“Ҳануз Эрдўғандек кучли лидер Туркияда йўқ” - сиёсий таҳлилчи билан суҳбат
Сохта дипломдан бошланган карьера фирибгарлик ва товламачилик билан давом этди ва буни ўтган операция ошкор қилди. Туркия президенти Эрдўған асосий рақиби Имомўғлининг ҳибсга олинишига шундай муносабат билдириб, намойишларни “кўча террори” деб атади. Имомўғлининг ҳибсга олиниши тўлиқ Эрдўған билан боғлиқ эмас, лекин сиёсий сабаблар, албатта, бор. Халқаро сиёсат контексти ўзгараркан, президент яна сайланиш ҳаракатида, дейди Kun.uz билан суҳбатлашган сиёсий таҳлилчи Жавит Туркўғли.
Акром Имомўғли ҳибсга олинаркан, у фирибгарлик, товламачилик, давлат тендерларини коррупция орқали таниш-билишларга сотиш ҳамда терроризмга ҳомийликда айбланди. Мэрнинг қўлга олиниши Имомўғлининг университет дипломи бекор қилинишидан бир неча кун ўтиб, мухолиф партиянинг президентликка номзоди деб эълон қилинишидан эса бир неча кун аввал содир бўлди. Табиийки, ҳам мухолифат, ҳам жамоатчилик бунда Эрдўған ва унинг жамоасини айблади.
Туркия адлия вазирлиги Имомўғлининг ҳибсга олинишини президентга боғлаганларни “ҳаддини билмаганлар” деб атаб, ҳукуматнинг бу ишда қўли йўқлигини уқтирмоқда.
Туркиялик таҳлилчи, Эрон ва Марказий Осиёни яқиндан ўрганган сиёсатшунос Жавит Туркўғлининг Kun.uzʼга айтишича, Истанбул мэри аслида ҳам кўп можароларга ўралашиб қолганди. Аммо бу масаласининг сиёсийлашуви омилини рад этмайди. Яъни унинг қамоққа ташланиши Эрдўған манфаатларига мос келади, бироқ Имомўғлининг ҳозирги статуси бунга бемалол шароит яратган. Ҳукумат эса оловга мой сепди, чунки у асосий сиёсий рақиб эди, дейди Туркўғли.
“Шубҳам бор, яъни ҳаммаси Эрдўғаннинг ва ҳукуматнинг режаси деёлмайман. Акром Имомўғли Истанбул мэри бўлишидан аввал Бейликдузу шаҳри ҳокими эди ва ўшанда ҳам унга нисбатан қатор суд ишлари очилган. Аммо ҳозирги иш сиёсийлаштирилди” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи
Маълум бўлишича, Акром Имомўғлининг Истанбул университетидан олган дипломи сохта эканини унинг партиясидагилар ҳам тасдиқлаган.
“Бу ишга ҳукумат аралашмади, партияга яқин бир журналист буни фош қилди. Имомўғли Кипрдаги бир оддий ва таниқли бўлмаган университетдан Истанбул университетига ноқонуний ўқишини кўчирган. Нафақат у, ўша йилда ўқишини ноқонуний кўчирган барчанинг дипломи бекор қилинди” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи
Якшанба, 23 март куни Республика халқ партияси ҳибсда бўлса-да, навбатдаги сайлов учун Акром Имомўғлини номзод қилиб кўрсатди. Партия праймеризларида 15 миллиондан ошиқ турк фуқаролари қатнашган, улардан 13.2 миллиони Имомўғли номзодини қўллаб-қувватлаган. Бироқ сиёсатшунос Имомўғли номзод бўлолмаслигини гапирди.
“Акром Имомўғли можароси ҳали узоққа чўзилади, у қамоқда узоқ муддат қолади. Партия раҳбари Ўзгур Ўзел ҳам Имомўғли ўрнига бошқа номзод берилиши ҳақида гапира бошлади. Мухолифат нима қилиб бўлмасин, Эрдўғаннинг ҳокимиятига нуқта қўймоқчи. Бунда ҳибсдаги Имомўғлининг сайловда номзод бўлиш фарази жуда заиф” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи
Ғарбнинг асосий мухолиф вакил ҳибсга олинганига муносабати салбий, лекин норозилик жиддий эмас. Германия ва Франция ташқи ишлар вазирликлари Евроиттифоқдаги асосий икки давлат сифатида хавотирини билдирган. Берлин ва Париж наздида Туркиядаги демократия хавф остида. Бироқ АҚШда Трампнинг ҳокимиятга келиши ва Европага “текинтомоқлар” деган ракурсдан қараши, Украина уруши бўйича Вашингтон позициясининг ўзгариши фонида Евроиттифоққа Анқара керак. Шунинг учун ўта қаттиқ муносабатлар бўлмади.
“Ўзингиз айтганингиздек, дунёда сиёсат ўзгарди. Америка Байден давридаги Америка бўлганида, балки вазият бошқача бўларди. Трампнинг ҳокимиятга келиши, Украина масаласи ва Сурия контекстида ҳозирги Туркия ҳамда унинг роли муҳим. Ҳозирги ҳукуматга бу қўл келяпти” – Жавит Туркўғли, сиёсий таҳлилчи.
Бир неча йиллар аввал Эрдўғанни қўллаб кўчага чиққан турклар бугун ундан норози бўлиб йиғилмоқда. Лекин аҳолининг ёши катта ва кекса, диндор, ташқи сиёсатни биринчи ўринга қўядиган қатлам вакиллари учун Эрдўған ҳали-ҳануз асосий сиёсий фигура бўлиб қолмоқда. Бугун Туркияда Эрдўғандан кучлироқ, сиёдий иродаси бақувватроқ ва ташқи сиёсатда дадил лидер йўқ, дейди суҳбатдошимиз.
Суҳбатнинг тўлиқ вариантини Kun.uzʼнинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Leapmotor автомобилларининг Ўзбекистонга импорти чеклангани юзасидан изоҳ берди
Ўзбекистон | 15:52 / 11.04.2025
“Яқин кунларда рекорд иссиқлик тўлқини кутилмоқда” – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 13:00 / 10.04.2025
Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамоққа олинди
Жамият | 09:52 / 10.04.2025
Хитой ўз фуқароларини АҚШга бормасликка чақирди
Жаҳон | 22:59 / 09.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Reuters: Трампнинг махсус вакили Оқ уйга Кремлнинг позициясини етказди
Жаҳон | 01:04
-
Россияда туғилиш даражаси сўнгги 200 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди
Жаҳон | 00:32
-
3D-принтер ёрдамида босилган темирйўл станцияси олти соат ичида қурилди
Фан-техника | 00:20
-
Сурхондарёда судяга 1000 доллар пора таклиф қилган адвокат ушланди
Ўзбекистон | 23:16 / 11.04.2025
Мавзуга оид

18:19 / 09.04.2025
Ўзбекистон фуқаролари Туркияда яшаш учун рухсатнома эгалари орасида етакчилар қаторида

17:01 / 08.04.2025
Эрдўған мухолифат партияси етакчисини судга берди

14:50 / 07.04.2025
Туркия мухолифати Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишларни давом эттиради

14:15 / 07.04.2025