Жамият | 11:17 / 01.08.2025
5853
7 дақиқада ўқилади

Кўча ўртасига панжара: бу қанчалик тўғри?

Тошкентда пиёдалар йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтмаслиги учун кўча ўртасига темир панжаралар ўрнатилмоқда. Бунинг учун ҳозиргача қарийб 8,4 млрд сўм ажратилди. Хўш, шаҳар аҳолиси ва мутахассислар бунга нима дейди? Қаршилар ҳам, қўлловчилар ҳам бор, лекин кўпчилик бир фикрда якдил: Тошкентга светофор билан жиҳозланган пиёдалар ўтиш жойлари етишмайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 21 июл кунги қарори билан, йўллар ўртасига темир панжаралар ўрнатиш учун яна 6,9 млрд сўм маблағ ажратди.

Қарорда бу панжаралар айнан қайси туманларда, қайси кўчаларда ёки қанча масофада ўрнатилиши ва бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Пойтахт раҳбари аввалроқ, 20 май кунги қарорида ҳам йўллар ўртасига темир панжаралар ўрнатиш учун қарийб 1,5 млрд сўм ажратган эди. Бу маблағ эвазига 10 та туман ҳудудида жами 5,6 км масофада йўллар ўртаси тўсилиши кўзда тутилган. Энг кўп Олмазор туманида 1 км, Яккасаройда 850 м, Чилонзорда 700 м, энг ками Сергелида эса 250 м, Яшнободда 300 м масофада панжара ўрнатилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 20 май кунги қарорда шаҳар бўйлаб 42 та жойда қавариқ (йўл сатҳидан бўртиб чиққан) пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш учун 588 млн сўм ажратилган.

Ҳужжатларда кўрсатилишича, темир панжаралар ва қавариқ “зебра”лардан мақсад – пиёдалар иштирокидаги автоҳалокатларнинг олдини олиш. Аммо, қавариқ пиёдалар ўтиш жойларидан фарқли равишда, темир панжаралар масаласида фикрлар хилма-хиллиги анча кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Kun.uz бу борада аҳоли вакиллари ва мутахассислар фикрига қулоқ тутди.

Шаҳар кўчаларида ўтказилган ижтимоий сўровда, респондентларнинг айримлари кўчалар ўртасига темир панжаралар қўйилишини қўллаб-қувватлади. Улар шу билан пиёдалар хавфсиз, ҳайдовчилар ҳам хотиржам бўлишини айтмоқда. Лекин қарши фикрлар салмоғи кўпроқдек. Хусусан, кўплаб ватандошлар пиёдалар ўтиш жойларини кўпайтириш керак деб ҳисоблайди.

“Ҳамма жойни панжара қилиш керакмас, ора-орасини одамлар ўтиши учун очиб қўйиш керак-да. Кўп жойларда айланиб келиш жуда узоқ йўл босишни талаб қилади. Ипподром йўлини кўрсангиз, одамлар панжарадан ҳам ошиб ўтади”, – дейди суҳбатдошлардан бири.

“Бунақа тўсиқлар аввал ҳам қилинганди, лекин самара бермагани учун олиб ташланган. Бу ечим бўла олмайди”, – дейди бошқа бир ҳамшаҳар.

Бир нечта респондент айнан тугмали светофорлар билан жиҳозланган пиёдалар ўтиш жойларини кўпайтиришга чақирди. Сўровда, шунингдек, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўлда ҳаракатланиш маданиятини оширишга чақирганлар ҳам бўлди.

Пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан ўтишини чеклаш учун йўллар ўртасига тўсиқ ўрнатиш бўйича аввалги тажрибаларни Kun.uz билан суҳбатда шаҳарсоз Темур Аҳмедов ҳам эсга олди.

“Панжара қўйилди, бузилди. Халқ пули исроф бўлганди, десак ҳам бўлади, у пайтда шаҳарнинг бош режаси йўқ эди.

Одамларга ҳар куни кўринадиган нарса қилганда, одамлар тушуниши керак: нима учун бу қилиняпти? Агар бу каттароқ режанинг бир қисми, 25-30 йилга ўйланган режа бўлса, шуни одамларга тўғри етказиб бериш керак”, – дейди у.

Шаҳарсозга кўра, фақат чеклаш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди.

“Одам бекордан бекорга кўчанинг нариги томонига ўтмайди. Дўконга бориши ёки бекатга ўтиши керак. Демак, унга ўтишга имкониятлар яратиб бериш керак, қулай бўлиши керак. Одамлар доим қулайлик қидиради.

Шаҳаршуносликда дизайннинг марказида инсон туриши керак, деган ёндашув бор. Масалан, Оқтепа чорраҳасида пиёдалар ер усти кўприги қилинган, лекин одамлар унинг тагидан югуриб ўтади. Бугун мана, битта одам қоқилди, вақтида турди, улгурди, чунки машина узоқда эди. Одамларга энг қулайи – асфалт юзасидан ўтиш, чунки 3-қаватга чиқиш, пастга тушиш ноқулай. У ерда лифт ёки эскалатор йўқ. Оддийгина “зебра” ташкил қилиб, светофор қўйиб берсангиз бас, одамлар ўтаверди.

Панжаранинг асосий вазифаси – одамларга ноқулайлик яратиш. Нотўғри ишни қилишга ноқулайлик яратиш билан бирга, тўғри йўл тутишга қулайлик яратишингиз ҳам керак. Фақат битта томонини қилсангиз, у ечим бўлмайди. Масалан, Ўрикзор бозори қаршисида одамлар ҳатто қўлида юки билан ҳам кўчадан югуриб ўтишга ҳаракат қилади. У ерга панжара қўйишди, олиб ташлашди, яна қўйишди; одамлар панжарада тешиклар ҳам қилиб олди. Чунки у ерда фақат битта ерости ўтиш жойи бор. У ўтиш жойи қулай бўлгани билан, у битта, шунинг учун узоқлик қилади.

Ёки “Riviera” савдо марказининг қаршисидаги йўл. Кўчанинг нариги томонида жуда кўп аҳоли яшайди. Улар йўлдан ўтиш учун светофоргача юриб бориб, айланиб келиши керак. Одамларнинг кўпи белгиланмаган жойдан, савдо марказининг рўпарасидан шунчаки югуриб ўтади. Мен ҳам югуриб ўтганман. Чунки ноқулай, сиз 400 метр нарига боришингиз керак”, – дейди Темур Аҳмедов.

Ўзбекистон Йўл ҳаракати хавфсизлиги жамияти раиси Шарофиддин Ҳамзаевнинг сўзларига кўра, темир панжаралар ўрганишлар асосида фақат айрим участкаларда қўлланилса, фойдали бўлиши мумкин.

“Айрим кўчаларга керак, лекин айримларига керак эмас. Қарорда эса панжаралар қаерларга ўрнатилиши, ўзи қанақа панжара бўлиши келтирилмаган. Бу нарсалар ҳам очиқланса, мақсадга мувофиқ бўларди”, – дейди Ҳамзаев.

Мутахассис Беруний ва Нурафшон кўчаларини мисол қилиб келтириб, аҳоли гавжумлигига қарамай, бу кўчаларда пиёдалар ўтиш жойлари бир-биридан ҳаддан ташқари узоқлигини айтди.

“Нурафшон кўчасида йўл ўртасига тўсиқ ўрнатилган. Ундан олдин бахтсиз ҳодисалар кўп бўлган. Лекин бундай олиб қарасак, пиёдалар ўтиш жойи бир-биридан узоқ”, – дейди Шарофиддин Ҳамзаев.

Эслатиб ўтамиз, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида аҳоли мурожаатларини қабул қилиш учун электрон портал ишга туширилиши кутилмоқда. Бу порталда аҳоли қаерга белги, чизиқ, пиёда йўлаги ва светофор кераклиги борасида таклиф киритиши, киритилган таклифларга овоз бериши, қилинган ишларнинг фото-видеоларини кўриб, баҳо бериши кўзда тутилган.

Мавзуга оид