Жаҳон | 23:10 / 25.07.2025
5758
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда мавжуд бўлмаган давлатлар элчиси қўлга олинди

У ўзини ғайриоддий номлар - «Себорга» ва «Вестарктика» давлатларининг «элчиси» ёки «элчи маслаҳатчиси» сифатида таништирган ва одамларни ишга юборишини айтиб, пулларини ўзлаштирган.

Ҳиндистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзини сохта давлатлар элчиси сифатида таништириб, фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, уларни алдаган 47 ёшли эркакни қўлга олди, деб хабар берди Deutsche Welle.

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи Харшвардхан Жайн ўз фаолиятини Ню-Деҳли чеккасидаги ижарага олинган ҳашаматли уйда олиб борган. Терговчиларнинг маълум қилишича, у ўзини ғайриоддий номлар - «Себорга» ва «Вестарктика» давлатларининг «элчиси» ёки «элчи маслаҳатчиси» сифатида таништирган. Аслида бундай давлатлар йўқ, улар харитада ҳам йўқ ва ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган. Жайн одамларга «дўстона мамлакатларда» алоқалари борлигини ва чет элда яхши иш топишга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.

Полиция маълумотларига кўра, у ишончли кўриниш учун сохта ҳужжатлар, муҳрлар, байроқлар ва ҳатто жаҳон етакчилари билан тушган фотосуратлари жойланган сохта «элчихона» яратган. Унинг уйи олдида сохта дипломатик рақамли қимматбаҳо машиналар турган. Полиция уйдан сохта паспортлар, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа сохта давлатлар герблари туширилган ҳужжатларни топган.

Бундан ташқари, тинтув чоғида Жайндан 4,5 миллион рупийга яқин нақд пул (тахминан 660 миллион сўм) ва хорижий валюта мусодара қилинган. Терговчиларнинг фикрича, у хориждаги сохта компаниялар орқали пул ювган бўлиши мумкин.

Оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Жайн бадавлат оилада туғилган, Ҳиндистон ва Лондонда бизнесни ўрганган. У полиция эътиборига биринчи марта тушаётгани йўқ: 2011 йилда у тақиқланган сунъий йўлдош телефонидан фойдалангани учун ҳибсга олинганди.

Ҳозир унга ҳужжатларни қалбакилаштириш, фирибгарлик ва мансабдор шахс мақомини ноқонуний ўзлаштириш бўйича айбловлар қўйилган. Полиция терговни давом эттирмоқда ва унинг ҳаракатларидан қанча одам жабр кўрган бўлиши мумкинлигини аниқламоқда.

Мавзуга оид