Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ҲАМАС билан музокаралардан чиққан АҚШ, Осиёда янги тўқнашув ва Фаластинни тан олмоқчи бўлган Франция – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ ҲАМАС билан музокаралардан чиқди
АҚШ президент Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили ва Исроил ҳукумати 24 июль куни Ғазо бўйича ҲАМАС билан олиб борилаётган ўт очишни тўхтатиш музокараларида иштирок этаётган жамоаларни Доҳадан чақириб олди.
Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҲАМАС раҳбариятининг жавобида «Ғазода ўт очишни тўхтатишга истак йўқ», деб ҳисобламоқда. У шунингдек: «Биз энди гаровдагиларни уйга қайтариш ва Ғазо халқи учун барқарорроқ муҳит яратиш бўйича муқобил вариантларни кўриб чиқамиз», — деди. Аммо у бу муқобил чоралар нималардан иборат бўлиши мумкинлигини очиқламади.
Бироқ Исроил расмийлари бошқа оҳангда гапирди: улар делегациянинг чақириб олиниши музокараларнинг тўхтаганини англатмаслигини таъкидлади. Қуддусда музокаралардан хабардор бўлган уч нафар расмийга кўра, бу музокараларда ҳеч қандай узилиш ёки инқироз йўқ, балки делегация келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун қайтган.
ҲАМАС эса ноаниқроқ ифодалар билан берилган баёнотида, «фаластинлик гуруҳлар, воситачилар ва дўст мамлакатлар билан кенг муҳокамалардан сўнг якуний жавобини тақдим этганини» айтди ва бу жавоб «ижобий» бўлганини қўшимча қилди. Шунингдек, ҲАМАС Уиткоффнинг баёнотларидан «ҳайратда қолганини» билдирган ва «доимий ўт очмаслик келишуви сари ҳаракат қилаётганини» айтган.
Турли баёнотлар шуни англатадики, ўт очмаслик бўйича келишувга эришиш ҳали узоқ давом этиши мумкин. Бир неча ҳафта олдин Трамп 60 кунлик ўт очмаслик битими «бир неча кун ичида» имзоланади, деб эълон қилганди. Ғазо бўйича музокараларда эса баҳслар асосан Исроил армиясининг қайта жойлашуви ва маҳбуслар алмашинуви шартлари устида бормоқда.
Уиткофф ҲАМАСни «самимий ҳаракат қилмаяпти» деб айтганига, ва Исроил делегациясининг Доҳадан қайтарилганига қарамай, музокаралар амалда ҳануз давом этмоқда ва яқин кунларда давом этиши кутилмоқда. Буни уч нафар исроиллик расмий, бир воситачи давлат расмийси ва бир ҲАМАС вакили тасдиқлаган, деб ёзмоқда New York Times.
Нашр манбаларига кўра, АҚШ Исроилни ҳам ортиқча қатъийликдан қайтаришга чақириб, яширинча кўпроқ муросага ундаётганини билдирган. Бироқ Нетаняҳуга энг кучли босим Вашингтондан эмас, балки ўз мамлакатидан келмоқда. Тел-Авивда пайшанба куни кечқурун юзлаб норозилар бир нечта нуқталарда тўпланиб, ҳукуматдан урушни тўхтатиш ва Ғазода қолаётган гаровдагиларни озод қилишни талаб қилишди. Маҳаллий ОАВларга кўра, ўн минглаб одамлар шаҳар марказидаги майдонда йиғилди.
Россия армияси Харкив марказига зарба берди
Россия ҳарбийлари Украинанинг Харкив шаҳри марказий қисмига йўллаган авиазарбаси оқибатида 42 киши, жумладан, олти нафар бола жабрланди, деб хабар қилди ушбу област маъмурияти. Жароҳатланганлардан камида олти нафари шифохонага ётқизилган.
Шаҳар мэри Игор Тереховнинг маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар 24 июль куни Шевченково райони бўйлаб иккита йўналтирилувчи авиабомба ташлаган. Бомбалардан бири фуқаролик корхонасига тушган ва у ерда ёнғин бошланган. Иккинчиси кўп қаватли уй олдида портлаб, бу ерда турган 15 га яқин автомобиль ёниб кетган.
«Ҳеч қандай ҳарбий мақсадсиз мутлақо маъносиз зарбалар. Ва кўряпмизки, Россиянинг ягона истаги — агрессияни, қотилликни давом эттириш. Шунинг учун бизга мудофаада ёрдам керак — кучли ҳаво мудофааси, қурол ишлаб чиқаришни кенгайтириш. Буларнинг барчаси инсонлар ҳаётини ҳимоя қилишга ёрдам беради», – деди Украина президенти Володимир Зеленский.
У, шунингдек зарба жойида олинган видео ва суратларни эълон қилган.
Трамп Барак Обамани давлатга хиёнатда айблади
АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатнинг собиқ президенти Барак Обамани хиёнат ва 2020 йилги сайловларни сохталаштиришда айблади. Бу ҳақда Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида айтди.
«Бу хиёнат эди. Сайловни ўғирлашга уринди. Сайловни чалкаштириб юборишга ҳаракат қилди. Улар ҳатто бошқа мамлакатларда ҳам ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган ишларни қилди», — деди Трамп. «Уларнинг раҳбари» деб атаган Обамадан ташқари, у ўша пайтдаги демократик номзод Ҳиллари Клинтон ва ундан олдинги президент Жо Байденни 2020 йилги сайловларни сохталаштиришда айблади.
«Уларнинг бутун гуруҳи ва улар сайловни сохталаштиришга ҳаракат қилди ва улар фош этилди. Улар 2020 йилда сайловни сохталаштирди», деди Трамп. CNN нашрининг ёзишича, АҚШда давлатга хиёнат ўлим билан жазоланади.
Трамп ўз нутқида Миллий разведка директори Тулси Габбарднинг ўтган ҳафта эълон қилинган ҳисоботига ишора қилди. Унинг хулосасига кўра, Обама ва унинг ёрдамчилари Россиянинг 2016 йилги сайловларга таъсир ўтказишга уриниши билан боғлиқ «разведка маълумотларини сохталаштирган ва сиёсийлаштирган».
Франция Фаластин давлатини тан олади
Франция президенти Эммануэл Макрон Яқин Шарқда тинчликка эришиш умидида БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрь ойидаги йиғилишида Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. Бу режа Исроил ва АҚШдан кескин норозиликларга сабаб бўлди.
Макрон ушбу қарорини эълон қилар экан, Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга юборган мактубини ҳам эълон қилди. Унда Франциянинг Фаластин давлатини тан олиш ва бошқа иттифоқдош давлатларни ҳам бунга ундаш нияти билдирилган.
«Яқин Шарқда адолатли ва барқарор тинчлик йўлида тарихий мажбуриятимизга содиқ қолган ҳолда, мен Франция Фаластин давлатини тан олишини ҳал қилдим», — деди Макрон. «Бу расмий баёнотни мен келаси сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида эълон қиламан».
Европадаги энг йирик яҳудий ва мусулмон диаспорасига эга Франция шундай йўл тутган Ғарбдаги биринчи йирик давлатга айланиши мумкин — Фаластин давлатини тан олаётган давлатлар асосан Исроилга танқидий муносабатда бўлган, кичик давлатлар бўлиб келмоқда.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу бу қарорни «Исроилнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири ва G7 аъзоси бўлган давлат» томонидан берилган «террорчиликни рағбатлантирувчи» ҳаракат деб атади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио бунга жавобан шундай деди: «АҚШ Франциянинг БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олиш режасини қатъий рад этади. Бу хавфли қарор фақат Ҳамаснинг тарғиботини кучайтиради ва тинчликка бўлган ҳаракатни орқага тортади. Бу 7 октябрь қурбонларига урилган тарсакидир».
Бундан аввал, Канада ҳам Исроилни тинчлик излашга чақирган эди. Бош вазир Марк Карни Ғазодаги тез ёмонлашаётган гуманитар фалокатнинг «олдини олмасликдаги муваффақиятсизлик» деб танқид қилди ва икки давлатли ечим тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади.
Таиланд ва Камбоджа чегарасида қуролли тўқнашув бошланди
Таиланд ва Камбоджа ўртасида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган чегара можароси йирик қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. 24 июль куни Таиланднинг F16 қирувчи самолёти Камбоджа ҳудудидаги нишонларга бомба ташлади. Бу тўқнашувлар натижасида, камида 12 киши, жумладан 11 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Таиланд армиясининг маълум қилишича, можароли чегара ҳудудига жўнатиш учун тайёрланган дастлаб олтита, кейин тўртта Ф16 самолётлари Камбоджа ҳудудига ўтиб, ҳарбий нишонни йўқ қилган. Ҳар икки томон тўқнашувни ким бошлагани бўйича бир-бирини айбламоқда. «Биз ҳарбий нишонларга қарши авиазарбаларни режа асосида амалга оширдик», деди Таиланд армияси расмий вакили.
Камбоджа Мудофаа вазирлиги эса Таиланд самолётлари йўлга иккита бомба ташлаганини билдирар экан, бу ҳаракатни «Камбоджа суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши ўта шафқатсиз ва масъулиятсиз ҳарбий тажовуз» сифатида кескин қоралади.
Таиланд соғлиқни сақлаш вазирининг айтишича, камбоджаликлар томонидан амалга оширилган артиллерия зарбалари натижасида 11 нафар тинч аҳоли, шу жумладан бир бола ва бир ҳарбий ҳалок бўлган. Камбоджа томонида талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, ҳозирда АСEАН раиси сифатида, ҳар икки томон етакчилари билан гаплашиб, можаро тинч йўл билан ҳал қилинишини таъминлашга чақирди. Хитой ҳам вазиятдан хавотир билдириб, кескинликни юмшатиш учун воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.
Таиланд ва Камбоджа узоқ вақтлардан буён 817 километр узунликдаги чегаранинг турли белгиланмаган нуқталарида ўзаро суверенитет даъволари билан тўқнашиб келмоқда. Камбоджа фуқаролар уруши давридан қолган миллионлаб миналарга эга. Бироқ Таиланд бу ҳудудга миналар яқинда қўйилганини даъво қилмоқда, Камбоджа эса бу даъволарни «асоссиз» деб атаган. Бу можаро йиллар давомида бир неча бор қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган.
Мавзуга оид

13:30 / 24.07.2025
Илк гипертовушли ракетасини тақдим қилган Туркия, иқлим ўзгаришига баҳо берган БМТ суди ва Россия-Украина музокаралари – кун дайжести

13:55 / 23.07.2025
ЖССТ омборига ҳужум қилган Исроил, Аҳмад аш-Шаръага уюштирилган суиқасдлар ва яна ЮНЕСКОдан чиқаётган АҚШ – кун дайжести

13:59 / 22.07.2025
Бельгияда ҳибсга олинган Исроил аскарлари, кескинлашган Боку-Москва муносабатлари ва Бангладешда қулаган ҳарбий самолёт – кун дайжести

19:23 / 21.07.2025