«Ўлим зонаси» яратаётган Исроил, Кремлдан оташкесим учун шартлар ва божлар заруриятини тушунтирган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроил ҳаво ҳужумларининг навбатдаги қурбонлари
Исроил армиясининг Ғазодаги навбатдаги ҳаво ҳужумлари оқибатида 27 фаластинлик ҳалок бўлди. Дайр-ул-Балаҳ ва Хон Юнусдаги турар жой бинолари вайрон қилинган. Ўлганлар орасида болалар ҳам бор.
Дайр-ул-Балаҳ ва Хон Юнус шаҳарларидаги зарбалардан бири Носсир шифохонаси ёнида жойлашган журналистлар лагерига тўғри келган. Ҳужум оқибатида фаластинлик журналист Ҳилми ал-Фақавий ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, у чодир ичида тириклай ёниб кетган. Яна тўққиз нафар журналист жароҳатланган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 18 мартдан буён қайталанган агрессия оқибатида 505 бола ҳалок бўлган, 1249 бола яраланган. Ҳужумлар вақтида 271 аёл ва 86 қария ҳам ҳалок бўлган.
7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиётлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 50 752 нафарга етди. Одамлар турар жойлари ва ҳаёт кечириш учун зарур нарсаларидан маҳрум бўлган. Ғазода ўлдирилган журналистлар 210 нафарни ташкил қилмоқда.
Исроил Ғазода «ўлим зонаси» яратмоқчи
Исроил армияси Ғазо атрофидаги кенг ҳудудни вайрон қилиб, у ерда яшаган барча аҳолини чиқариб юборди. Guardian нашрига кўра, бу ҳудудда ҳар қандай инсон кўзга ташланса, унга қарата ўқ узиладиган «ўлим зонаси» ташкил этилмоқда.
Ҳарбийлар 1 кмгача ички ҳудуддаги барча уйларни, боғлар ва бино-иншоотларни йўқ қилмоқда. Бу орқали яқинлашиб бўлмайдиган буфер ҳудуд яратиш кўзланган. «Breaking the Silence» ташкилоти маълум қилишича, ҳарбийларга уйлар, мактаблар, масжидлар ва ҳатто қабристонларни ҳам текислаш буйруғи берилган.
Айрим аскарлар бу ҳаракатларни этник тозалаш деб баҳолаган. Исроил аскарларининг гувоҳлик беришича, бу ҳудудда «фуқаролар йўқ» деб ҳисобланган ва ҳар қандай одам «террорчи» сифатида ўққа тутилган. Ҳатто аёл ва болаларга нисбатан ҳам ўт очиш буйруғи берилган.
Бу орада Исроил ултраўнг миллатчи молия вазири Бецалел Смотрич Ғазога ҳеч қандай ҳуманитар ёрдам киритилмаслигини маълум қилди: «Ҳатто бир дона буғдой дони ҳам Ғазога кирмайди», — деди у.
2 март куни асирлар алмашинувининг биринчи босқичи тугаганидан сўнг Исроил эксклавга ёрдам етказишни тўлиқ тўхтатган. БМТ агентликлари маълумотича, Ғазодаги 2,3 млн фаластинлик аҳоли очарчилик ёқасида турибди.
Кремлдан оташкесим учун шартлар
Россия Украинада ўт очишни тўхтатишга тайёр, аммо хавфсизлик билан боғлиқ қатор шартлар илгари сурилмоқда.
Кремл расмийси Дмитрий Песковнинг айтишича, Москва Киев армиясининг қайта қуролланиши ва экстремистик гуруҳлар устидан назоратнинг йўқлигидан ташвишда. Унга кўра, Украинадаги айрим миллатчи тузилмалар Киев буйруғини инкор этмоқда.
Кремл тинчлик кераклигини тан олса-да, Россиянинг миллий манфаатлари кафолатланиши шартлигини таъкидламоқда. АҚШ таклиф этган 30 кунлик оташкесим режасига Украина рози бўлди, аммо Россия томони “нюанслар” борлигини айтди.
Айни пайтда, Қора денгиздаги навигация хавфсизлиги ва энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича келишувга эришилган. Бироқ томонлар бир-бирини келишувни бузишда айблашда давом этмоқда.
Россия нефти ўз қийматининг 25 фоизини йўқотди
Россия нефти Urals нархи бир баррелига 50 доллар атрофига тушиб кетди. Бу давлат бюджети учун асос қилиб олинган 70 долларлик кўрсаткичдан анча паст.
Шунингдек, 50 долларлик нефт Украинадаги уруш бошланганидан буён қайд этилган энг паст нархлардан бири саналади. Bloomberg маълумотига кўра, Приморск портидаги юклаш нархи баррелига 52,76 долларга тушмоқда. Умуман, нарх ўрнатишда эталон сифатида ишлатиладиган Brent маркали нефтнинг нархи ҳам 12,5 фоизга пасайиб, баррелига 65,5 долларни ташкил этмоқда.
Бундай нарх пастлаши оқибатида Россия бюджетида 1 фоизгача тақчиллик вужудга келиши мумкин. ING таҳлилчиларига кўра, глобал рецессия хавфидан чўчиш оқибатида нефтга бўлган талаб кунига 1 млн баррелгача пасайиб кетиш эҳтимоли бор.
Трамп Хитойга янги 50 фоизлик бож солмоқчи
Дунёда қайноқ уруш билан бирга савдо урушлари ҳам авж олмоқда. Энди шу ҳақда энг асосий янгиликларга ўтамиз.
АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой 8 апрелгача 34 фоизлик жавоб божларини бекор қилмаса, 9 апрелдан 50 фоизлик янги божлар жорий этилишини эълон қилди. Бу ҳолда Хитой импорти учун умумий божлар 104 фоизга етади.
Трамп божлар масаласида Пекин билан музокаралар ўтказмаслигини таъкидлади. Айни пайтда у бошқа давлатлар билан бож сиёсати юзасидан музокаралар «дарҳол» бошланишини билдирди, лекин қайси давлатлар экани аниқ эмас.
Трамп Хитойни «ноқонуний субсидиялар, валюта манипуляцияси ва узоқ муддатли бож сиёсати»да айблайди. Унинг таъкидлашича, АҚШ ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча чоралар кўради.
Хитой эса АҚШ бож сиёсатига жавоб тарифи билан жавоб қайтарганини ва халқаро савдо қоидалари бузилганини таъкидлаб келмоқда.
Трамп божлари бозорларни қулатмоқда
АҚШ Президентининг барча давлатларга бож жорий этиш қарори жаҳон бўйлаб танқидларга сабаб бўлди. Фонд бозорларида индекcлар кескин тушиб кетди, нефт нархлари пасайди. Экспертлар Трампнинг янги бож сиёсати глобал иқтисодиётда қўрқувни ошириб, дунёни рецессия ёқасига олиб келаётгани, глобал инфляция кучайиши ва иқтисодий ўсиш секинлашишидан огоҳлантирмоқда.
S&P 500 индекси фючерслари 5000 пунктдан пастга тушди ва февралдаги юқори нуқтадан 20 фоизга пасайди. Nasdaq 100 эса бу ҳолатга жума куниёқ юзма-юз келган.
Учинчи кунга келиб S&P 500 12,5 фоиз қийматини йўқотди — бундай қулаш сўнгги марта 2008 ва 1987 йилларда кузатилган эди.
Tesla акциялари 7 апрель куни 10 фоиздан ортиқ пасайиб, 214,80 долларга тушди. Бу тарихий пастлаш бўлиб, Bloomberg агентлигига кўра, психологик нуқтадан ҳам пастга қулашни англатади.
Tesla акциялари аввалроқ Трампнинг сайловда ғалабаси ортидан кескин ошганди, аммо Илон Маскнинг сиёсий баёнотлари ҳамда Хитой бозоридаги ишончсизлик талабга салбий таъсир кўрсатди.
Экспертлар фикрича, Хитой истеъмолчилари аллақачон маҳаллий машиналарни афзал кўришни бошлаган. Бир қатор хорижий автоишлабчиқарувчилар ҳам АҚШга автомобил экспорт қилишдан тийила бошлаган.
Трамп божлар нега кераклигини тушунтирди
АҚШ президенти Доналд Трамп савдо божлари туфайли фонд бозорида юз берган пасайишларни изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, унинг нияти бозорларни қулатиш бўлмаган, бироқ иқтисодий мувозанатни тиклаш учун айрим чораларга зарурият бўлган.
Трамп 6 апрель куни ўз самолёти саҳнида интервю бера туриб, киритилаётган божларни Хитой билан савдо дефицитини бартараф этиш воситаси сифатида тарғиб қилди. Унга кўра, АҚШ ҳар йили юз миллиардлаб доллар йўқотмоқда, токи Пекин профицитни йўқотмас экан, музокаралардан манфаат бўлмайди.
Илон Маск эса бу сиёсатга қарши чиқиб, АҚШ ва Европа ўртасида эркин савдо ҳудуди яратишни таклиф қилди. Унингча, барча божлар бекор қилиниши керак.
2 апрелда эълон қилинган «ўзаро божлар» ортидан S&P 500 индекси икки кун ичида 10 фоизгача қулади. Бу сўнгги 85 йилдаги энг тез пасайишлардан бири ҳисобланди.
Евроиттифоқ Трампга 15 апрелда жавоб қайтаради
Европа Иттифоқи АҚШ божларига қарши жавоб чораларини 15 апрелдан амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда Европа Комиссияси вице-президенти Марош Шефчович маълум қилди.
Унга кўра, биринчи босқичдаги божлар айнан шу куни кучга киради, қолганлари эса 15 майдан жорий этилади. Шу билан бирга, Брюссел музокаралар ўтказишга очиқлигини билдирган, бироқ «абадий кутмайди», дейилади баёнотда.
Аввалроқ Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Трампга саноат маҳсулотлари учун барча божларни бекор қилишни таклиф этган, бироқ жавоб олмаганини айтганди.
Европа Иттифоқи энди савдо алоқаларини Ҳиндистон, Таиланд, Малайзия ва Индонезия каби давлатлар билан кенгайтиришни мақсад қилган.
Мавзуга оид

13:23 / 14.04.2025
ҲАМАСнинг омон қолган туннеллари, Суми шаҳрига вайронкор ҳужум ва Байден санкцияларини узайтирган Трамп — кун дайжести

14:26 / 12.04.2025
Мисрдан узилаётган Ғазо, Трампнинг Россияга чақириғи ва «Бож уруши»да чекинмаётган Хитой — кун дайжести

14:26 / 11.04.2025
Ғазони араб дунёсидан узмоқчи бўлаётган Исроил, Трамп қарорларидан ҳайратда қолган Оқ уй ва TikTok харидидан воз кечган АҚШ — кун дайжести

13:43 / 10.04.2025