришлар: Нмеча 56 – де Йонг 35
Биринчи ўйин: 0:4
«Барселона» – Чемпионлар лигаси яримфиналида. Аммо Дортмунднинг «Боруссия» клуби футбол оламини ақл бовар қилмас камбэк билан лол қолдиришига сал қолди. Каталонияликлар йил бошидан буён илк бор мағлубиятга учради.
Ўйиндан олдин «Барселона» посбони Шченсни чигалёзди машғулоти чоғида қўлини шикастлаб олгани ва барчадан олдин кийим алмаштириш хонасига кетгани ҳақида хабар пайдо бўлганди. Шунга қарамай, ушбу поляк бошланғич таркибдан ўрин олди. Тўртинчи дақиқадаёқ «Боруссия» Шченснини текшириб кўрди – Байернинг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борди. Лекин зарба анча узоқдан берилганди ва Войцех бу тўпни бир қўли гипс ҳолатида ҳам қайтариши мумкин эди.
Ўйин дебютида «Барселона» тўпни назорат қилишга уринди, аммо «Боруссия» бор куч билан ҳаракат қилиб, рақибга ўйин бермади. Бу оралиқда Испания чемпионати пешқадами умуман ўзига ўхшамади. Еттинчи дақиқада, Коутунинг Гави билан тўқнашувидан кейин каталонияликлар пеналтидан қутулиб қолди, аммо бир неча дақиқа ўтиб Шченсни Гроссни йиқитиб қўйганида ҳеч нарса Ҳанси Дитер Флик жамоасини жазодан қутқара олмади. Видеотакрор дарвозабоннинг фолини ҳам, Гросс офсайдда бўлмаганини ҳам тасдиқлади. Гирасси эса пеналтини оригинал услубда ижро этди. Фақат у «паненка» зарбаси билан тўпни тўсин остига йўллайди.
«Барселона» фақат бўлим ўрталарига борганида Кобел дарвозаси томон илк зарбасини йўллади. Бу вақтга келиб мезбонлар зарбалар бўйича 7-0, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 5-0, яққол голли вазиятлар бўйича 3-0 ва xG (кутилган голлар) бўйича 1,75 кўринишида катта устунликка эга бўлишганди. xG бўйича 0,02 кўрсаткичи ҳам «Барса» нақадар ачинарли аҳволда қолганини кўрсатади. 3-4-3 схемасида ўйнаган «Боруссия» юқори темпни сақлаб қолиб, каталонияликлар мудофаа чизиғи одатдаги каби анча юқорида жойлашганидан фойдаланишга эътибор қаратди. Мезбонлар мунтазам равишда тўпни кўк-анорранглилар жамоаси ҳимоячилари ортига очилишга чоғланган ҳужумчилари йўлига ташлаб беришди. Бир неча ҳолатда бу офсайд ҳолатига олиб келди, аммо қолган вазиятларда — ҳужумлар ўта хавфли чиқди.
Айтиш мумкинки, каталонияликларга сафар ўйинида голга ташналик етишмади. Бу айниқса тўпсиз ҳаракатланганда сезилди. Аммо бу ўринда барчаси тушунарли – биринчи ўйиндаги 4:0 ҳисобидаги устунлик футболчиларни хотиржамликка берилишга мажбур қилганди. Қолаверса, «Барса» марказий форварди Левандовскига сифатли узатмалар бўлмади, ҳолбуки бу оқшом у ўзини дунёга танитган стадионда каталонияликлар жамоаси сафидаги 100-голини уриши мумкин эди.
«Боруссия» футболчилари эса, ўйингача ўзлари ҳам камбэкка ишонмаган бўлса, ўйин давомида буни уддалаш мумкинлигига ишонч пайдо бўлди. Иккинчи бўлим сценарийси биринчисиники каби бошланди. Шченсни бир ҳужум давомида Адейемининг зарбасини ва жарима майдони марказидан такрорий зарбани қайтарди, аммо бурчак зарбасидан кейин Бенсебаинининг ёрдамида Гирасси рекорд ёзишда давом этди. Гвинеялик ҳужумчининг бир метр масофадан йўллаган зарбасини Рафиня қўллари билан ҳам тўхтата олмади.
Аммо дортмундлик мухлисларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Беш дақиқа ўтиб «Боруссия» йўқ жойдан гол ўтказиб юборди. Фермин ичкаридан оширилган тўпга етиб борди ва жарима майдони марказида келаётган Левандовскига пас берди. Тўп ҳужумчига етиб бормади, аммо уни тўсишга уринган Бенсебаини ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Ундан олдинги эпизод қаҳрамони ўйин антиқаҳрамонига айланди.
Автогол «Боруссия» футболчилари руҳиятига таъсир кўрсатди. Ковач жамоаси тақдирга тан бергандек кўрина бошлади, мезбонларнинг ҳужумдаги ҳаракатлари ўхшамади, аммо 18 ёшли Дюранвилнинг майдонга тушиши Дортмундни жонлантирди. Хорватиялик мутахассис ёш белгияликни тушириб, топқирлик қилди. Дюранвил ўнг қанотда Мартин ва Гарсиядан осонлик билан қочиб кетди ва жарима майдони марказига тўп узатди, Араухо уни узоқлаштиришда хато қилди ва Гирасси имкониятдан фойдаланди. Серу ҳет-трикни расмийлаштирди ва Рафиняни ортда қолдирган ҳолда ЕЧЛ жорий мавсумининг энг яхши тўпурарига айланиб қолди.
Шундан кейин «Боруссия» яна катта куч билан олдинга ўтди, Брандт тўртинчи голни ҳам урди – аммо мезбонлар голни нишонлаб бўлганидан кейин офсайд ҳолати қайд этилди. Чемпионлар лигасининг ўтган мавсуми финалчисининг бундан ортиғига кучи етмади. Флик ҳимоя чизиғини анча ортга сурди, ўйин темпини туширди ва керакли ҳисобни ушлаб қолди. Каталонияликларнинг Ямал, Рафиня ва Левандовски каби юлдузлари ўйинда бирор ҳаракати билан ажралиб турмади. «Боруссия» кучли рақибни зарбалар бўйича ҳам (18:7, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар – 11:2), xG бўйича ҳам (0,49 га қарши 3,85) яққол устунлик билан мағлубиятга учратди ва турнирни бошини тик тутган ҳолда тарк этадиган бўлди.
Буни Флик учун хавотирли сигнал дейиш мумкин. Бу ўта ёрқин мавсумда каталонияликларга ёрдам берадиган силталаш вазифасини ҳам ўташи мумкин. Нима бўлганда ҳам жамоа барча турнирлардаги иштирокини давом эттирмоқда.
«Вилла Парк»даги триллер
Астон Вилла — ПСЖ 3:2
Голлар: Тилеманс (34), МакГинн (55), Конса (57) — Ҳакими (11), Мендеш (27)
Астон Вилла: Мартинес — Динь (Матсен, 76), Торрес, Конса, Кэш — Камара, Онана (Рэмзи, 67) — Роджерс, Тилеманс (Баркли, 88), МакГинн (Асенсио, 66) — Рашфорд (Уоткинс, 76)
ПСЖ: Доннарумма — Мендеш, Маркинос, Пачо, Ҳакими — Руис, Витинья, Невеш — Кварацхелия, Дембеле, Барколя (Дуэ, 61)
Огоҳлантириш: МакГинн (42)
Биринчи ўйин: 1:3
«Астон Вилла» ва «ПСЖ» ўртасидаги жавоб учрашуви ҳам шиддатли кечди. Париж шунчаки кучлироқдек, биринчи ўйиндаги икки гол фарқи – Англия жавоб ўйинидан олдин етарли бўладигандек кўринганди. Қолаверса, «ПСЖ» иккинчи учрашувни нафақат кучли бошлади, балки вазиятлардан фойдаланишда совуққонлик намойиш этди.
Бирмингҳэмликларда аввалига барча нарсада узилиш бўлди. Ўйин бошланиши арафасида ташкилотчилар мусиқани адаштириб юборишди ва бутун стадионга Чемпионлар лигаси ўрнига, Европа лигаси мадҳияси қўйиб берилди. Бу шунчаки овоз оператори хатоси бўлгани тайин. Аммо интернетда дарҳол Эмери, «Европа лигаси қироли», Европадаги иккинчи даражали турнирнинг тўрт карра қироли эканини эслатиб, бу ўйланган ҳийла экани ҳақида мемлар кенг тарқалди.
Футболчилар бунга турлича реакция кўрсатишди — парижликлар ўзини ноқулай сезишди. Инглизлар эса табассум қилишди — афтидан, улар ўз мураббийининг севимли турнири мадҳиясини яхшилик аломати деб ҳисоблашган.
Аммо «Вилла» футболчилари ўйин стартидаёқ мухлислари камбэкдан умид узиши учун ўйнай бошлади. Маркус Рэшфорд рақиб жарима майдони олдида тўпни йўқотди, меҳмонлар эса икки узатма билан Барколяни майдоннинг нариги қисмидаги жарима майдони яқинида тўп билан таъминлади, ёш французнинг марказга узатмасидан кейин Мартинес қўпол хатога йўл қўйди ва тўпни Ҳакимининг оёғига ташлаб берди – «ПСЖ» қанот ҳимоячиси ўта аниқ зарба берди.
«Вилла» учун бу ўта ноқулай сценарий эди ва жамоа яна очилишга мажбур бўлди. 27-дақиқада мезбонлар навбатдаги ҳужумда тўп йўқотди, парижликлар эса яна бир неча узатма билан жарима майдонига етиб келди ва 4 га 2 кўринишидаги қарши ҳужумда иккинчи голни уришди. Дембеле тўпни қулай вазиятда турган Мендешга ташлаб берди ва қанот ҳимоячиси бурчакка идеал зарба берди. Шундан кейин икки ўйин натижасига кўра умумий ҳисоб «ПСЖ» фойдасига 5:1 кўринишини олди.
Бундай ҳолатда қандайдир интрига қолгани ҳақида гапириш қийин эди. Фол учун Ҳакимига қизил карточка кўрсатилганида, бу мантиқий бўларди, аммо ҳакам марокашлик футболчини кечирди.
«Вилла» биринчи бўлимдаёқ жавоб қайтаришни бошлади. Мезбонларга рикошет ёрдам берди – Тилеманснинг зарбасидан кейин тўп Пачонинг кўксига теккан ҳолда йўналишини ўзгартириб, тўсин остидан дарвоза тўрига борди. Шунга қарамай, «ПСЖ» ўзи учун қулай ҳисобда танаффусга йўл олди.
Иккинчи бўлимда эса парижликларнинг оёғи қалтирай бошлади ва «Вилла» тезда яна бир гол урди. Эътиборли жиҳати, иккинчи гол ҳам Пачонинг иштирокида бўлди. Тезлиги у қадар юқори бўлмаган Макгинн тўпни ўз жамоаси жарима майдони атрофидан рақиб жарима майдонига қадар олиб борди ва кучли зарба йўллади – тўп марказий ҳимоячига тегиб, тўсин остига шўнғиди – 2:2. Бу ҳужумда парижликларнинг на майдон футболчилари ва на Доннарумма ҳужумни тўхтатиш чорасини топа олмади.
Бир неча дақиқа ўтиб «Вилла» учинчи голни уришга ҳам яқин келди. Рэшфорднинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбасидан кейин Доннарумма тўққизликка бораётган тўпни тўхтатиб қолди.
«Вилла» кейинги ҳужумда барибир учинчи голни ҳам урди – шундай қилиб 0:2 ҳисоби 3:2 кўринишига ўзгарди. Рэшфорд рақиб жарима майдонида ажойиб дриблинг намойиш этди ва Консани қулай вазиятга чиқарди. Ҳимоячи яқин бурчакка аниқ зарба йўллади. Кетма-кет уч голдан кейин «Вилла» икки учрашув натижасига кўра ҳисобни тенглаштиришга жуда яқин келди. «ПСЖ» футболчилари асабийлашиб, жуда кўп имконият берди. Тилеманс бош билан йўллаган хавфли зарбани ҳам Доннарумма қайтарди. Кейин эса Асенсио билан яккама-якка вазиятда қаҳрамонлик кўрсатди.
«ПСЖ»нинг ўзида эса вазиятлар кўп бўлмади, камдан кам вазиятлардан бирида Дуэ имкониятдан фойдалана олмади ва ўйин сўнгги дақиқаларгача асабий давом этди.
Сўнгги сонияларда ҳам Матсеннинг жарима зарбаси ўта хавфли чиқди. Тўп дарвоза соҳасига тўғри бораётганди, аммо бу сафар айнан Пачо дарвоза чизиғи устида турган ҳолда тўпни тўсиб қолди. «ПСЖ» катта қийинчилик билан яримфиналга чиқди, аммо бу босқичда жамоадан яхшироқ ўйнаш талаб этилади — финал остонасида парижликларни «Арсенал» — «Реал» жуфтлиги ғолиби кутади.
Мавзуга оид

12:08 / 13.04.2025
«Сити»да суперкамбэк, «Барса» нурсиз ўйинида ҳам ғалаба қозонди. Кун ўйинлари

02:04 / 10.04.2025
«Барселона» «Боруссия»га 4 та гол урди, «ПСЖ»да ҳам ишончли ғалаба

12:41 / 06.04.2025
«Реал» ҳам, «Барса» ҳам чемпионлик пойгасида қоқилди. Кун ўйинлари

02:38 / 03.04.2025