Ўзбекистон | 15:04 / 14.07.2025
1995
2 дақиқада ўқилади

2030 йилгача асфалт қилинмаган ички йўл қолмайди — транспорт вазири

Илҳом Маҳкамов сўзларига кўра, 2030 йилгача ички йўлларнинг барчасини таъмирлаш амбицияли мақсад бўлса-да, дастур Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган.

Фото: Қонунчилик палатаси

2030 йилгача маҳаллалардаги барча асфалтланмаган ички йўллар тартибга келтирилади. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 11 июл куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида маълум қилди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров вазирдан маҳаллалар ва аҳоли пунктларидаги йўлларнинг ҳолати ҳақида сўради. Куз-қиш мавсумида фуқаролардан йўлларнинг қониқарсиз аҳволи юзасидан мурожаатлар кўпайиб бораётгани айтилди.

«Маҳалла, қишлоқ ички йўлларида 2030 йилгача асфалт қилинмаган йўл қолмайди. Бу бўйича аниқ дастур бор. Яъни бугунги кунда биз лой, тупроқ йўллари 70 фоизининг айримларини шағалга, айримини асфалтга ўтказдик. Қолган 30 фоизини, умуман, тупроқ йўлларни икки йилда шағалга ўтказамиз ва 2030 йилгача бундай йўлли аҳоли пункти қолмайди. Бу амбицияли мақсад бўлса-да, Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан бирга бўйнимизга олган тизим», деб жавоб берди Илҳом Маҳкамов.

Шунингдек, депутат ички йўлларни маҳаллий ҳокимликлар балансига ўтказиш масаласи турганини қайд этиб, бир туманга қўшимча жамғармадан ташқари 4 миллиард сўм ажратиладиган бўлса, бу йўл инфратузилмасини сақлаш учун етарлими, деб сўради.

Транспорт вазири бунга жавобан, аниқ дастур борлигини, баъзи йўллар Транспорт вазирлиги балансида бўлмаса ҳам, барибир умумий сиёсатни вазирлик юритишини, бюджет параметрларида йўлларни таъмирлаш ишлари учун қўшимча маблағ ажратиш белгиланишини айтди.

Мавзуга оид