Жаҳон | 14:42 / 01.08.2025
4228
9 дақиқада ўқилади

Исроилга келган Трампнинг вакили, Хитой Қозоғистонда қураётган АЭСлар ва Сурияни қўллашни бошлаган Россия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ вакили Нетаняҳу билан учрашди

АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф 31 июль куни Тел-Авивга келди. У Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашиб, Ғазо бўйича сулҳ музокараларини сақлаб қолиш ва Исроилнинг ҳужуми сабаб юзага келган гуманитар инқирозни ҳал этишга уринган.

Уиткоффнинг келишидан бироз ўтиб, АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида шундай ёзди: «Ғазодаги гуманитар инқирозни тугатишнинг энг тез йўли – ҲАМАС таслим бўлиши ва гаровдагиларни озод қилишидир!»

Уиткофф Исроилга Ғазога ёрдам чекланиши сабаб тобора кучайиб бораётган халқаро босим остида келди.

Reuters'нинг ёзишича, исроиллик расмий «АҚШ ва Исроил ўртасида гаровдагиларнинг ҳаммасини озод қилиш, ҲАМАСни қуролсизлантириш ва Ғазо секторини демилитаризация қилиш зарур деган тушунча шаклланаётганини айтган. Расмий тафсилот берилмади, бироқ Исроил ва АҚШ ёрдамни ошириш устида ҳамкорлик қилишини, жанглар эса давом этишини айтди.

Оқ уй маълум қилишича, Уиткофф, шунингдек жума куни Ғазога бориб озиқ-овқат етказиб беришни текширади ва ёрдамни тезлаштириш бўйича якуний режани ишлаб чиқади.

Трамп пайшанба куни мухбирлар саволига жавоб берар экан, Ғазодаги вазиятни «даҳшатли нарса» деб атади. Республикачи конгрессмен Тейлор Грин Исроилнинг ҳужумини геноцид деб атаган эди. Трамп эса:

«Ҳа, у ерда бўлаётган нарса даҳшатли. Одамлар жуда оч қолган,» деди. Шунингдек, АҚШнинг очликни юмшатиш учун ажратаётган молиявий ёрдамини ҳам эслатиб ўтди.

Россиянинг ҳужумлари ортмоқда

Россия мудофаа вазирлиги пайшанба куни Донбасс марказидаги Часив Яр шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди. «Жанубий қўшинлар гуруҳининг Краматорск-Дружковск йўналишидаги ҳужум ҳаракатлари натижасида Часив Яр шаҳри озод қилинди», – дейилади Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.

Шу куни Россия З-каналларида рус аскарлари шаҳарнинг турли қисмларида байроқлар ўрнатаётгани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди. Украина томони эса Россия ҳарбийларининг Часив Ярни эгаллаб олгани ҳақидаги даъволари ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқда. «Часив Ярдаги вазият сўнгги ойлардагидан ўзгаргани йўқ», – деди «Хортица» қўшинлари гуруҳи расмийси Виктор Трегубов.

Украинанинг DeepState OSINT лойиҳаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари шаҳарнинг шарқ ва шимолдан катта қисмини эгаллашга муваффақ бўлган, аммо ғарбий ва жануби-ғарбий чеккалар Украина қуролли кучлари назорати остида қолмоқда.

Бахмут учун жанглар бошланган 2022 йилдан бери Часив Яр Украина қуролли кучларининг асосий логистика пункти бўлиб, кучли зарбаларга учраган.

Бундан ташқари, Россия 31 июлга ўтар кечаси Украинага, асосан Киевга ракета ва дронлар билан навбатдаги йирик ҳужумни уюштирди. Россия армияси Украинага жами 309 та дрон ва саккизта қанотли ракета учирган. Ҳарбийлар бешта ракета тўғридан тўғри нишонга келиб урилганини тасдиқлади. 13 киши, жумладан, олти ёшли бола ҳалок бўлган, 30 киши касалхонага ётқизилган, яна 97 кишига амбулатор ёрдам кўрсатилган.

Киев шаҳри ҳарбий маъмуриятига кўра, пойтахтда 100 га яқин бино, жумладан, турар жой бинолари, мактаблар, болалар боғчалари ва университет шикастланган.

Қозоғистонда АЭСларни ким қуради?

Қозоғистонда Россиянинг «Росатом» корпорацияси республикадаги биринчи Атом электростанциясини Олмаота вилояти, Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида қуришни режалаштирмоқда. Жорий йилда масъул давлат идоралари навбатдаги иккита АЭС қаерда жойлашишини эълон қилади.

Маълум бўлишича, Қозоғистондаги иккинчи ва учинчи атом электр станцияларини Хитой қуради. Бу ҳақда Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди.

«Ҳозир Атом энергетикаси агентлиги ва «Электрические атомные станции» корхонасидаги ҳамкасбларимиз дислокация жойларини ўрганмоқда. Станция ёнида доимий сув таъминоти манбаи бўлиши шарт», деди у.

Иккинчи атом электр станциясини қуриш бўйича консорциум етакчиси, катта эҳтимол билан, Хитойнинг China National Nuclear Corporation компанияси бўлади. Мутахассислар қурилиши мумкин бўлган жой сифатида Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Курчатов шаҳрини кўрсатмоқда.

Қозоғистонда учта АЭС қуриш зарурлиги ҳақида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ўтган йили маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, республикада янги энергетика тармоғини яратиш стратегик жиҳатдан муҳим бўлиб, бу унинг «ўнлаб йиллар давомида ривожланиши учун асос бўлади». Бунинг учун иккита станция етарли бўлмайди ва охир-оқибат тўлиқ ядровий кластерни шакллантириш учун учинчисини қуриш керак бўлади, деганди Тўқаев.

Кремл АҚШ билан яширин музокара олиб борди

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Fox News телеканалига берган интервюсида шу ҳафта Россия ва Америка томонлари ўртасида бўлиб ўтган яширин музокаралар ҳақида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Владимир Путин мулоқотда иштирок этмаган, бироқ унга Кремлнинг бошқа юқори мартабали вакиллари жалб қилинган.

Америка маъмурияти, Рубио таъкидлаганидек, Украинада тинчлик ўрнатиш йўлларини излашда «баъзи бир ўзаро тушуниш бўлишига» умид қилган, аммо охир-оқибат «бу йўналишда ҳеч қандай ютуққа эришиб бўлмаган».

«Ва айнан шу, менимча, президент Трампни энг кўп ташвишга солмоқда», деди Давлат департаменти раҳбари.

Аввалроқ, АҚШ президенти Россияга Украинадаги уруш бўйича музокаралар столига ўтириш учун 10 кун муҳлат берган эди. Ушбу муҳлат 8 августда ниҳоясига етади.

АҚШда яна бир F-35 ҳалокати

30 июль куни АҚШ денгиз флотининг F-35C қирувчи самолёти Калифорниядаги «Lemoore» ҳарбий базаси яқинида қулаб тушди. Пилот катапульта орқали омон қолди.

Тармоқларда тарқалган видеода самолёт қулаган очиқ дала устида аланга ва қалин қора тутун қоплангани кўринади. Воқеа жойига шошилинч тиббий ёрдам ва ёнғин хизмати етиб борди. Ҳозирда ҳалокат сабаблари юзасидан текширув кетмоқда.

Тахминан 100 миллион доллар турадиган бу самолётнинг қулаши шу йил ичидаги иккинчи F-35 ҳалокати бўлди. Жорий йил январь ойида Аляскадаги ҳаво базасида ўқув парвози пайтида АҚШ ҳаво кучларига тегишли F-35 ҳалокатга учраган ва ўша ҳодисада ҳам пилот омон қолган эди.

F-35 – АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий таянч қисмларидан бири бўлиб, бешинчи авлод жанговар самолёти ва дунёдаги илғор ҳарбий учиш аппаратларидан бири ҳисобланади.

Локед Мартин томонидан ишлаб чиқарилган бу самолёт радарлардан яшириниш ва жанговар имкониятлари билан юқори баҳоланади. Бироқ сўнгги йилларда F-35 техник хизмат кўрсатиш ва жанговар шайлик билан боғлиқ муаммолар туфайли кўпроқ танқидга учрамоқда.

Сурия делегацияси Москвада

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбони Москвага келиб, Россия президенти Владимир Путин ва ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашди.

«Россия доим Суриянинг ҳудудидан геосиёсий рақобат ёки бошқа давлатлар тўқнашувлари учун майдон сифатида фойдаланишга қарши бўлган», деди Лавров учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.

Шунингдек, Лавров Сурия ҳукуматига мамлакатдаги россиялик фуқаролар ва Россия объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрган чоралар учун миннатдорчилик билдирди.

Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбони эса Исроилни мамлакат ички ишларига аралашишни оқлаш учун «озчилик картаси»дан фойдаланаётганликда айблади.

«Исроил Суриядаги друзлар жамоаси орқали ички ихтилофларни кучайтиришга ҳаракат қилиб, бу билан Дамашқ бутун халқни ҳимоя қила олмайди, деган даъвони мустаҳкамлаяпти», деган Сурия бош дипломати.

Суриянинг САНА давлат агентлиги хабарига кўра, президент Владимир Путин Шайбони ва унинг ҳамроҳ делегациясини Кремлда қабул қилган, бироқ учрашув тафсилотлари ошкор этилмаган.

Қўшма матбуот анжуманида Шайбони «Москвага бу сафаримиз – ўтмиш сабоқлари асосида келажакни шакллантириш учун зарур бўлган мулоқотни бошлашдир», деди. 

Мавзуга оид