Жаҳон | 13:40
2908
10 дақиқада ўқилади

Путин учун янги дедлайн, ChatGPT раҳбарининг хавотирлари ва Нью-Йорк марказида отишма – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп Ғазода озиқ-овқат марказлари ташкил қилинишини айтди

АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни Ғазода кўплаб одамлар очликдан азият чекаётганини айтиб, Исроил инсонпарварлик ёрдами масаласида кўпроқ иш қилиши мумкинлигини билдирди.

Ғазода очлик ҳақиқат эканини таъкидлаган Трамп бу борада Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан қарама-қарши позицияни эгаллади. Нетаняҳу якшанба куни «Ғазода очлик йўқ» деб баёнот берган ва ҲАМАСга қарши курашни давом эттиришга ваъда берганди. Трамп эса Шотландияга ташрифи чоғида шундай деди:

«Исроил ёрдам оқимлари учун катта масъулиятга эга. Жуда кўп одамларни қутқариш мумкин. Жуда кўп одам очликда қолмоқда».

У чегараларсиз озиқ-овқат марказлари ташкил этилишини ва бу орқали инсонпарварлик ёрдами — озиқ-овқат ва санитария воситаларини етказишда бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилинишини айтди. Оқ уй вакили эса бу озиқ-овқат марказлари бўйича «тез орада қўшимча тафсилотлар эълон қилинишини» билдирди.

Трамп, шунингдек, ҲАМАС билан охирги кунларда мулоқот қилиш қийинлашганини, аммо Нетаняҳу билан гаровдагиларни озод этиш бўйича «турли режалар»ни муҳокама қилаётганини айтди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида очлик ва ёмон овқатланиш сабабли камида 14 киши вафот этганини маълум қилди. Шу билан уруш давридаги фақат очликдан ўлганлар сони 147 нафарга етди, улардан 88 нафари болалар бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги ҳафталарда ҳалок бўлган.

Икки нафар Исроил мудофаа расмийси билдиришича, халқаро босим ва вазиятнинг ёмонлашуви уларни янги чоралар кўришга мажбур қилган.

Нью-Йорк марказида отишма: 4 киши ҳалок бўлди

Нью-Йорк шаҳри расмийлари маълум қилишича, автоматик қурол билан қуролланган шахс душанба куни Манхаттан марказидаги осмонўпар бинода тўрт кишини отиб ўлдирган ва кейин ўз жонига қасд қилган.

Отишма осмонўпар бинонинг вестибюль қисмида, иш кунининг энг тиғиз — кечки соатларида бошланган. Кейин, гумонланувчи лифт орқали 33-қаватга – бошқарув компанияси жойлашган офисга кўтарилиб, яна ўт очган. Комиссар Тишнинг маълумотига кўра, у охир-оқибат кўкрагига ўқ узиб, жонига қасд қилган.

Ушбу бинода Blackstone, KPMG каби йирик молиявий компаниялар ва Миллий Футбол Лигаси (NFL) штаб-квартираси жойлашган.

Ҳалок бўлган тўрт киши орасида 36 ёшли Нью-Йорк полиция ходими Дидарул Ислом ҳам бор. У АҚШга Бангладешдан муҳожир сифатида келган. Шаҳарнинг мэри Эрик Адамс уни «ҳақиқий фидойи қаҳрамон» деб таърифлади.

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи томонидан ўлдирилган бошқа уч жабрланувчи – икки эркак ва бир аёл бўлиб, уларнинг шахси ҳозирча очиқланмаган. Яна бир эркак оғир яраланган ҳолда касалхонада.

Нью-Йорк полициясига кўра, отишмани амалга оширган шахс Лас-Вегасдан бўлган 27 ёшли Шейн Тамура бўлган. Унинг руҳий саломатлигида муаммолари бўлгани ҳужжатлар билан қайд этилган. Тамура ёлғиз ҳаракат қилган ва ҳозирча ҳодиса сабаблари аниқланмаган.

Таиланд ва Камбоджа ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

28 июль куни Таиланд ва Камбоджа раҳбарлари Малайзияда, бош вазир Анвар Иброҳим мезбонлигида — учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва бевосита мулоқотни тиклашга келишиб олди.

Камбоджа ва Таиланд етакчилари сўнгги ўн йилликдаги йирик қонли тўқнашувни якунлаш мақсадида, ярим тун (соат 00:00) дан бошлаб кучга кирадиган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди.

«Бугун ярим тунги соатдан бошлаб кучга кирадиган, зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади. Бу — якуний қарор», деди Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим Таиланд ва Камбоджа етакчилари билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида.

«Бу музокаралар инсонлар ҳалок бўлишига, жароҳатлар ва кўплаб одамларнинг кўчирилишига сабаб бўлган урушни дарҳол тўхтатади деган умиддамиз», деган Камбоджа бош вазири Хун Манет. У, шунингдек, Президент Трамп ва Хитойга жараёндаги ёрдами учун миннатдорлик билдирди.

Таиланд муваққат Бош вазири Пҳумтам Вечаячай, музокаралар арафасида Камбоджанинг самимийлигига шубҳа билдирганди. Лекин, у кейинроқ «Таиланд сулҳга рози бўлди ва бу сулҳ ҳар икки тараф томонидан яхши ният билан муваффақиятли амалга оширилиши»ни таъкидлади.

Жануби-Шарқий Осиёдаги қўшни давлатлар ўртасида бошланган можаро — оғир артиллерия зарбалари ва Таиланд ҳаво ҳужумлари билан 817 километрлик қуруқликдаги чегара бўйлаб бир неча кун давом этди. Қурбонлар сони 30 кишидан ошди, шулардан 20 нафардан ортиғи тинч аҳоли экани айтилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 200 000 дан ортиқ одам чегара ҳудудларидан эвакуация қилинган.

Хитой туғилишни рағбатлантирмоқчи

Хитой оилаларга уч ёшгача бўлган ҳар бир бола учун йилига тахминан 500 доллар миқдорида пул тўлайди. «Синхуа» агентлиги хабар беришича, бу Хитойда болалар учун бериладиган биринчи умуммиллий нафақа бўлиб, унинг жорий этилиши «оилаларни қўллаб-қувватлаш ва болалар туғилишини рағбатлантиришга» қаратилган. Бундай нафақани ҳар йили 20 миллионга яқин оила олиши кутилмоқда.

Хитой ҳукумати туғилишни рағбатлантиришга биринчи марта уринмаяпти. Мамлакатда 1970 йилларда туғилишни камайтириш мақсадида жорий этилган «бир оила — бир бола» сиёсати 2015 йилгача давом этди. Шундан сўнг Хитой ҳукумати, аксинча, туғилишни рағбатлантиришни бошлади.

Анъанавий моддий рағбатлантиришдан ташқари, Хитой ҳукумати мафкуравий кампанияларни ҳам қўлламоқда: «уйланиш ва фарзанд кўришга ижобий қарашга» бағишланган партия йиғилишларини ўтказмоқда. Шунингдек, ёлғиз одамларни турмуш қуришга, оилаларни эса кўпроқ фарзанд кўришга чақирмоқда. Шунга қарамай, 2024 йил якунларига кўра, Хитойда туғилган болалар сони кетма-кет учинчи йил камайиб бормоқда.

Маълумот учун, миллий ва халқаро манбаларга кўра, бугунги кунда Хитой аҳолиси сони 1,4 миллиард кишидан ошади. Хитой аҳолиси илк марта 1980 йилларда миллиарддан ошган эди. Хитойликлар 2023 йилда Ҳиндистонга биринчиликни бой бериб, аҳоли сони бўйича иккинчи ўринга тушди.

ChatGPT билан мулоқотлар ҳукуматга топширилиши мумкин

Тобора кўпроқ одамлар психологик ёрдам учун ChatGPT билан мулоқот қилмоқда, аммо бундай суҳбатлар ҳақиқий терапевтлар билан мулоқотда амал қиладиган ҳуқуқий ҳимояга эга эмас, деди OpenAI раҳбари Сэм Алтман.

«Агар сиз ChatGPT билан энг нозик муаммоларингиз ҳақида гаплашсангиз, кейин қандайдир суд жараёни бошланса, бизни бу маълумотларни тақдим этишга мажбур қилишлари мумкин ва мен буни жуда нотўғри деб ҳисоблайман», деди у.

OpenAI раҳбарининг таъкидлашича, шифокорлар, ҳуқуқшунослар ва психотерапевтлар билан суҳбатлар профессионал сир сақланади, аммо сунъий интеллект учун бундай қоидалар ҳали мавжуд эмас. У сунъий интеллект билан суҳбатлар учун ҳам худди шундай махфийлик концепциясини зудлик билан яратиш кераклигини айтди.

Алтманнинг таъкидлашича, айниқса ёшлар ChatGPT платформасидан терапевт, ҳаёт мураббийи ёки муносабатлар бўйича маслаҳатчи сифатида тобора кўпроқ фойдаланмоқда. WhatsApp каби шифрланган мессенжерлардан фарқли ўлароқ, OpenAI фойдаланувчиларнинг ChatGPT билан ёзишмаларини ўқий олади - компания ходимлари бу маълумотлардан моделни такомиллаштириш ва суиистеъмолликни аниқлаш учун фойдаланади.

Трамп Путинга янги дедлайн белгилади

АҚШ президенти Доналд Трамп Владимир Путинга Украинада ўт очишни тўхтатиш учун берган 50 кунлик муддатини қисқартираётганини айтди.

«Президент Путиндан жуда ҳафсалам пир бўлди. Мен унга берган 50 кунимни камроқ муддатга қисқартирмоқчиман, чунки нима бўлишини аллақачон биламан, деб ўйлайман», – деди Трамп Британияга ташрифи чоғида. У айнан нимани билишини айтаётганини очиқламаган.

АҚШ президенти Путин билан бир неча бор телефон орқали гаплашгани, бироқ бу суҳбатлардан кейиноқ РФ қўшинлари Украина шаҳарларини ўққа тутишда ва «кўплаб одамларни ўлдириш»да давом этганини таъкидлади. «Биз буни ҳал қилишимиз керак бўлади», – деди Трамп.

Бу баёнотидан тахминан бир соат ўтганида Трамп янги ультиматум муддатига ойдинлик киритди. «Бугундан ҳисобланганда 10 ёки 12 кун муддатга янги дедлайн белгиламоқчиман», – деган у.

Москва биржаси индекси АҚШ президентининг баёнотларидан кейин пастга қулади. Россияда урушни якунлаш учун 50 кун борлиги ҳақида Трамп 14 июль куни эълон қилганди – шу билан бир вақтда у Украинага янги қуроллар етказиб беришни бошлади.

Трамп — ўт очишни тўхтатишдан бош тортадиган тақдирда Россиядан энергетика ресурсларини харид қиладиган барча мамлакатларга АҚШ билан савдода 100 фоизлик божлар жорий этилишини айтган. Бундай чекловлар таъсирига тушиши мумкин бўлган мамлакатлар қаторида Хитой ва Ҳиндистон ҳам бор.

Россия Трампнинг гапларини жиддий қабул қилишини айтган, лекин ҳозирча улар бажарилмаяпти.

Мавзуга оид