Соғлом ҳаёт | 14:33 / 21.07.2025
2670
5 дақиқада ўқилади

Ортиқчаси зарар, ози хавфли: кунлик сув истеъмоли қанча бўлиши лозим?

Инсон организми тўғри ва тўлиқ ишлашида сув муҳим аҳамиятга эга. У ҳужайралар фаолияти, қон айланиши, ҳазм жараёни ва тана ҳароратини мувозанатда ушлаб туради. Сув етишмовчилиги эса мазкур тизимларнинг бузилиши каби турли соғлиқ муаммоларини келтириб чиқаради. Мазкур мақолада кунлик сув истеъмоли, уни қайси пайтда ичиш фойдалироқ бўлиши ҳақида танишишингиз мумкин.

Фото: picture alliance

Кунига қанча сув ичиш керак?

Ҳар бир организмнинг суюқликка талаби индивидуал бўлади. Бу инсоннинг ёши, жинси, жисмоний фаоллиги, иқлим шароити ва соғлиғидан келиб чиқиб белгиланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тақдим этган манбага кўра, инсон кунига ўртача 1,5–2,5 литр (яъни 6–10 стакан) сув истеъмол қилиши лозим.

Айрим ҳолатларда танада сувга бўлган эҳтиёж ортади. Масалан, иссиқ иқлимда яшовчилар, спорт билан шуғулланувчилар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, иситма, ич кетиши ёки қусиш каби ҳолатларни бошдан кечираётган кишилар организмида сув танқислиги тезда юзага келиши мумкин. Бундай вазиятларда танани сувсизлантириб қўймаслик учун қўшимча суюқлик истеъмол қилиш зарур.

Тана сувсизликка тезда реакция билдиради. Чанқаш, оғиз қуриши, бош айланиши, ҳолсизлик, сийдикнинг кам ва тўқ рангда бўлиши дегидрация (сув етишмовчилиги) белгиларидир. Бундай аломатлар сезилса, дарҳол сув ичиб, уни қабул қилиш миқдорини ошириш лозим.

Организм суюқликни фақат тоза ичимлик сувдан эмас, шўрва, мева, сабзавотлар орқали ҳам олади. Масалан, тарвуз, бодринг каби сабзавот-меваларда сув миқдори анчагина юқори бўлади.

Қайси пайтда ичиш фойдали?

Сувни тўғри вақтда ичиш организмга кўпроқ фойда келтиради. Уни қуйидаги вақтларда истеъмол қилиш тавсия этилади:

  • Эрталаб, уйғонишингиз билан: танадаги метаболизм жараёнларини фаоллаштириш учун.
  • Овқатланишдан 30 дақиқа олдин: ҳазм тизимини ишга туширишга тайёрлаш ва иштаҳани назорат қилиш учун.
  • Овқатдан 1 соат кейин: ҳазм жараёнини енгиллаштириш мақсадида.
  • Жисмоний фаолиятдан аввал ва кейин: организмдаги суюқлик мувозанатини тиклаш учун.
  • Ҳар 1–2 соат орасида бир стакан: организмни нам ҳолда сақлаш ва оғиз қуришининг олдини олиш учун.

Айримлар чой, қаҳва ёки газланган ичимликлар орқали сув ўрнини тўлдираман деб ўйлайди. Аслида, бу ичимликлар танадан сув чиқарилишини тезлаштиради. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сувни етарли ичмайдиган инсонлар орасида семириш ва моддалар алмашинуви билан боғлиқ муаммолар кўпроқ учрайди.

Сув етишмаслиги нимага олиб келади?

Сув етишмовчилиги, энг аввало, умумий ҳолсизлик, чарчоқ ва иштаҳа йўқолиши каби енгил белгилар билан бошланиши мумкин. Тана ҳужайралари етарли миқдорда суюқлик билан таъминланмаганида энергия ишлаб чиқариш жараёни сусаяди. Натижада инсон ўзини заиф ҳис қилади, бош оғриғи ва бош айланиши кузатилади.

Сувсизлик мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади: концентрация пасайиши, хотира сустлашуви ва руҳий тушкунлик ҳолатлари юзага келиши мумкин.

Суюқлик овқат ҳазм қилишда муҳим рол ўйнайди. Сув етарли бўлмаганда ич қотиши, қоринда оғриқ ва оғирлик ҳисси пайдо бўлади. Тери қурийди, ялтирашини йўқотади.

Шунингдек, сув етишмаслиги сийдик ажратувчи тизимни шикастлайди. Қон қуюлиб қолади, сийдикнинг концентрацияси ортади, бу эса буйраклар фаолиятининг бузилиши ва тошларнинг ҳосил бўлишига олиб келади.

Қонда суюқлик камайгани сайин юрак-қон томир тизими ҳам оғир ишлай бошлайди: юрак уриши тезлашади, қон босими пасаяди, ҳатто ҳушдан кетиш ҳолатларининг юзага келиш эҳтимоли мавжуд.

Сувсизланиш иммун тизимини ҳам заифлаштиради. Суюқлик етишмаслиги оқибатида организм инфекцияларга қарши курашишда сустлашади, бу тез-тез касалланиш ва тикланишнинг секинлашувига сабаб бўлади.

Узоқ давом этган сувсизланиш эса янада хавфли. Мазкур ҳолат буйрак етишмовчилиги, юрак фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли инсон организмида сув балансини сақлаш ниҳоятда муҳим.

Меъёрдан ортиқ ичиш зарарли

Меъёрдан ортиқча сув истеъмол қилиш натижасида қонда сув миқдори ортиб, натрий моддасининг концентрацияси кескин камаяди. Бу ҳолат тиббиётда гипонатриемия (қондаги туз баланси бузилиши) деб аталади. Натрийнинг камайиши миянинг ҳужайраларини шиширади, бу эса бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, диққат сусайиши ва оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш ёки тутқаноқ каби хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Буйраклар нормал ҳолатда бир соатда ўртача 0,8–1 литр суюқликни филтрлашга қодир. Меъёрдан ортиқ сув ичиш буйракларга ортиқча юк туширади.

Бундан ташқари, кўп сув ичиш натижасида танадан фойдали минераллар: натрий, калий, магний сингари моддаларнинг ҳам сийдик орқали ювилиб кетиш хавфи ортади. Бу мушакларда заифлик, юрак ритмининг бузилиши, умумий чарчоқ ва концентрация муаммоларини ҳосил қилади.

Организмингизга яхши гамхўрлик қилмоқчи бўлсангиз, кун давомида тоза ичимлик сувни меъёрида истеъмол қилишни унутманг. Бу оддий одат соғлом турмуш тарзи томон йўналган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Диёрахон Набижонова тайёрлади. 

Мавзуга оид