Жаҳон | 07:31 / 26.07.2025
1078
2 дақиқада ўқилади

ЕИ-Хитой саммити: Брюссел Пекинни Россияга таъсир ўтказишга чақирди

Европа Иттифоқи яна бир бор Хитойни Украинадаги урушни тугатиш учун Россияга таъсиридан фойдаланишга чақирди.

Фото: REUTERS

Пекинда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи-Хитой саммитида Европа Иттифоқи кенгаши раиси Антониу Кошта Хитойни Украинадаги урушни тугатишга ёрдам бериш учун Россияга таъсиридан фойдаланишга чақирди, деб хабар қилди AFP. «Биз Хитойни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида Россияга таъсиридан фойдаланишга чақирамиз», деди Кошта Хитой раиси Си Жинпингга мурожаат қилиб.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен саммитда Европа Иттифоқи ва Хитой муносабатларини қайта кўриб чиқишга чақирди. «Ҳамкорлигимиз чуқурлашгани сари номутаносибликлар ҳам кучайди. Биз бурилиш нуқтасига етдик. Икки томонлама муносабатларимизни қайта кўриб чиқиш жуда муҳим», — деди у ўтган йили рекорд даражада 305,8 миллиард еврога етган Европа Иттифоқининг савдо камомадига ишора қилиб.

Европа Иттифоқи ва Хитой «ўз ташвишларини тан олишлари ва ҳақиқий ечимларни таклиф қилишлари керак», деди фон дер Ляйен.

Си Жинпинг бунга жавобан ЕИни «тўғри стратегик қарорлар» қабул қилишга чақирди. Бу Брюсселнинг Пекинга нисбатан тобора кескинлашиб бораётган позициясига яширин танқид сифатида қаралди, дея хабар беради Reuters. Шу билан бирга, Си Жинпинг таъкидлаганидек, ҳар икки томон ўзаро келишмовчиликларга қарамай «умумий тил» топа олади.

Мавзуга оид