Пойтахтнинг Қорасарой кўчасида дарахтлар кўчирилмоқда. Агротехник талаблар бузилган
Қорасарой кўчасининг Абдулла Қодирий кўчасидан Нурафшон кўчасигача бўлган қисмида туннел қурилиши муносабати билан йўлнинг икки четидаги дарахтлар кўчирилмоқда, касаллангани айтилаётган 61 туп дарахт эса кесиляпти. Экология вазирлиги масъуллари Kun.uz билан суҳбатда кўчириш ишлари давомида агротехник талаблар бузилганини маълум қилди.
Тошкентнинг Олмазор туманида, шаҳарнинг тарихий қисмида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази охирги қурилиш босқичига кирди. Энди марказ атрофи ўзгача кўринишга келтирилиб, янги объектлар қурилиши, инфратузилма янгиланиши ва пардошлаш ишлари олиб бориляпти.
Шу кунларда лойиҳа доирасида Қорасарой кўчасининг Абдулла Қодирий кўчасидан Нурафшон кўчасигача бўлган қисми туннелга алмашиши маълум бўлди. Биринчи босқичи сентябргача битиши айтилаётган туннелда автомобиллар ҳаракатланади, унинг устки қисми – ҳозирги тўрт қаторли йўл эса мажмуа олдидаги майдонга қўшиб юборилади ва ҳудуд аҳоли ва сайёҳлар учун дам олиш, сайр қилиш масканига айлантирилади.
Туннел қурилиши туфайли йўлнинг икки четидаги манзарали ва бошқа турли дарахтлар кўчирилмоқда. Касалланган деб топилган айрим дарахтлар эса кесиляпти.
Экология вазирлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, бу ердаги 211 туп дарахт (улардан 65 таси қарағай) ўрганилиб, улардан 138 тасини кўчиришга (шу жумладан, қарағайларнинг барчасини), 61 тасини касаллангани сабабли санитария мақсадида кесишга, 12 тасини (олчалар ва Aylantus дарахти) тўлов эвазига кесишга рухсат берилган.
Kun.uz мухбири ҳудудга етиб борганида 3 туп қарағай аллақачон агротехник талабларга мос бўлмаган тарзда кўчирилгани, яна 3 туп терак кесилиб, бир туп қарағай буталанганига гувоҳ бўлди.
Экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев воқеа жойида мухбиримиз билан суҳбатда кўчириш вақтидаги агротехник талаблар бузилганини тасдиқлади.
“Фуқаролардан бўлган мурожаат асосида келдик. Кўрдикки, дарахтларни қатор агротехник талаблар бузилган ҳолда кўчириш амалга оширилаётган экан. Бу ерга ҳудудий масъул инспекторларни жалб қилдик. Бундан буён ҳар бир кўчириш жараёни норматив талаблардан келиб чиқиб, ҳудудий экология инспектори иштирокида бўлади. Агар яна агротехник талаблар бузиладиган бўлса, жазо чораси кўрилади.
Агар лойиҳани ўзгартириш имконияти бўлса, максимал даражада ҳали ҳам бўлса дарахтларни сақлаб қолиш масаласини қўйяпмиз. Аммо охирги қарорни биз қабул қилмаймиз. Биз ўз таклифларимизни бердик. Ҳозир кўчирилган дарахтлар яшаб кетиши эҳтимоли паст, чунки дарахтлар уйғониб бўлган”, – дейди Кушербаев.
Олмазор тумани Экология бошқармаси бўлим бошлиғи Нодир Қодиров соғлом дарахтлар кесилмаётганига ишонтирди.
“Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳудуддаги дарахтлар дендролог тавсиясига биноан танасига ва шох қисмига зарар етказмаган ҳолатда кўчириш ишлари олиб бориляпти. Ҳар хил зараркунанда, бактериал касалликка чалинган дарахтларни қонунда белгиланган тартибда, тўлов эвазига кесиш ишлари олиб бориляпти. Соғлом дарахтлар кесилмаяпти, фақатгина авария ҳолатидаги ва зараркунандалар шикаст етказган дарахтлар кесиляпти. Дарахтлар кесишга рад жавоби берилган, хулосада кўчириш тавсия қилинган”, – дейди туман экология масъули.
Расмийлар айнан нечта дарахтни кўчиришга, нечтасини кесишга рухсат берилганини очиқламади.
Мавзуга оид

18:17
Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси реставрация қилинади

11:56
Тошкентнинг айрим ҳудудларида 4 кун давомида электр энергиясида узилишлар кузатилади

09:54 / 14.04.2025
Тошкентдаги кўчалардан бирида автомобиллар ҳаракати вақтинча чекланади

21:51 / 11.04.2025