Мисрдан узилаётган Ғазо, Трампнинг Россияга чақириғи ва «Бож уруши»да чекинмаётган Хитой — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил Ғазони бутунлай ёпмоқда
Исроил Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрини буфер зонага қўшишни режалаштирмоқда. Haaretz нашри ёзишича, бу минтақа 75 км квадратни қамраб олиб, Ғазонинг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этади.
Бу қарор амалга ошса, Ғазо тўлиқ Исроил назоратидаги ҳудудлар билан ўралган, Миср билан боғланишдан узилган эксклавга айланади. Филаделфия коридори ва Моранг маршрути оралиғида, урушдан аввал 200 мингга яқин аҳоли яшаган. Ҳозир бу ҳудуд деярли бутунлай вайрон ва аҳоли қочган.
Исроил армияси жанубда ҳам шимолдаги буза-буз тактикасини қўллаётгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳаракатлар 18 мартда бошланган янги ҳужум фонида кечмоқда. Унда 1600 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 4000 нафардан кўпроғи яраланди, тинчлик ва тутқунлар алмашинуви бўйича келишув эса бузилди.
АҚШнинг иккинчи авиаташувчиси Яқин Шарққа етди
АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, минтақада иккинчи авиаташувчи кема — USS Carl Vinson фаолият бошлади.
У эндиликда USS Harry Truman билан биргаликда Қизил денгизда ҳусийчилар позицияларига қарийб ҳар куни зарба бермоқда. Ушбу авиаташувчи Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралардан бор-йўғи икки кун аввал акваторияга кирди — гап Ўмонда АҚШ ва Эрон ўртасида ўтаётган учрашувлар ҳақида бормоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг ҳарбий фаоллиги минтақада кескинликни янада оширади. Бу янги тўқнашувлар ва дипломатик зиддиятлар даврини бошлаб бериши ҳам мумкин.
Трамп Россияни урушни тугатишга чақирди
АҚШ президенти Доналд Трамп Украинадаги урушни «даҳшатли ва бемаъни» деб атаб, Россияни тинчликка эришиш учун ҳаракат бошлашга чақирди. Унинг таъкидлашича, у президент бўлганида бу уруш умуман бошланмас эди.
Таҳлилчилар Трамп илк марта урушни тўхтатиш масаласида Украинани тилга олмаганини қайд этишмоқда.
Fox News манбасига кўра, Трамп Россия расмийларини музокараларни чўзиб юборишда айбламоқда ва Владимир Путиндан «ҳафсаласи пир бўлган». Шу сабаб Оқ уй Россиянинг «хуфиёна флоти»га қарши янги санкциялар устида иш олиб бормоқда.
Шу билан бирга, АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткофф кеча Россияга бориб, Санкт-Петербург шаҳрида Путин билан музокара ўтказди. Кремл музокаралардан катта натижа кутмаётганини таъкидлади.
Конгресс Россия нефтини мусодара қилмоқчи
АҚШ сенаторлари Россиянинг «хуфиёна флоти» орқали олиб чиқилаётган нефтини мусодара қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Конгрессга киритди. Финландиянинг CREA марказига кўра, бу флот Россия нефти экспортининг учдан икки қисмини ташийди.
Қонун лойиҳасига кўра, Молия вазирлиги «қора рўйхат»даги танкерлардаги нефтини мусодара қилиши ва сотиб олинган маблағни АҚШ давлат қарзига йўналтириши мумкин. Шунингдек, 150 млн долларлик махсус жамғарма ташкил этиш ҳам таклиф этилмоқда.
Сенатор Жони Эрнст бу ташаббусни Москвага қарши кескин чора сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, лойиҳа жосуслик маълумотлари алмашинувини кучайтиради ва ноқонуний савдога қарши янги воситалар яратади.
Январда G7 санкцияларини четлаб ўтган 200 танкер аниқланган, улардан 180 таси «қора рўйхат»га киритилган.
Германия Украинани кучлироқ қўллашга чақирди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус Европани Украинага ҳарбий ёрдамни янада кучайтиришга чақирди. Унинг фикрича, яқин келажакда тинчликка умид кам ва Киев фақат кучли армия орқали адолатли музокарага эриша олади.
Бу баёнот Рамштайн форматидаги 27-йиғилишдан сўнг Британия ва Украина вазирлари билан биргаликдаги матбуот анжуманида янгради. Борис Писториус халқаро шериклар томонидан эълон қилинган ёрдам пакетлари ва мажбуриятларни олқишлаб, улар жорий йилда фронтда сезиларли таъсир кўрсатишини таъкидлади.
У Россиянинг доимий ҳужумларини тинчликка қизиқиш йўқлигининг исботи сифатида баҳолади. Шу муносабат билан Европа давлатларидан Украинага узлуксиз ва биргаликда қўллаб-қувватлашни давом эттиришни сўради. «Россия Украина урушни давом эттира олишини англаши керак», — деди Писториус.
Россияга санкцион товарлар импорти кескин камайди
The Insider таҳлилига кўра, 2024 йилда Россияга олиб кирилаётган қўш мақсадли маҳсулотлар — яъни ҳарбий ва фуқаролик соҳаларида ишлатилиши мумкин бўлган товарлар импорти сезиларли даражада камайди. 2023 йилда 11 млрд долларлик бундай маҳсулот етказилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 7,7 млрд долларга тушган.
Хусусан, Хитойдан олиб кирилаётган электрон бутловчи қисмлар импорти 17 баробарга қисқарган. Бу, таҳлилчиларга кўра, ишлаб чиқарувчиларнинг хавфдан қочиши ёки Россия банклари билан ишлашдаги муаммолар билан боғлиқ.
Электр станциялари, металлургия ускуналари ва механик қисмлар импортида ҳам жиддий пасайиш кузатилмоқда. Баъзи тоифаларда, масалан, электроника бўйича, импорт 6 бараварга тушган.
Хитой «Бож уруши»да чекинмоқчи эмас
Хитой АҚШнинг пайдар-пай бож тарифлари жорий этишига нисбатан кескин муносабат билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Лин Жиан Пекин «қўл қовуштириб ўтирмаслигини» ва «охиригача курашишга тайёр» эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ божларни иқтисодий қурол сифатида ишлатиб, ўз манфаатларини бошқа давлатлар ҳисобига ҳимоя қилмоқда. Бу Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига зид ва жаҳон савдо тизимига жиддий зарар етказади.
«Хитой урушни истамайди, бироқ жангдан қўрқмайди. Хитой халқи ўз ҳуқуқ ва манфаатларидан маҳрум этилишига рози бўлмайди», — деди Лин Жиан.
Савдо вазирлиги вакили Ҳэ Юнжиан ҳам Хитой тенг ҳуқуқли музокараларга очиқлигини, бироқ босимга таслим бўлмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Хитой маҳсулотларига 145 фоизлик бож жорий этганидан сўнг Хитой ҳам Америка маҳсулотларига 145 фоизлик бож жорий қилди.
АҚШнинг давлат қарзи чегараси яна оширилади
АҚШ расмийлари давлат қарзининг юқори чегарасини яна оширишни ва қарз муаммосини икки йилга ёпишни режалаштирмоқда. Айни вақтда АҚШнинг умумий қарзи 36,6 трлн доллардан ошиб кетган. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 122 фоизига тенг. Унга ҳали штатларнинг қарзи, хусусий сектор ва ижтимоий мажбуриятлар киритилмаган.
Бу ҳақда Молия вазири Скотт Бессент президент Доналд Трамп бошчилигидаги йиғилишда маълум қилди. АҚШ қарзи 2013 йилда ЯИМга нисбатан 100 фоиздан ошиб кетган ва шундан бери узлуксиз ўсиб бормоқда.
Икки партиявий сиёсий марказ таҳлилчиларига кўра, 2024 йилнинг июл—октябр ойларида дефолт хавфи пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолат давлат бюджетига солиқлар тушумига боғлиқ.
Standard & Poor’s агентлиги эса 2025 йилда жаҳон давлат қарзи 12,3 трлн долларгача етиб, 3 фоизга ошишини тахмин қилмоқда. АҚШ қарзи бу қарзнинг 40 фоизини ташкил қилади.
Apple’ни судга беришмоқда
Apple компанияси АҚШ ва Канадада бир неча суд ишларига дучор бўлмоқда. Барчасига сабаб — реклама қилинган, аммо ҳали ишга тушмаган Apple Intelligence сунъий интеллект функциялари.
Шикоятчиларнинг даъволарига кўра, компания реклама роликларида сунъий интеллект функцияларини тайёр маҳсулот сифатида намойиш этиб, мижозларни чалғитган.
Бу ҳолат айниқса iPhone 16 харидорларини қаттиқ ранжитган — улар мазкур функциялар ишлайди, деб ўйлаб қурилма сотиб олган. Аммо амалда бу имкониятлар ҳали ишга тушмаган.
Apple компанияси атрофида бу масала катта шов-шувга айланиб бормоқда. Компания ҳозирча бу борада бирор расмий муносабат билдирмади.
Аввалроқ Apple ўз ички ҳисоботи билан Siri’ни сунъий интеллект билан бойитишга уриниши муваффақиятсиз якун топганини тан олган эди. Бунга асосий сабаб қилиб раҳбариятдаги нўноқлик ва аниқ йўналишнинг йўқлиги кўрсатилган.
Айни пайтда Siri раҳбарлиги янги раҳбарларга топширилди. Улар Apple’да ташқи СИ моделларидан фойдаланишга рухсат берди. Мутасаддиларга кўра, бу Siri’ни ҳақиқий ақлли ёрдамчига айлантириши мумкин.
Мавзуга оид

14:26 / 11.04.2025
Ғазони араб дунёсидан узмоқчи бўлаётган Исроил, Трамп қарорларидан ҳайратда қолган Оқ уй ва TikTok харидидан воз кечган АҚШ — кун дайжести

13:43 / 10.04.2025
Ғазода истеҳкомлар қураётган Исроил, Украинада янги ҳудудларга ҳужум бошлаган Россия ва Хитойга 125 фоизли бож жорий этган Трамп — кун дайжести

13:37 / 09.04.2025
Тел Авивдаги намойишлар, Эрон ва АҚШнинг ядровий музокараси ва АҚШдан Хитойга 104 фоизли бож — кун дайжести

12:58 / 08.04.2025