Жаҳон | 18:19 / 10.07.2025
4615
2 дақиқада ўқилади

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилишига Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб қилиниши мумкин

Ўзбекистон транспорт вазири лойиҳа доирасида субпудрат ишларини бажариш учун Ўзбекистон корхоналарини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Фото: Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Хитой темирйўллари давлат корпорацияси бош директори Сюде Сун ва Хитой тараққиёт ва ислоҳотлар миллий комиссияси хорижий инвестициялар бўлими бошлиғи ўринбосари Жин Син билан музокаралар ўтказди.

Томонлар, жумладан, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди, шунингдек, ушбу босқичда юзага келаётган масалаларга ҳам тўхталди.

Илҳом Маҳкамов лойиҳа доирасида субпудрат ишларини бажариш учун Ўзбекистон корхоналарини жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди. У Ўзбекистоннинг миллий хомашё базаси ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини, унинг фикрича, бу лойиҳа самарадорлигини ошириш ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча иқтисодий имкониятлар яратишини таъкидлади.

Бундан ташқари, «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» йўналиши бўйлаб юк ташиш ҳажмининг ўсишини ва транспорт оқимларининг фаол ривожланишини рағбатлантириш мақсадида Қашғар станциясига экспорт станцияси мақомини беришни тавсия қилди, бу эса йўналишнинг логистика функционаллигини кенгайтиради ва унинг рақобатбардош устунликларини мустаҳкамлайди.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» лойиҳаси умумий узунлиги 532,53 километр бўлган темирйўл линияси ҳисобланади.

У Хитой ва Ўзбекистон темирйўлларини Қирғизистон ҳудуди орқали боғлайди. Лойиҳанинг мақсади янги «Ипак йўли» транспорт тизимининг бир қисми сифатида Европа темирйўл тармоғи билан боғланишдир. Йўналиш Хитойнинг Қашқар шаҳридан Торугарт назорат-ўтказиш пункти, Арпа водийси (Фарғона тизмаси), сўнгра Қўштепа, Макмал қишлоқлари ва Жалолобод шаҳридан Ўзбекистонга ўтади.

Мавзуга оид