Ғазони араб дунёсидан узмоқчи бўлаётган Исроил, Трамп қарорларидан ҳайратда қолган Оқ уй ва TikTok харидидан воз кечган АҚШ — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
ҲАМАС: Нетаняҳу Ғазони араб дунёсидан узмоқчи
ҲАМАС ҳаракати Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни Ғазо секторидаги «содир бўлган факт» сифатида тақдим этиб, Фаластин эксклавининг араб дунёси билан алоқаларини узишга уринаётганликда айбламоқда.
Ҳужжатда Рафаҳдаги уйлар ва инфратузилмаларнинг йўқ қилиниши «Фаластин халқини йўқ қилишга қаратилган шафқатсиз уруш»нинг янги босқичи сифатида баҳоланди. ҲАМАС бу ҳаракатларни халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик қоидаларининг қўпол бузилиши, уруш жиноятлари деб атади.
Исроил ҳаракатлари оқибатида Ғазо сектори яшашга яроқсиз ҳудудга айланмоқда. Ҳозирда эксклавнинг учдан икки қисми эвакуация буйруғи берилган ёки ҳарбий рухсатсиз кириш мумкин бўлмаган «тақиқланган зона» деб эълон қилинган.
Исроил ҳуманитар ёрдам олиб кирилишига тўсқинлик қилмоқда, чегаралардаги назорат ўтказиш пунктлари, эвакуация йўллари ўққа тутилмоқда. Инфратузилма йўқ қилинмоқда, озуқа, дори-дармон ва ёқилғи етказиб бериш издан чиқмоқда.
Айни пайтда 2,1 млн аҳоли ҳимоясиз, сувсиз ва ёрдамсиз қолган. Бу нафақат уруш, балки аҳолини Ғазодан мажбурий сиқиб чиқаришга қаратилган ҳаракатдир.
Бу орада Исроил шарқий Қуддусдаги UNRWAга тегишли олти мактабни 8 майдан ёпиш бўйича қарор қабул қилди. Шаҳар ҳокимлиги ва полиция ходимлари мактабларга кириб, ёпиш ҳақида расмий ҳужжатлар топширган. Унга кўра, 800 нафар ўқувчи таҳсилни якунлай олмай қолиши мумкин. Энди бу мактабларга кириш тақиқланади ва ҳар қандай уриниш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу билан бирга, Исроил Ғазодаги жанглар пайтида ушланган 80 фаластинликни озод қилди. Улардан камида ўн нафари оғир аҳволда шифохонага етказилган.
Исроил бойлари мамлакатни оммавий тарк этмоқда
2024 йилда Исроилни камида 1700 нафар доллар ҳисобидаги миллионерлар тарк этган. Бунга Ғазодаги уруш, иқтисодий таназзул ва сиёсий беқарорлик сабаб бўлмоқда. Миллионерлар сони 24,3 мингдан 22,6 минггача камайган.
Henley & Partners маълумотига кўра, бойлар уруш бошланиши биланоқ мамлакатни тарк эта бошлаган. Исроил армиясига йилига 68 млрд доллар сарфланмоқда, иқтисодчилар эса харажатлар бундан анча кўплигини таъкидламоқда.
2024 йилда ЯИМ ўсиши атиги 1 фоиз бўлди. Хусусий секторда пасайиш, экспорт ва инвестициялар қисқарди. Давлат ва аҳоли харажатлари туфайли иқтисодиёт жон сақламоқда.
Инфляция 3,8 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, Исроил раҳбарлари халқаро судларда уруш жиноятлари ва геноцид ишлари бўйича жавобгарга айланди.
Брюсселда Украина хавфсизлиги муҳокама қилинди
Брюсселда Украинага ёрдам бериш бўйича ташкил этилган ихтиёрийлар коалицияси давлатларининг мудофаа вазирлари учрашди. Учрашувда Киевда тинчлик ўрнатилса, мамлакат хавфсизлигига кафолат бериш масалалари муҳокама қилинди.
НАТО қароргоҳида ўтган учрашувга Британия ва Франция ташаббускорлик қилди. Унда 30 та давлат вакиллари иштирок этди. Британия мудофаа вазири Жон Ҳили қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва Россияга босимни сақлаб қолиш кераклигини таъкидлади.
Коалициянинг асосий мақсади — Украинага ҳужум такрорланмаслиги учун хавфсизлик кафолатларини таъминлаш.
Британия ва Франция кўп марта таклиф қилган тинчликпарвар миссия жойлаштириш ғояси ҳам муҳокамадан ўтди. Келгуси чоралар юзасидан маслаҳатлар давом этмоқда.
Туркия: Москва ва Киев йўқотишлар миқёсини англамаяпти
Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг айтишича, Россия ва Украина жанглардаги йўқотишлар миқёсини тўлиқ англамаяпти. CNN Türk телеканалига берган интервюсида у ҳар икки томон «ҳарбий чарчоқ» ҳолатига тушганини айтди.
Фидан Туркия тинчлик музокараларида воситачилик қилишга тайёр эканини, аммо бу учун Киев ва Москва ўртасида келишув бўлиши шартлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг иштирокини белгилайдиган «олтин қоида» — тарафларнинг ўзаро розилигидир.
Вазир АҚШнинг позицияси ҳам ўзгарганини қайд этиб, Трамп даврида Вашингтон Россия билан тўқнашувдан сақланиши мумкинлигини айтди. Бу эса дипломатия учун янги имконият яратади.
Фидан Туркия минтақада барқарорликни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
АҚШ ва Россия Истанбулда музокаралашди
АҚШ ва Россия 10 апрел куни Истанбулда ўтказилган музокаралардан сўнг билдирилган таклифларни тезкор ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расман маълум қилди.
Учрашувда икки мамлакат дипломатик миссиялари фаолиятини нормаллаштириш ва ўзаро келишмовчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар банк ва молия хизматларининг узлуксиз амал қилишини таъминлаш, шунингдек, Россиянинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар бюджетига ҳиссаларини ўз вақтида тўлаш бўйича келишувларга эришди.
АҚШ Давлат департаментининг Россия билан Истанбулда ўтказилган музокаралар юзасидан расмий баёнотида айтилишича, икки делегация икки томонлама дипломатик ваколатхоналар учун банк хизматларини барқарорлаштириш бўйича келишувни якунлаш мақсадида ноталар билан алмашди.
Бу масала АҚШ элчихонасининг Москвадаги барқарор фаолиятини таъминлашдаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида қайд этилди. АҚШ Россиянинг маҳаллий ходимларни ёллашга қарши сиёсати бўйича ташвиш билдирди.
Трампнинг қарори Оқ уйни ҳам ҳайратда қолдирди
Доналд Трамп томонидан айрим тарифларни тўсатдан бекор қилиши ҳатто Оқ уй маъмуриятини ҳам ноқулай аҳволга солиб қўйди. Washington Post нашрининг ёзишича, президент бу қарорни ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан, ёлғиз ўзи қабул қилган.
Трампнинг сўзларига кўра, у «юракдан келиб чиққан» қарорни аввал Truth Social’да эълон қилган. Ҳолбуки, шу кун эрталаб унинг маъмурияти тарифлар ўзгармаслигини таъкидлаётган эди. Бироқ тушга яқин Трамп позицияни кескин ўзгартирди: Хитойга божлар сақланиб қолди, бошқа давлатлар учун эса 90 кунлик танаффус жорий этилди.
Бу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой импортига жами божларни 145 фоизгача кўтарди. Трамп маъмурияти буни Пекиннинг «қабул қилиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари»га иқтисодий жавоб деб атади.
Бошқа давлатларга янги божлар вақтинча тўхтатилди, аммо Хитойга нисбатан чоралар тўлиқ кучга кирди.
Трампнинг 90 кунлик танаффус тўғрисидаги сўзларидан кейин бироз тин олган бозорлардаги пасайиш, яна қулашга тушди. Биргина шу оралиқдаги зарар 2 трлн долларга баҳоланмоқда.
Маскнинг Оқ уйдаги кунлари саноқли
Илон Маск 30 майгача Доналд Трамп маъмуриятидан кетиши мумкин. Axios ёзишича, Конгрессдаги 77 нафар демократ президентга мурожаат йўллаб, Маскни барча давлат вазифаларидан зудлик билан озод этишни талаб қилган.
Асосий баҳона — қонун талаблари: махсус давлат ходими сифатида Маск лавозимда 130 кундан ортиқ бўла олмайди. Демократлар унинг қайта тайинланиши фақат компанияларидан воз кечиш ва камида бир йиллик танаффусдан сўнг мумкинлигини таъкидламоқда.
Маскка қарши кампания сиёсий ва ҳуқуқий босим билан давом этмоқда.
Бу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Илон Маск унга аслида керак эмаслиги, шунчаки бу йигитни ёқтириши»ни айтди.
АҚШда мигрантларга кунлик 998 доллар жарима
АҚШда ноқонуний мигрантлар учун кунлик 998 доллар миқдорида жарима тайёрланмоқда. Доналд Трамп маъмурияти 1996 йилги қонунни қайта ишга туширмоқчи — у 2018 йилда қисман қўлланганди, энди эса охирги 5 йил учун орқа сана билан ишлатилиши мумкин.
Reuters’га кўра, айрим мигрантлар бунинг оқибатида 1 млн доллардан ортиқ қарзга ботиши мумкин. Агар тўлов амалга оширилмаса, ҳукумат уларнинг мулкини мусодара қилиб, сотишни режалаштирмоқда.
Ушбу жараённи чегара божхона хизмати ва Адлия вазирлиги амалга оширади. Республикачилар бу орқали депортацияларни янада кучайтиришни мақсад қилган. АҚШда айни дамда 1,4 миллиондан ортиқ ноқонуний мигрант борлиги айтилмоқда.
Юристлар бу санкциялар қонуний яшовчи одамларга, хусусан, аралаш оилаларга ҳам таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. АҚШда шундай 10 миллионга яқин оила бор.
АҚШ TikTok’ни сотиб олишдан воз кечди
АҚШ маъмурияти TikTok’ни сотиб олиш режасини бекор қилди. Fox Business маълумотига кўра, бу масала яқин келажакда эҳтимолли эмас, балким умуман кун тартибидан чиқарилган. Сабаб — Хитой билан кескинлашган савдо урушидир.
Президент Доналд Трамп бу қарорни тасдиқлаб, TikTok’ни сотиш масаласи икки давлат ўртасидаги савдо низоси ҳал қилинмагунча музлатилганини билдирди. Унга кўра, яхши ва бой компаниялар бу платформани бошқаришга тайёр, аммо Хитой ҳозирча келишув имзолашга шошилмаяпти.
«Аввало, Хитойнинг нима қилмоқчи эканини кузатишимиз керак», — деди Трамп Оқ уйдаги суҳбатда.
Бу қарор TikTok атрофидаги сиёсий тортишувларни янада чуқурлаштириши мумкин.
Мавзуга оид

14:26 / 12.04.2025
Мисрдан узилаётган Ғазо, Трампнинг Россияга чақириғи ва «Бож уруши»да чекинмаётган Хитой — кун дайжести

13:43 / 10.04.2025
Ғазода истеҳкомлар қураётган Исроил, Украинада янги ҳудудларга ҳужум бошлаган Россия ва Хитойга 125 фоизли бож жорий этган Трамп — кун дайжести

13:37 / 09.04.2025
Тел Авивдаги намойишлар, Эрон ва АҚШнинг ядровий музокараси ва АҚШдан Хитойга 104 фоизли бож — кун дайжести

12:58 / 08.04.2025